Ҳуқуқ
02.07.2024
590

Конституцияга кўра, Ўзбекистон қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Бугун Давлат герби тасдиқланган кун. hudud24.uz унга оид муҳим қоидаларни эслатади.
1. Давлат герби – давлат мустақиллигининг рамзи
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби 1992 йил 7 июлдаги 616-XII-сон Қонун билан тасдиқланган.
Мазкур қонун билан Давлат гербининг рангли ва оқ-қора тасвири тасдиқланган.
Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзи ҳисобланади.
2. Давлат гербидаги саккизбурчак – Республика ҳурлигининг рамзи
Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.
Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган.
Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандида «Oʼzbekiston» деб ёзиб қўйилган.
3. Никоҳ рўйхатга олинадиган залларда Давлат герби ўрнатилади
Давлат гербининг тасвири доимий равишда Президент қароргоҳлари, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа бир қатор давлат органлари биноларининг олд томонига, улардаги мажлислар заллари, шу жумладан ФҲДЁнинг никоҳ тантанали равишда рўйхатга олинадиган мажлислар залларига ўрнатилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Давлат чегараларида ўрнатиладиган сарҳад устунларида ҳам Давлат герби тасвири жойлаштирилади.
4. Давлат гербининг элементларини реклама материалларига киритиш мумкин эмас
Давлат гербининг такрорланаётган тасвири, унинг катта-кичиклигидан қатъи назар, қонун билан тасдиқланган рангли ва оқ-қора тасвирига аниқ мос бўлиши керак.
Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
Давлат гербининг тасвиридан Ўзбекистонга тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.
5. Давлат гербига ҳурматсизлик жиноят ҳисобланади
Фуқаролар, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт.
Давлат герби тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йилда такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат гербига ҳурматсизлик қилиш БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Улашиш:
Бошқалар
Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги қонунлар талабларига қатъий риоя этилиши лозим.
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Ижарачилик сарсонгарчиликми ёки қулайлик?!
Ижарачиларнинг ҳам елкасига шамол тегадиган бўлибди, деб қўйдим.