Ҳуқуқ
11.07.2025
100
Журналист кузатуви
Оила – бахт қўрғони, фароғат остонаси, деган гапларнинг сийқаси чиқиб кетди. Бугун нимагадир бу баландпарвоз иборани ишлатгимиз, эшитгимиз ҳам келмай қолди. Негаки, оиланинг қадр-қиммати, муқаддаслиги анча пастга тушиб кетди, меҳр-оқибат, деган тушунчалар анча арзонлашди? Остонаси тиллодан уйлар нега тезгина вайронага айланиб қолди, нега инсон учун азиз бўлган туйғуларнинг баҳоси арзимас чақага тенг бўлиб бормоқда... Нега биз бахтни ҳимоя қилиш ўрнига ундан воз кечишни афзал кўраяпмиз? Нега чидам ва бардош томонда эмас, енгил ҳою ҳаваслар тарафдамиз? Одамлар нега бир-бирини аямай, эъзозламай яшашга кўникиб бормоқда? Ва бу бемеҳрлик, беқарорликлар ортидаги кўнгилсизликлар, ҳатто фожиалардан ҳам хулоса чиқаришни билмаётганимиз жуда ачинарли.
Озодликдан айирган алимент можароси
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўрилган алимент масаласидаги иш материалларида “....аёлга етказган моддий зарари учун”, деган иборани ўқиб, бироз таажжубландик. Тўғри, қонунда шундай норма бор. Бунга асло эътирозимиз йўқ. Аммо... Шарқона қадриятларимиз қаерда қолди? Ўз умр йўлдошини (гарчи у собиқ бўлса ҳам) суд ҳукмига топшириш ва энг ачинарлиси, арзимаган пул учун унга оғирроқ жазо тайинлашларини қатъий талаб қилиш учун аёл зоти қанчалар тошбағир бўлиши керак! Қонунларимизни менсимасдан фақат шаръий никоҳ асосида яшаган аёлнинг бундай қонуний талаблар қўйишга қанчалик маънавий ва ҳуқуқий ҳаққи бор?!
Қонуний никоҳдан ўтмаганларга шаръий никоҳ ўқимаслиги ҳақида имомларга қўйилган талабни инобатга оладиган бўлсак, балки шаръий никоҳ ҳам ўқилмагандир ёки хуфиёна никоҳ ўқувчи имомларимизнинг виждонига ҳаволамикан бу ёғи... Билмадик.
Журналист изоҳи: Суд залидан қамоққа олинган йигит – Мухтор Носировнинг бу ҳаётда омади юришмади. На тайинли оила, на тайинли иш, на тайинли бахтли ҳаёт унга насиб этмади. Пешонаси шўр йигит омадсизликлари аламини ичкиликдан олиб, ўз ёшлигини барбод қилди. Суднинг қора курсисига қайта-қайта ўтиришга мажбур бўлди. Афвлар, кечиришлар, инсонпарварликлар ҳам унга сабоқ бера олмади. Охир-оқибат “тўққиз ой муддат давомида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, жабрланувчи Моҳира Халиловага 3 миллион 945 минг 600 сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги учун” озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқилиб, суд залидан қамоққа олинди. Ҳукмда “Судланувчи М. Носировдан жабрланувчи М. Халилова фойдасига 3 миллион 945 минг 600 сўм ундирилсин” деган жумлалар ҳам бор. Темир панжара ортида бўлса ҳам, албатта, бу маблағ ундирилиши муқаррар.
Алимент учун барбод бўлган умр. Бундан ҳам ачинарлиси, Навоий вилоят наркология диспансерининг хулосасига кўра, М. Носиров 2019 йилдан буён “Сурункали алкоголизм 2-босқич, юқори толерантлик фонига доимий ичкиликбозлик формаси” ташхиси билан диспансер ҳисобида туриши ҳамда у сурункали алкоголизм касаллигидан мажбурий тиббий даволанишга муҳтож эканлиги қайд этилган.
Тоғни урса талқон қиладиган ёшда иродасизлиги учун омадсизман, деб ҳамма нарсага қўл силтаб ўз ҳаётини издан чиқарган, синиб бораётган йигитнинг аччиқ қисматини ҳеч ким эътиборга олмади. На маҳалла, на яқинлари, на қариндошлари, на дўсту ошналар унинг тақдири билан қизиқмади. У бора-бора жарга яқинлашди. Аввал бошида белгиланган алиментни тўлаб бергани, кейинчалик тўлаш имкони йўқлиги учун маъмурий қамоқ жазосини ҳам ўтаб чиққани, ҳеч қаерда ишламаслиги учун айни пайтда алиментни вақтинча тўлай олмагани, агар ишга жойлашса, албатта, барча қарзларини тўлаб бериши ҳақидаги илтимослари, енгилроқ жазо тайинлашларини сўраб қилган илтижолари ҳеч кимни қизиқтирмади, чунки суд кўз ёшларга ишонмайди... Бу билан қўл-оёғи бутун, навқирон ёшдаги йигитнинг бу қилмишини оқламоқчи эмасмиз.
Бугун нега Фармон бибилар йўқ?
Кейинги вақтларда атрофимизда бўлаётган алимент билан боғлиқ воқеалар кўз олдимизда беихтиёр халқимиз севиб томоша қиладиган “Келинлар қўзғолони” кинофильмидаги мана бу саҳна кўринишини гавдалантириши табиий. Эсингиздами, фильмда ҳамма ўғиллар ва келинлар ойлик маошини олган куни Фармон бибига навбат билан топшириб, оила бюджети дафтарига ёздириш саҳнасида келинларнинг бири – Муҳайё билан бўлган диалог бор.
Фармон биби (Муҳайёдан пулни санаб оларкан) – Ҳааа, нега бунча кўп, – дея сўрайди.
Муҳайё эса: – Яна алимент юборибди. Мана шу пулга боламга велосипед олмоқчи эдим... – дея жавоб беради.
Фармон биби эса: – Алиментини қайтариб юбор. Сенга неча марта айтганман. Бир чақа ҳам олма у аблаҳдан деб. Болани ўзимиз боқиб олдикми, велосипедини ҳам ўзимиз олиб берамиз. Ма, мана бу пулни почта орқали жўнатиб, “каптансасини” дарров ўзимга топшир, – дейди.
Бу саҳна кўринишида миллатимизнинг ҳар қандай пул ва бойликдан устун турадиган кучли ори ҳамда ғурури акс этганлигини кўриш мумкин.
Ҳозир-чи... ҳозир нега Фармон бибилар йўқ? Уни ҳозирги алимент можаролари билан солиштирадиган бўлсак, миллатимизнинг орият, деган тушунчалардан анча узоқлашганини кўриш қанчалар ачинарли.
Бу билан турмушидан ажралган аёллар боласи учун алимент олмасин, демоқчи эмасмиз. Аммо баъзи аёлларнинг бунчалик паст кетишини тўғриси, ҳазм қилиш ҳам қийин. Қадимда момоларимиз бир этак боласи билан тақдир тақозоси билан ажралганда, сариқ чақага таъма қилмасдан ўғил-қизларини ўзлари боқиб, катта қилган, ўқитган, яхши инсонлар қаторига қўшганини наҳотки унутган бўлсак?!
Уят ўлимдан ёмон эди
Оила масъулияти, ор-номус йўқолган жамиятда тарбияга путур етиши ўз-ўзидан аён. Кимларнингдир оила қуриб, бор-йўғи икки йил, бир йил, бугунги кунда ҳатто олти ой яшаб ҳам ажралиб кетаётгани оила муқаддас, деган тушунчалар энди хом-хаёлми, деган хавотирларни келтириб чиқармоқда. Авваллари оилавий ажрим эмас, ҳатто турмушга чиққан қизнинг ота-онаси уйига аразлаб келиши ҳам уят саналган. Уят эса ўлимдан ёмон эди... Бугун-чи? Бугун...
Бош қомусимизда “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади” дейилган. Тўғри, никоҳ ихтиёрий бўлиши мумкин, аммо уни кўнгилга келган вақтда бузиш, барбод қилиш асло ихтиёрий бўлмаслиги керак. Никоҳ муқаддас, деган қадимий ақидага хиёнат қилмайлик. Ҳеч бўлмаса, жондан азиз фарзандларимизнинг кўнглини ўкситмайлик. Ота-она меҳри оғушида яшаш бахтидан уларни мосуво этмайлик. Ахир ҳеч нарса фарзандингизнинг қувончига тенг келолмайди. Аввало, ҳаётнинг турли имтиҳонларидан ўтишга тайёр бўлмаган йигитми, қизми ким бўлишидан қатъи назар, оила деган остонага қадам қўйишдан олдин пухта ўйлаб кўрсин. Тақдир кимга нимани раво кўради, пешонада ёзилгани шу дея таваккал қилиш ўрнига қизларни ҳам, йигитларни ҳам турмушга тайёрлаш кераклиги ёдимизда бўлсин.. Турмушга тайёрлаш учун хўжакўрсинга дорилфунуну мактаблар очдик, курслар ишлаяпти, деган ҳисоботларнинг самарасиз эканлигини тан олиш вақти келмадими? Бу саволларга мутасаддилар жавоб берса ёмон бўлмасди.
Медиация институтидан хабардормисиз?
Оилавий масалада шунча муаммолар борлигига қарамасдан нима учун бизда медиация институти ҳалигача оилавий низоларда тўлиқ қўлланилмаяпти? Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни муомалага медиацияга оид янги тушунчаларни олиб кириш билан бирга жамият ҳаётининг яна бир соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишига қаратилганидан нега кўпчилик бехабар? Тўғри, айни пайтда Ўзбекистон низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули, медиациядан фойдаланишнинг дастлабки босқичларини ўтамоқда. Аммо қонунни ҳаётга татбиқ этиш учун яна қанча вақт керак?! Мазкур янги институтдан оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишга қўлланилса, фойдадан холи бўлмасди. Хулоса шуки, бахтни бахтсизликка айлантирмасликнинг сабаби ва чоралари кўп. Барчаси ҳар кимнинг ўз қўлида.
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш учун муҳим қоидалар
Улушдорнинг объектга бўлган мулк ҳуқуқи кадастр органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.