currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларПучга чиққан ваъдалар ёхуд крипто-активлар савдосидаги ўйинлар

Пучга чиққан ваъдалар ёхуд крипто-активлар савдосидаги ўйинлар

Ҳуқуқ

calendar

14.11.2026

eye

47

Пучга чиққан  ваъдалар  ёхуд крипто-активлар савдосидаги ўйинлар

Бугунги кунда крипто-активлар савдоси кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Қисқа вақтда катта даромад олиш истаги айрим фуқароларни молиявий таваккалчиликка ундаса, баъзи бировларнинг ишончи ва маблағларидан ноқонуний фойдаланиш учун ҳам шароит яратиши мумкин. Айниқса, ўзини тажрибали трейдер сифатида таништирган шахснинг ваъдаларига ишониб, маблағларини топширган фуқаролар жиддий молиявий муаммоларга дуч келиши  аниқ.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида кўрилган жиноят ишида крипто-активлар савдоси билан боғлиқ ваъда ва келишувлар, фуқароларга етказилган моддий зарар, шунингдек, крипто-биржалар орқали амалга оширилган ноқонуний операциялар муҳокама қилинди.

Судланувчи Акрам Шодиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзини кўпчиликка крипто-активлар ва молиявий бозорларда ишбилармон сифатида таништириб, онлайн платформаларида савдо қилишини, ушбу фаолият орқали юқори даромад олиш мумкинлигини билдириб,  фуқароларнинг маблағини олиб, уларни инвестиция сифатида ишлатиш ва қисқа муддатда катта даромад олиб беришни ваъда қилиш ҳадисини олган.

Афсуски, иш материалларида баён этилган ҳолатларга кўра,  у айрим фуқаролардан олинган маблағларни ваъда қилинган мақсадларда ишлатмасдан, уларнинг бир қисми шахсий эҳтиёжларга сарфлаган ёки жабрланувчиларга ҳақиқий молиявий ҳолат ҳақида нотўғри маълумот берган.

 Акрам Шодиевнинг ҳаракатлари алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини қўлга киритиш сифатида баҳоланган.

Суд ишида жабрланувчи  Г. Султоновага оид ҳолатлар алоҳида ўрин тутади.  2025 йил февраль ойининг ўрталарида А. Шодиев ундан 80 миллион сўм пулни олиб, қисқа муддатда 160 миллион сўм қилиб қайтаришни ваъда қилган. Бироқ ушбу маблағ крипто-активлар савдосига йўналтирилмаган, шахсий эҳтиёжлар учун ишлатилган ва натижада омонат ўрнида ваъда, даромад ўрнида зарар кўрган аёл 80 миллион сўмдан айрилган.

Бу ҳам етмагандек, судланувчилар – Шароф Собиров ва Динара Носировалар ҳам Г. Султоновани чув  туширган. Уй-жойларни сотиб олиш, таъмирлаш ва қайта сотиш орқали даромад олиш бўйича келишувга асосан Г. Султонова   уларга дастлаб 2024 йил март ойида 250 миллион сўм берган, кейинчалик яна 20 миллион сўм маблағ Ш. Собировнинг банк пластик картасига ўтказилган. Натижада у бу ҳолатда ҳам  миллионларга куйиб қолган.

 Мазкур суд ишидаги энг катта молиявий эпизодлардан бири Холида Асроровага тегишли маблағлар билан боғлиқ бўлиб, А. Шодиев Х. Асророванинг номига Binance ва Bitget платформаларида аккаунтлар очган, унга крипто-активлар савдоси орқали даромад олиши мумкинлигини тушунтириб, маблағларини биржа ҳисобларига киритишга ундаган,  бироқ бу аккаунтларни амалда ўзи бошқарган.

Шунингдек, тайёр ўлжасини қўлдан чиқармаслик учун Х. Асроровага Trezor аппарат ҳамёнида 150 минг АҚШ долларига тенг крипто-активлар мавжудлиги ва бу маблағлар савдо орқали топилган даромад экани ҳақида мақтаниб, 2025 йил апрель ойидан октабрь ойига қадар ундан жами 75 минг АҚШ доллари ва 780 миллион сўм пул олган. Айбловда ушбу маблағларнинг умумий қиймати 1 миллиард 687 миллион 650 минг сўм деб кўрсатилган.

Бу маблағлар жабрланувчи номига очилган биржа ҳисобларига тўлиқ киритилмагани, уларнинг бир қисми бошқа крипто-ҳамёнлар ёки шахсий аккаунтларга ўтказилгани, шунингдек, Х. Асроровага ҳақиқий савдо эмас, балки демонстрацион ҳисоб маълумотлари кўрсатилгани  билиниб қолди.

А. Шодиевнинг сирли савдолари шу билан тугагани йўқ.  У  яна бир аёлга крипто-савдони ўргатишни таклиф қилиб, унинг номига Binance платформасида аккаунт очган ва савдо учун  С. Очилованинг 130 миллион сўм маблағини олиб, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Устаси фаранг трейдер судда ушбу эпизод юзасидан ўзини оқлаш учун С. Очилова берган 130 миллион сўмга USDT сотиб олиб, маблағни крипто-активлар билан боғлиқ платформага ўтказганини, кейинчалик эса уни Ethereum активига айлантириб, staking дастурига жойлаштирганини билдирган. Унинг айтишича,  гўёки маблағ дастур муддати тугамасидан олдин ечиб олинмаслиги сабабли уни дарҳол қайтариш имкони бўлмаганмиш. Бироқ суд муҳокамасидаги айблов мазмунига кўра, бу маблағни унинг эгасига билдирмасдан бошқа инвестиция механизмига жойлаштиргани ошкор бўлди.

Жиноят ишида фақат алоҳида фуқаролардан олинган маблағлар эмас, балки крипто-активлар билан боғлиқ операциялар ҳам муҳокама қилинди. Яъни, Акрам  Шодиев 2024 йил апрель ойидан 2025 йил ноябрь ойига қадар халқаро крипто-платформаларда лицензиясиз операцияларни амалга ошириб, умумий қиймати 5 миллиард 395 миллион 203 минг 785 сўмга тенг бўлган 415 051,66 USDT миқдоридаги крипто-активлар айланмасини амалга оширган.

Шунингдек, Ш. Собиров билан боғлиқ эпизодда 2024 йил июнь ойидан октабрь ойига қадар Binance платформасидаги P2P операциялари орқали 666 миллион 92 минг 88 сўмга тенг 51 470,52 USDT миқдоридаги айланма амалга оширилгани кўрсатилган.

Яна бир эпизодда А. Шодиевнинг онаси номига очилган аккаунтлар орқали 2024 йил апрель ойидан 2025 йил май ойига қадар 2 миллиард 58 миллион 180 минг 753,21 сўмга тенг 157 732,085 USDT миқдоридаги операциялар амалга оширилгани баён қилинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан айбловда крипто-активлар айланмаси соҳасида хизматлар кўрсатиш учун белгиланган лицензия талабларига риоя этилмагани таъкидланган.

Судланувчилар А. Шодиев, Ш. Собиров ва Д. Носировалар ўз айбига қисман иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди ва суддан енгиллик беришни сўради. Жиноятга яраша жазо  тайинланди.

Мазкур жиноят иши крипто-активлар савдоси юқори хавфга эгалиги,  крипто-активлар бозоридаги катта даромад ваъдалари, фуқароларнинг молиявий саводхонлиги, ишонч асосида тузиладиган келишувлар ва қонунчилик талабларига риоя қилиш масалалари нақадар муҳим эканини кўрсатди.

Ҳар қандай инвестиция таклифи, айниқса қисқа муддатда маблағни икки баравар кўпайтириш ваъдаси, жиддий текширувни талаб қилади. Пул маблағларини бошқа шахсга топширишдан олдин келишув шартларини ёзма равишда белгилаш, операцияларнинг ҳуқуқий асосини текшириш ва маблағларнинг қаерда сақланиши ҳамда қандай бошқарилишини аниқ билиш зарур. Ёлғон ваъдаларга учманг,  замондошлар!

Дилобар ПАРДАЕВА,

 жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман суди тергов судьяси

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Улашиш: