Ҳуқуқ
03.06.2025
816

Cолиқ тизимини самарали юритиш, солиқ солиш базасини тўлиқ ва аниқ шакллантириш, шунингдек, назорат фаолияти самарадорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор давлат органлари, муассасалар ва ташкилотлар солиқ органларига белгиланган тартибда маълумотлар тақдим этишга мажбурдирлар.
1. Давлат рўйхатидан ўтказувчи органларнинг мажбуриятлари
Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик ва жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар қуйидаги маълумотларни давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай солиқ органларига тақдим этишлари шарт:
▪️ юридик шахснинг давлат реестридан кўчирмаси;
▪️ раҳбар ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс ҳақидаги маълумотлар;
▪️ жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
▪️ паспорт ёки идентификацияловчи ID-картага оид маълумотлар.
Шунингдек, ушбу органлар реестрга киритилган ҳар қандай ўзгариш тўғрисида бундай ўзгариш киритилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай солиқ органларига хабар бериши шарт.
2. Ички ишлар органларининг ахборот бериш мажбурияти
Ички ишлар органлари қуйидаги маълумотларни тақдим этиши шарт:
▪️ берилган ID-карталар, йўқотилган ёки амал қилиш муддати тугаган паспортлар ўрнига берилган ҳужжатлар ҳақида ҳар ойда солиқ органларига маълумот бериш;
▪️ турар жойни ижарага бериш (олиш), ёки текин фойдаланиш шартномаси мавжуд эмаслиги ёхуд ушбу шартномалар солиқ органларида рўйхатга олинмагани ҳақида аниқланган ҳолатларни 3 кун ичида хабар қилиш.
3. Кўчмас мулк ва ер участкалари бўйича маълумотлар
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ушбу мулк ва унинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида электрон шаклда солиқ органларига тақдим этиши шарт.
4. Табиий ресурслар, сув ва лицензия фаолияти бўйича маълумотлар
Қуйидаги органлар 10 кун муддатда солиқ органларини хабардор қилиши шарт:
▪️ табиий ресурслардан фойдаланиш, сувдан фойдаланиш, фаолият учун берилган лицензия ва рухсатномалар ҳақидаги маълумотлар;
▪️ жойлашган ваколатхона ёки субъект бўйича тегишли фактларнинг юз берганлиги (аккредитация, реестрдан чиқариш ва ҳ.к.) ҳақидаги маълумотлар.
5. Васийлик, нотариус ва чет эл фуқароларига оид маълумотлар
▪️ Болалар ёки мол-мулк эгаларига нисбатан васийлик, ҳомийлик, бошқарув белгиланганлиги тўғрисидаги қарорлар,
▪️ Кўчмас мулкни сотиш, ижара, мерос ва ҳадя шартномаларининг нотариал тасдиқланганлиги ҳақидаги маълумотлар,
▪️ Ишлаш учун рухсатнома (патент) олаётган чет эл фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар реал вақтда ёки белгиланган муддатда тақдим этилиши шарт.
6. Қимматли қоғозлар ва божхона ахборотлари
▪️ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги 10 кун ичида Давлат солиқ қўмитасига акциялар бўйича битимлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.
▪️ Божхона органлари эса импорт-экспорт операциялари, божхона омборларида сақланаётган товарлар, электрон савдо орқали ўтказилаётган товарлар ҳақидаги маълумотларни реал вақтда бериб боради.
7. Интернет доменлари ва АКТ воситасида маълумот бериш
Интернет миллий сегментидаги домен номлари реестрини юритувчи орган солиқ органларига тегишли маълумотлар базасига кириш имконини берувчи дастурий маҳсулотлар орқали маълумот тақдим этиши шарт.
8. Маълумотларни тақдим этиш тартиби ва шакли
▪️ Барча маълумотлар солиқ органларига бепул тақдим этилади.
▪️ Солиқ органи сўровига биноан, белгиланган органлар 5 кун ичида маълумот тақдим этиши лозим.
▪️ Электрон шаклда тақдим этиш тартиби ўзаро келишувга асосан белгиланади.
▪️ Маълумот шакллари ва уларни тўлдириш тартиби Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.
Ушбу талабларга риоя этиш давлат назоратини кучайтириш ва солиқ органларининг ахборот билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади. Қонунчиликда белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ҳолати эса жавобгарликка сабаб бўлади.
Зиёвуддин Номозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш: тўлаш ва бекор қилиш тартиби
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.