Ўзбекистон
18.04.2025
110
Маълумки, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир оила фаровон турмуш кечириши учун барча имкониятлар яратилган даврдир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, бу ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, бугунги кунда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 45 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди.
Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган даврда икки ярим баробар ошиб, 7,7 фоизга етгани эътиборли. Вазирлик ва идоралардаги ходимларнинг 49 фоизи хотин-қизлардир.
Шунингдек, хотин-қизларимиз тиббиёт соҳасида 75 фоиз, таълим соҳасида 71 фоиз, иқтисодиёт ва саноат соҳасида 47 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 43 фоизни ташкил этмоқда.
Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, келгусида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда гендер тенгликни таъминлаш, ходимлар сонида хотин-қизларнинг улушини, раҳбарликка тайинлаш бўйича ишлар самарадорлигини янада оширишга муҳим масалалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.
Шундай ислоҳот сифатида 2025 йил 14 мартдаги Ўзбекистонда «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-103 сон қарори яна ҳам юқори босқичга кўтарган амалий ва ҳуқуқий асос бўлди.
Қарорга кўра, 2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
Биринчидан, 2 миллион нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминланиши учун барча ҳудудларда яна ҳам ишлар жонлантириб юборилишига ҳам асос ҳам қатъий талаб қўйилгани барча мутасадди масъул кишиларни аҳоли билан яқинлашишига чорлайди.
Иккинчидан, 250 минг нафар хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳам ҳеч бир оила ва унинг аъзоларини жамиятдан узилиб, ўз дарди билан яшашга қўймай, фаолликка ва тадбиркорликка чорлаган қарордир.
Бунда эътиборли жиҳати, «ҲАМРОҲ» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 2025 йил 1 майдан:
— хотин-қизларга «яшил лойиҳалар» ва ИТ соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилиши, ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши, аёл тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кафиллик тақдим этилиши йўлга қўйилиши энг катта қадам ва имтиёздир.
Учинчидан, 250 минг нафар хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиниши, ҳар бир хонадондаги аёлларимиз, қизларимизни зиё ва маърифатли жамиятнинг уфурини ҳис этишга ундайди. Мен шу ўринда мазкур соҳада айрим имтиёзларни ҳам эслатиб ўтишни жоиз деб билдим.
Жумладан, Президентнинг 1999 йил 10 июндаги ПФ-2326-сон фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилади.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилар ОТМларнинг бакалавриатига, бакалавриат талабалари эса магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.
Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги [226-сон] қарори билан халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар, мусобақалар, номдор стипендиялар ғолиблари бўлган битирувчиларга ҳам имтиёзлар берилган.
Халқаро ва миллий миқёсдаги танлов ва мусобақалар, республика олимпиадаларининг ғолибларига берилган гувоҳномалар асосида тест синовисиз ҳамда қўшимча имтиҳонсиз (ўз йўналишлари бўйича) ОТМларнинг таълим йўналишларига қабул қилинади.
Президент давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатгандан сўнг 2 йил мобайнида, номли давлат стипендиялари соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг 1 йил мобайнида тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
«Ниҳол» мукофоти совриндорлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 9 августдаги [169-сон] қарорига мувофиқ, жами бешта номинация — эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, опера ижрочилиги ва рақс санъати бўйича танловлар ғолибларига «Ниҳол» мукофоти берилади. «Зулфия» номидаги давлат мукофоти совриндорлари танловда иштирок этмайди.
«Ниҳол» мукофотига сазовор бўлган ёшлар маданият, санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилинади (ансамбль, жамоа сифатида иштирок этганлар бундан мустасно), мамлакатнинг атоқли санъаткорларидан сабоқ олиш имкониятига эга бўлади.
Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари
Президентнинг 2020 йил 21 апрелдаги [ПҚ-4688-сон] қарорига асосан бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолибларига олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёз берилади.
«Йилнинг энг яхши тарбиячиси» республика танлови ғолиблари
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги [468-сон] қарори билан «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» республика танлови ғолибларига давлат олий таълим муассасаларига ўқишга имтиҳонсиз киришда имтиёз берилади.
«Ҳамшира» республика танлови ғолиблари
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги [393-сон] қарорига кўра, тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг «Ҳамшира» республика танлови ғолиблари олий таълим муассасаларига, мос таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)сиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.
Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар
Президентнинг 2021 йил 9 августдаги [ПҚ-5216-сон] қарори асосида олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари, SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.
Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги [393-сон] қарори билан Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатни қабул жараёнида тақдим этганда олий таълим муассасалари бакалавриатининг кириш тест синовлари фанлар мажмуасига чет тили фани киритилган йўналишларда мос чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ва улар чет тили фанидан тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон) топширмайди.
Халқаро имтиҳон тизимлари сертификатларига эга абитуриентлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги [468-сон] қарорига кўра, илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга ўқишга киришда мазкур фан доирасида тестдан озод этилади ва максимал балл берилади.
Коллеж ёки техникумдаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар
Вазирлар Маҳкамасининг 9 июндаги [322-сонли] қарорига мувофиқ, коллеж ёки техникум дипломидаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар контракт асосида ОТМга қабул қилинади. Бунда тавсияномага эга абитуриентлар орасида алоҳида тест ўтказилади, улар орасидан юқори балл тўплаган 500 нафаригина ОТМга кира олади. Эҳтиёжманд хотин-қизлар учун тавсиянома
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги [402-сон] қарори билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномасига эга эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун ОТМга киришда қўшимча 4 фоизли грант ажратилади.
Иқтисодиёт тармоқларида камида 5 йил иш стажига эга абитуриентлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги [675-сон] қарори билан камида 5 йил иш стажига эга фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берилади.
Профилактика инспекторлари
Президентнинг 2021 йил 30 ноябрдаги [ПҚ-23-сон] қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторлари қуйидаги ОТМга кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилинади:
• Жамоат хавфсизлиги университетига;
• Тошкент давлат юридик университетига;
• юриспруденция соҳасида бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлган бошқа давлат ОТМга (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бундан мустасно).
«Ватан таянчи» ҳаракатининг фаол аъзолари
Президентнинг 2022 йил 2 мартдаги [ПҚ-150-сон] қарори асосида Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, мактабларда эса унинг отрядлари ташкил этилади. Унга иҳтиёрий равишда аъзо бўлган 10−11-синф ўқувчилари орасидан бир нафарига ОТМга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. Бунда унинг ҳаракат фаолиятидаги иштироки ва мактабдаги баҳолари инобатга олинади.
“Темурбеклар мактаби” битирувчилари
“Темурбеклар мактаби” битирувчиларига олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда якка тартибдаги якуний суҳбат ёки тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида, республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар берилади. “Темурбеклар мактаби”ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчилар олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларсиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирлари асосида ўқишга қабул қилинади.
Ҳарбий-мусиқа лицейи битирувчилари
Ҳарбий-мусиқа академик лицейи битирувчилари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тестда ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар берилади.
Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернат битирувчилари
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчилари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тавсиясига асосан хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш таълим йўналишларига имтиҳонсиз грант асосида ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, мазкур Қарорга кўра, 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни санаторийларда соғломлаштириш ҳақида ҳамхўрлик, инсонпарварликнинг маънавий ва ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши билан муҳим қарорлигини исботлайди. Албатта Қарор хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилгани муҳим бўлгани каби, уни кенг жамоатчиликка етказиш ҳам барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Фируза Мухитдинова,
ТДЮУ профессор
Улашиш:
Бошқалар
Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб
Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Ота уйи кенжа фарзандга қолиши керак...ми?
Нотариал идорамизга кунига мерос масаласида ўнлаб фуқаролар мурожаат қилади.
Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?
Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.