#NoComment
22.07.2025
74
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий муносабатларнинг фаоллашуви, тадбиркорлик субъектлари сонининг ортиши фонида иқтисодий судларда кўриб чиқилаётган ишлар сони ҳам кескин ошмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларининг мазмун-моҳияти, уларнинг таркиби ва тўланиш тартибини тўғри англаб етиш заруратини келтириб чиқарди. Суд харажатлари нафақат давлат бюджети даромадининг бир қисми ҳисобланади, балки улар орқали фуқаролар, тадбиркорлар ва ташкилотлар суд тизимидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширади. Қуйида иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларининг ҳуқуқий асослари, уларнинг турлари, тўланиш тартиби ва амалиётда учрайдиган муҳим масалалар атрофлича ёритилади.
1. Суд харажатлари тушунчаси ва таркиби
Иқтисодий ишлар юзасидан суд муҳокамаларида иштирок этиш учун даъвогар (ёки аризачи) томонидан муайян миқдорда тўловлар амалга оширилиши шарт. Ушбу тўловлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (ИПК) 112-моддасига кўра, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатлари деб юритилади.
Суд харажатлари қуйидаги икки асосий тоифага ажратилади:
1.1. Давлат божи
Бу давлатга тўланадиган мажбурий тўлов бўлиб, даъво, ариза, шикоят, шикоят хати ёки бошқа процессуал ҳужжатни судга тақдим этганлик учун тўланади.
1.2. Ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлар
Бу тоифага суд жараёнида юзага келадиган амалий харажатлар, жумладан гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон хизматлари, экспертиза, видеоконференцалоқа ва бошқа ҳаражатлар киради.
2. Давлат божи тўғрисида ҳуқуқий асослар
Давлат божининг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни ҳисобланади. Қонуннинг 3-моддасида белгиланишича, давлат божи – юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш ва ваколатли органлардан тегишли ҳужжатлар олиш учун тўланадиган мажбурий тўловдир.
Иқтисодий ишлар юзасидан давлат божининг тўланиш тартиби ва ставкалари Иқтисодий процессуал кодекснинг 12-боби ҳамда юқоридаги Қонун билан тартибга солинади.
3. Давлат божи ставкалари ва тўлаш тартиби
Давлат божи миқдори даъвогар ёки аризачи томонидан судга тақдим этилган талабнинг турига ва қийматига қараб белгиланади. Қонун ҳужжатларида ҳар бир талаб учун белгиланган ставкалар мавжуд.
3.1. Бир нечта талаб бўлса...
Агар даъво аризасида бир неча мустақил талаблар мавжуд бўлса, ҳар бир талаб учун алоҳида-алоҳида давлат божи тўланади.
3.2. Суд буйруғи бериш ҳолатида...
ИПК 139-моддасига асосан, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун бож миқдори судга даъво билан умумий тартибда мурожаат этилганда ҳисоблаб чиқиладиган ставканинг эллик фоизини ташкил қилади.
3.3. Валютада белгиланган даъволарда...
Агар даъво чет эл валютасида баён қилинган бўлса, давлат божи ариза тақдим этилган кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган курс бўйича миллий валютада ҳисобланади.
4. Давлат божини қайта ҳисоблаш ва қайтариш масалалари
4.1. Даъво талаблари камайтирилса...
Агар даъвогар даъво талабларини камайтирса, аввал тўланган давлат божи қайтарилмайди.
4.2. Ортиқча тўланган бож...
Агар давлат божи қонун талаб қилган миқдордан кўпроқ тўланган бўлса, ортиқча тўланган қисми қайтарилиши шарт. Бу ҳолат «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида назарда тутилган.
Қайтариш жараёни суд ҳужжати асосида амалга оширилади.
5. Ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлар – амалиёт ва норматив асос
Суд муҳокамаси давомида қатор амалий харажатлар юзага келади. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
— гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга тўланадиган ҳақлар;
— далилларни жойида кўздан кечириш харажатлари;
— экспертиза билан боғлиқ харажатлар;
— суд ҳужжатларини юбориш (почта) харажатлари;
— видеоконференцалоқа билан боғлиқ харажатлар.
Бу харажатларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 570-сонли қарори билан тартибга солинган.
6. Суд харажатларини ким тўлайди?
ИПКнинг 118-моддасига асосан низода мағлуб бўлган тараф суд харажатларини тўлайди. Агар талаб қисман қаноатлантирилса, ҳар тараф ўз улушига қараб харажатларни қоплайди.
Суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида:
ундирилиши лозим бўлган аниқ сумма;
у қайси тарафдан ундирилиши;
давлат фойдасига ундирилиш тартиби кўрсатилиши шарт.
7. Давлат божи тўланмаган ҳолларда нима бўлади?
Судга давлат божисиз келиб тушган даъво аризаси юзасидан судья:
— даъвогар давлат божидан озод этилган шахслар рўйхатига кирадими ёки йўқлигини текширади;
— божни тўлашдан кечиктириш илтимосномаси борми-йўқми, шунга қараб қарор чиқаради;
— агар барча шартлар бажарилмаган бўлса, аризани қайтариш тўғрисида ажрим қабул қилади (ИПК 155-модда).
8. Давлат божини кечиктириш имконияти
Қонунга кўра, судья давлат божидан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ваколатига эга эмас. Бироқ, даъвогарнинг молиявий ҳолати ёмон бўлса, хусусан, кичик тадбиркор ёки шахсий маблағлари чекланган шахс бўлса, у ҳолда судья давлат божини тўлашни кечиктиришга розилик бериши мумкин.
Бу масала «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси 27-қисмида белгилаб қўйилган.
Иқтисодий судларга мурожаат қилаётган жисмоний ва юридик шахслар давлат божи ва суд харажатларининг меъёрий асосларини яхши билиши, ўз аризаларини тўғри расмийлаштириш ва ҳужжатларни тўлиқ тақдим этиши, харажатларнинг кимдан ундирилиши бўйича қонун талабларини тўғри англаши шарт. Суд харажатлари нафақат давлат бюджетининг тўлдирилиши, балки фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик ва жавобгарлик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.
Мафтуна Курбанова,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.