Life Style
28.02.2024
699
Ҳамма жойда “келажак ITсиз бўлмайди, барча касблар йўқолиб, дунёни роботлар эгаллайди” каби шиорлар янграмоқда. Аммо ҳамманинг ҳам дастурчиликка, сунъий интеллектни яратиш ва бошқаришга уқуви йўқ. Hudud24.uz Itга умуман алоқаси бўлмаган, яқин келажакда ўз аҳамиятини йўқотмасдан, балки анча яхшиланадиган касблар рўйхатини келтиради.
1. Тиббиёт ходими
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. “Иссиқ жон иситмаси билан” деганларидек, ҳар қанча сунъий интеллект ва технологиялар ривожланса ҳам, тиббиёт соҳасида сифатли кадрлар доимо керак бўлаверади. Шу боис шифокор ёки ҳамширалик касбини танлашда ҳеч ҳам иккиланмаслигингиз мумкин. Бу соҳадаги технологиялар фақатгина мутахассисларга ёрдам беришни уддалай олади, барибир якуний қарорни қабул қилиш шифокорнинг ўзида қолади. Ўта нозик саналган операцияларни ҳеч қайси робот амалга ошира олмайди, шу боис орадан минг йил ўтса ҳам, “дўхтир бува”лар ва “ҳамшира опа”ларга ишимиз тушаверади.
2. Ўқитувчи
Шу пайтгача технология ривожланиши билан бир қанча касблар тарих қаърига сингиб кетди. Лекин ўқитувчилик касби ибтиодий замонлардан бери ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Бунинг сабаби оддий — инсон тирик экан, нимадир ўрганишга нисбатан эҳтиёжи бўлади. Бу эҳтиёжни қондириш учун эса ўқитувчи талаб этилади. Албатта, сунъий интеллект ва технологиялар таълим соҳасини ҳам четлаб ўтмайди. Лекин бу тараққиёт касбни меҳнат бозоридан сиқиб чиқариш учун эмас, балки соҳа эгаларининг мушкулини осон қилиш, креатив ечимлар таклиф қилиш ҳамда самарадорликни оширишга хизмат қилади. Бу соҳада ҳам якуний сўз ўқитувчининг ўзида қолади. Технология фақатгина иш режасини ишлаб чиқиш, маълумотларни умумлаштириб, ўқув жараёнини оптималлаштиришга кўмаклашади.
3. Техник хизмат ва таъмирлаш ходими
Бутун ҳаётимиз қурилмалардан иборат бўлиб қолди. Телефон, компьютер, музлатгич, телевизор, кондиционер, автомобил... Булар фақатгина ишлаб турганда ҳаётимизни осонлаштиради. Бироқ қайсидир бирида носозлик кузатилса, ҳар қанча қиммат ва кўп функцияли бўлмасин, бир уюм темирдан фарқи қолмайди. Ана шундай вазиятда бизга таъмирлаш ва техник хизмат ходимлари ёрдамга келади. Ҳар қанча технология ривожланмасин, мана шу касб эгаларига бўлган эҳтиёж ҳеч қачон йўқолмайди. Юқорида фақатгина маиший ҳаётда фойдаланиладиган буюмлар ҳақида гапириб ўтдик. Бундан ташқари саноат ва ишлаб чиқариш қурилмаларини таъмирлайдиган касб эгаларига нисбатан талабни ҳам тасаввур қилаверинг. Йилдан йилга бу касбнинг қадри ошса ошадики, асло камаймайди.
4. Қишлоқ хўжалиги мутахассиси
Технология ҳар қанча ривожланмасин, ишлаб чиқариш линиялари ҳар қанча автоматлаштирилмасин, инсоннинг озиқ-овқат истеъмол қилишга нисбатан талаби аслича қолаверади. Картошка, сабзи, пиёз, карам, лавлаги, қовоқ каби сабзавотлар, олма, анор, нок, ўрик, шафтоли каби мевалар, тарвуз, қовун, қовоқ каби полиз экинлари, мош, нўхат, ловия каби дуккакли экинларни экиш, етиштириш ва териб, бозорларга етказиш каби ишларни бажариш ҳеч қачон роботлар қўлига ўтмайди. Технология бундан минг баравар тезроқ ривожланиб кетса ҳам, инсон организми ўша-ўшалигича қолади — худди шу махсулотларни истеъмол қилишга бўлган талаб ўзгармайди. Бугунги компьютер олдида ишлаш треннда бўлган замонда деҳқонларнинг қадри бир оз тушган бўлса-да, яқин келажакда бу касб яна энг ҳурмат қилинадиган касбга айланади, албатта.
5. Ошпаз
Инсоннинг ейишга нисбатан талаби ҳеч қачон камаймайди. Яқин йилларда ресторан-ошхона бизнесида бир қанча инқилоблар рўй беради. (Баъзи ривожланган давлатларда бу ҳодиса аллақачон содир бўлган, жумладан, Японияда). Оффициантлар аста-секин "ўйин"дан чиқиб кетади, кассирлар ҳам секинлик билан жойини автоматларга бўшатиб беради. Идиш-товоқ ювувчилар ҳам бошқа иш топишларига тўғри келади. Бориб-бориб фақат ишчисиз бинонинг ўзи қолади — хўранда автоматга таом буюртма қилади, автомат таомни тайёрлаб, мижозга узатади, мижоз еб-ичиб, пластик идишларни махсус жойга ташлаб, чиқиб кетади. Албатта, бу арзон ва тезкор овқатланиш муассасаларида содир бўлади. Юқори даражада хизмат кўрсатиладиган ресторанларда мазали таом пиширадиган ошпазлар ҳеч қачон ўз ўрнини йўқотмайди. Балки, қадри янада ошади.
6. Фавқулодда вазиятлар ходими
Йилдан йилга баланд бинолар, ишлаб чиқариш заводлари, фабрикалар ва цехлар кўпайиб боргани сари бахтсиз ходиса ҳамда ёнғин эҳтимоли, истаймизми-йўқми, кўпаяверади. Бундай вазиятларда бизга фавқулодда вазиятлар ходимлари ёрдам қўлини чўзади. Албатта, ҳар қанча яхши ният қилмайлик, барибир технология ривожланган замонда бу касб эгаларига тез-тез мурожаат қилиб туришга тўғри келади. “Фалокат оёқ остида” деганларидек, ҳар куни бўлмаса-да, ҳафтада бир ёнғинлар, бахтсиз ҳодисалар бўлиб туриши эҳтимоли мавжуд. Шундай экан, мазкур касбнинг сир-асрорларини пухта эгаллаш ҳеч қачон зарар келтирмайди. Ҳам одамларга ёрдам қўлини чўзадиган, ҳаётини сақлаб қоладиган, кўп-кўп раҳмат эшитиладиган касб, ҳам қаҳрамонлик ва ҳурматга эга бўлиш учун жуда яхши имконият.
7. Ҳуқуқшунос
Адлия ходимларининг жамиятдаги муҳим роли уларни доимо долзарб ва энг кўп эҳтиёж сезиладиган касб эгаси бўлишини таъминлайди. Жиноий, фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқ соҳаларини яхши ўзлаштирган кадрлар бундан 100 йил ўтса ҳамки, одамларга, давлатга керак бўлади. Чунки технология ривожлангани сари қонунчилик ҳам такомиллашиб боради, норматив ҳужжатлардаги меъёрлар ва тартиблар ҳам мураккаблашади. Бундай пайтларда яхшигина ҳуқуқшуносга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сезилади. Шу сабабли мазкур касбни эгаллашга ҳеч қачон иккиланманг. Соҳани яхши билсангиз, ҳар қандай замонда ва ҳар қандай маконда, йўлингизни топиб кета оласиз.
Маҳин Нурсаидова
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.