currencies image

12 778,12 UZS

78,98

usd

currencies image

14 931,23 UZS

83,40

eur

currencies image

164,01 UZS

1,85

ru



АсосийЯнгиликларЁшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштириш тартиби

Ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштириш тартиби

Ҳуқуқ

calendar

16.07.2025

eye

37

Ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштириш тартиби

Мамлакатимизда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳалари, ғоя ва ташаббусларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, ёшларга қўшимча иш ўринларини яратишга йўналтирилган тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бир қанча самарали ишлар олиб борилмоқда. Кейинги йилларда ёшларнинг тадбиркорликка оид фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир нечта ҳукумат даражасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2025 йил 10 июлда “Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни молиялаштириш тартибини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва ушбу низом истиқболли стартап лойиҳаларга оид баъзи тартиблар белгиланди.

1. Қандай лойиҳалар истиқболли стартап лойиҳалар эканлиги аниқлаштирилди

Стартап лойиҳа — амалга ошиши хавфи мавжуд бўлган шароитда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратувчи инновацион ишланмаларнинг қўлланиши, кўлами ва тез ўсиш суръати билан фарқланадиган, ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан амалга оширилаётган ёки мазкур фуқарога (фуқароларга) тегишли бўлган юридик шахс томонидан амалга оширилаётган, давомийлиги 7 йилгача бўлган бизнес лойиҳадир. Ушбу низом билан қандай бизнес лойиҳалар истиқболли ҳисобланиши аниқ белгиланди. Унга мувофиқ, бизнес лойиҳа акселератсия ва инкубация дастурларини муваффақиятли якунлаган бўлиши лозим. Бунда акселерация дастури — стартап лойиҳаларни тренерлик (менторлик), ихтисослаштирилган ўқув тадбирлари ва эксперт маслаҳатлари орқали қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган дастур ҳисобланса, инкубация дастури эса — стартап лойиҳаларни дастлабки босқичда қўллаб-қувватлашга мўлжалланган, ғояни амалий бизнесга айлантиришга қаратилган дастурдир.

Шунингдек, стартап лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги хамда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларда ғолиб ёки совриндор бўлган бўлиши керак. Стартап лойиҳаларга Венчур жамғарма томонидан уларнинг устав фонди (устав капитали)нинг 40 фоизидан ортиб кетмайдиган миқдорда улуш киритилади.

2. Стартап лойиҳалар турларга ажаратилади ва шунга кўра молиявий қўллаб-қувватланади.

Истиқболли стартап лойиҳалар уларнинг келажатдаги истиқболига қараб қуйидаги турларга бўлинади:

1) истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳа. Истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳага инвестиция маблағлари мазкур намунавий моделни ишлаб чиқиш ҳамда товарлар (хизматлар) реализациясигача босқичларни ўз ичига олган чора-тадбирлар ҳамда улар бўйича харажатларни назарда тутувчи дастур асосида ажратилади.

2) Сўнгги 12 ойда товарлар (хизматлар) реализациясидан олган даромади ўсиш суръатига эга бўлган ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кам бўлмаган миқдордаги суммани ташкил этган ёхуд бошқа венчур жамғармаларидан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан камида шу миқдорда инвестиция жалб қилган стартап лойиҳалар — Ўзбекистон бозорига муваффақиятли жорий қилинган стартап лойиҳа;

3) сўнгги 12 ойда товарлар (хизматлар) реализациясидан олган даромади ўсиш суръатига эга бўлган ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 800 бараваридан кам бўлмаган миқдордаги суммани ташкил этган ёхуд бошқа венчур жамғармаларидан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан камида шу миқдорда инвестиция жалб қилган, шунингдек, товарлар (хизматлар) реализациясини Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали реал вақт режимида амалга ошириш кўзда тутилган стартап лойиҳа — хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга бўлган стартап лойиҳа.

Стартап лойиҳани истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори деб топиш, шунингдек, Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган ҳамда хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга бўлган деб топиш “Yoshlar ventures венчур жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш учун ўз соҳасида юқори натижаларга эришган ҳамда самарали фаолият юритиб келаётган 20 нафар тадбиркордан иборат таркибдаги Кенгаш томонидан тасдиқланадиган методология асосида аниқланади.

Акселерация ва инкубация дастурларини муваффақиятли якунлаган ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларда ғолиб ёки совриндор бўлган стартап лойиҳаларга Венчур жамғарма томонидан уларнинг устав фондининг 40 фоизидан ортиб кетмайдиган миқдорда улуш киритилади ва қуйидаги миқдорларда инвестиция маблағлари ажратилади:

— истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳага — 500 млн сўмгача;

— Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган стартап лойиҳага — 1 млрд сўмгача;

— хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга бўлган стартап лойиҳага — 2 млрд сўмгача.

Жамғармадан инвестиция маблағларини олиш учун лойиҳа ташаббускори 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши ёки устав фондидаги улушининг камида 50 фоизи 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига тегишли бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари бўлиши лозим.

3. Стартап лойиҳаларга пул маблағлари ажратиш

Лойиҳа ташаббускорига инвестиция маблағларини олиш учун Венчур жамғарма томонидан тасдиқланган шаклга мувофиқ тўғридан-тўғри ёки электрон шаклда ариза топширади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

— стартап лойиҳада жамиятдаги муаммоларга инновацион ечим мавжудлиги тўғрисида тақдимот;

— стартап лойиҳанинг бизнес режаси;

— стартап лойиҳада бозор ҳажми ва маҳсулот сотувга чиқарилган бўлса, унинг даромади, шу жумладан, сўнгги 12 ойда товарлар (хизматлар) реализациясидан олган даромади тўғрисидаги маълумотлар;

— стартап лойиҳада сотув режаси;

— инкубация ёки акселератсия дастурлари муваффақиятли якунланганини ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги хамда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан рўйхатга киритилган нуфузли танловлардан бирида ғолиб (совриндор) бўлганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, шу билан бирга, улар билан тузилган битимлар тақдим этилгани;

— стартап лойиҳа аввал бошқа манбалар томонидан молиялаштирилган бўлса, бу ҳақида маълумотлар;

— стартап лойиҳани амалга ошираётган юридик шахс уставининг нусхаси.

Ариза тақдим этилган кундан бошлаб Венчур жамғарма томонидан йигирма беш иш куниичида илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилгани ва тўлиқлиги кўриб чиқилади. Бунда тўлиқ тақдим этилмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилгани муносабати билан лойиҳа ташаббускорига қайтарилгандан сўнг қайта ариза тақдим этишга кетган вақт ушбу муддатга кирмайди.

Венчур жамғарма томонидан инвестиция маблағларини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрланади. Кенгашга кўриб чиқиш учун ҳужжатлар, шу жумладан, истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳа бўйича мазкур намунавий модельни ишлаб чиқиш ҳамда товарлар (хизматлар) реализациясигача босқичларни ўз ичига олувчи дастур ҳамда тегишли стартап лойиҳа бўйича тасдиқланадиган эришилиши лозим бўлган асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) лойиҳаси киритилади.

Бунда асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI), шу жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

— даромаднинг ошиши;

— ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ҳажмини кенгайтириш;

— лойиҳанинг ривожланиши.

Кенгаш аъзоларининг камида 50 фоизидан кўпроғи овоз берган стартап лойиҳа саралаб олинган ҳамда улар бўйича инвестиция маблағларини ажратиш тасдиқланган ҳисобланади.

Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: