currencies image

12 984,44 UZS

9,35

usd

currencies image

13 442,79 UZS

69,36

eur

currencies image

129,90 UZS

2,27

ru



АсосийЯнгиликларСуд ишлари қайси тилда юритилади?

Суд ишлари қайси тилда юритилади?

Ҳуқуқ

calendar

22.01.2025

eye

58

Суд ишлари қайси тилда юритилади?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 139-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Мазкур принцип бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ишда иштирок этувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳуқуқи ва судда она тилида ёки улар биладиган бошқа тилда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг 11-моддасига кўра судлов ишларини юритиш давлат тилида ёки ўша жойдаги кўпчилик аҳоли тилида олиб борилади. Ишда иштирок этаётган, суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган шахсларга таржимон орқали ишга оид материаллар билан танишиш, суд жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Суд ишлари юритиладиган тил кенг маънода бутун мамлакатда мавжуд, яъни конституциявий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноий суд тизимлари фаолиятини ташкил қилишнинг муҳим асосларидан биридир.

«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси иккинчи қисмида суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ишда иштирок этувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳуқуқи ва судда она тилида ёки улар биладиган бошқа тилда сўзлаш ҳуқуқи таъминланиши белгиланган. Бу шахслар ўз она тилида ёки ўзи танлаган тилда сўзга чиқиш ва тушунтириш бериш ҳуқуқига эга, шунингдек улар таржимон билан таъминланиши шарт бўлиб, бу ҳуқуқ уларга нафақат тушунтирилади, балки улар бундай ҳуқуқ билан таъминланади.

Суд иши юритиладиган тилга доир қоидаларнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади. Бу қоида суд ишлари юритиладиган тилни билмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг процессуал кафолати ҳисобланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 273-моддасида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилиши, иш юритилаётган тилни билмайдиган иш иштирокчиларига таржимон орқали иш материаллари билан тўлиқ танишиш ва ишни моҳияти бўйича кўриб чиқиш чоғида қатнашиш ҳуқуқи, шунингдек ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 20-моддасида, жиноят ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилиши, айбланувчига, судланувчига ёки процессда иштирок этувчи бошқа шахсларга тақдим этилиши лозим бўлган тергов ва суд ҳужжатлари уларнинг она тилига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб берилиши лозимлиги белгиланган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 372(4)-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига кўра, иш кўрилаётганида суд ишлари юритиладиган тилга доир қоидалар бузилган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳам бекор қилиниши мумкинлиги баён қилинган.

Иқтисодий процессуал кодексининг 279-моддаси учинчи қисмининг 3-бандига кўра, суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоидалар ишни кўриш чоғида бузилганлиги процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилиши ҳисобланиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилинишига асос бўлади.

Шу билан бирга, фуқароларнинг тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.

Турғунов Баҳодир,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази
бўлим бошлиғи

Улашиш:

Бошқалар