Ҳуқуқ
19.05.2026
22

Мамлакатимизда рақамли технологиялар, электрон ҳукумат ва IT соҳасига давлат миқёсида катта эътибор қаратилаётган бир пайтда сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар кун тартибига қатъий кириб келмоқда. Бу жараён ўзи билан бирга янги юридик атамаларни, янги талқинларни олиб кирмоқда ва улкан масъулиятни талаб этмоқда.
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат аниқ ва тушунарли тилда ёзилиши шарт. Шу боис янги технологиялар туфайли юзага келаётган терминологик муаммолар нафақат тилшунослар, балки ҳуқуқшунослар учун ҳам долзарб масалага айланди. Шу ўринда биз сунъий интеллектнинг ҳуқуқ соҳасида қўлланилиши ҳақида эмас, балки унинг вужудга келиши жараёнида шаклланаётган юридик терминология ҳақида фикрлашмоқчимиз.
Сунъий интеллектга оид атамалар халқаро миқёсда кенг қўлланилмоқда, бироқ уларнинг ўзбекча ифодаси ҳали ҳам тартибсиз. Масалан, биргина “Artificial Intelligence” (AI) айрим манбаларда “сунъий онг”, бошқаларида “сунъий ақл” деб юритилади. Аслида “сунъий идрок” мазмунни тўлиқроқ ифодалайди. Шунга қарамай, амалиётда “сунъий интеллект” атамасини кўпроқ ишлатамиз.
Тўғри, СИ технологиясининг қўлланиш соҳасига қараб турли таърифларга таяниш мумкин. Аммо гап юридик атамалар ҳақида борар экан, уларни исталганча таржима қилиш ёки ихтиёрий қўллаш айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.
Барча соҳаларда бўлгани каби, ҳуқуқшуносликда ҳам тушунчалар икки йўл билан шаклланади: биринчиси – ҳуқуқий тафаккурнинг бевосита маҳсули бўлган атамалар; иккинчиси – бошқа соҳаларда пайдо бўлиб, кейинчалик ҳуқуқий амалиёт эҳтиёжларига мослаштирилган тушунчалар. СИ ва у билан боғлиқ атамалар иккинчи тоифага киради. Яъни, “сунъий интеллект” тушьунчасининг ўзи табиатан ҳуқуқий категория эмас. Аммо у ҳуқуқий муносабатларга кириб келмоқда, демак “сунъий интеллект”нинг мазмун-моҳиятини нафақат техник, балки ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам тушунтириб берадиган муфассал таъриф бўлиши керак.
Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда ҳуқуқий атамалар эркин, баъзан эътиборсиз қўлланмоқда. Бир хил термин турли манбаларда турлича ёзилиши саводхонликка ва ҳуқуқий онгга салбий таъсир кўрсатади. Қонунчиликдаги ноаниқлик эса турли талқинларга, ҳатто ҳуқуқий низоларга сабаб бўлиши мумкин.
Ахборот технологияларига оид атамаларнинг аксарияти инглиз тилида муомалага кириб келади. Бунда тиллар олдида икки йўл туради: ёки атамалар тўғридан-тўғри таржима қилинади, ёки аслича–транслитерация, яъни ҳарфма-ҳарф ўзлаштиришорқали қабул қилинади. Ҳар иккала ёндашувнинг ҳам ютуқ ва камчиликлари бор. Таржима пайтида мазмун бузилиши, транслитерация эса тилга ёт кўриниши мумкин.
Сунъий интеллект фақат техник эмас, балки ҳуқуқий ва ахлоқий масалаларни ҳам кун тартибига қўймоқда. Масалан, сунъий интеллект қабул қилган қарор учун ким жавоб беради? Шахсий маълумотлар қандай ҳимоя қилинади? Алгоритм инсон ҳуқуқларини бузмаслиги қандай кафолатланади? Бу саволларга жавоб бериш учун ҳуқуқий терминология аниқ ва ягона бўлиши лозим.
Кўплаб давлатларда СИни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича алоҳида ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Масалан, Европа Иттифоқида “AI Act” қабул қилинган. Бу жараён Ўзбекистон учун ҳам муҳим сигнал: яқин келажакда мамлакатимизда ҳам сунъий интеллектни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи махсус ва пухта ишланган нормаларга эҳтиёж ортиши табиий.
Фикримизча, бу жараёнда ҳуқуқшунослар, тилшунослар ва IT мутахассислари ҳамкорлиги жуда муҳим. Чунки ҳуқуқий атама нафақат юридик, балки лингвистик тушунча ҳам ҳисобланади. Агар термин нотўғри ёки ноаниқ таржима қилинса, унинг ҳуқуқий мазмуни ҳам ўзгариб кетиши мумкин. Бу борада қуйидаги йўналишларга эътиборни кучайтириш керак деб ҳисоблаймиз:
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси расмий муомалага киритиш учун янги ҳуқуқий атамалар рўйхатини шакллантириши лозим. Бу жараёнда тилшунослар, ҳуқуқшунослар ва таржимонлар биргаликда иш олиб бориши зарур. Чунки ҳуқуқий атама нафақат юридик, балки лингвистик тушунча ҳам ҳисобланади. Атама нотўғри таржима қилинса, унинг ҳуқуқий мазмуни ҳам бузилади.
Иккинчидан, тавсия этилган атамалар юзасидан илмий доираларда очиқ мунозаралар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Ягона термин тизимига фақат кенг муҳокама орқали эришиш мумкин.
Учинчидан, ўзбек тилида замонавий ҳуқуқий-терминологик электрон базани такомиллаштириш, мавжудларини эса янада оммалаштириш зарур. Бундай база нафақат ҳуқуқшунослар, балки журналистлар, таржимонлар ва талабалар учун ҳам катта аҳамият касб этади. Айниқса, сунъий интеллект соҳасига оид атамаларни ягона стандарт асосида тартибга солиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ҳуқуқий терминология олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Янги атамаларни миллий тил имкониятлари асосида тўғри шакллантириш ва стандартлаштириш ҳуқуқий саводхонликни оширишнинг муҳим пойдевори ҳисобланади.
Ирода МАҲМУДОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
3-курс талабаси
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Болаларни мактабга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асослари ва муҳим қоидалари
Ҳар бир бола бепул умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига эга.