currencies image

12 741,76 UZS

26,69

usd

currencies image

14 035,05 UZS

6,20

eur

currencies image

139,85 UZS

0,14

ru



АсосийЯнгиликларЎзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Ҳуқуқ

calendar

23.08.2024

eye

1 321

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга кўра, 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларига ушбу даромадлар солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солиниши белгиланди.

Мамлакатда январь ҳолатига кўра 2,5 миллиондан ортиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатдан ўтган. Шундан 5701 таси 100 миллион сўмгача, 2715 таси 100 миллион сўм ва 200 таси 1 миллиард сўмдан ошиқ йиллик даромад кўрган. Хўш, киритилаётган ўзгартириш аслида нима ва у қандай тартибда ишлайди? 

Юз миллион сўмдан ошса

Солиқ кодексининг 461-моддасининг биринчи қисми 2-бандига асосан солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланиши белгиланган.

Шунга асосан солиқ даврида меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларига юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан ушбу кодекснинг 467-моддасига асосан 4 фоизлик ставкада айланмадан олинадиган солиқни тўлаш лозим бўлади.

Худди шундай, агар ўзини ўзи банд қилган шахслар электрон тижорат иштирокчиси ҳисобланиб, яъни электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширса, у ҳолда айланмадан олинадиган солиқ 2 фоизлик ставкада тўланади.

Шу каби, Ўзбекистон президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПФ-287-сонли фармонининг 1-иловасида тасдиқланган бешинчи тоифага киритилган ҳудудлардаги ўзини ўзи банд қилган шахсларга айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 2026 йил 1 январга қадар 1 фоиз миқдорида қўлланади.

Мисол учун, ўзини ўзи банд қилган шахснинг жорий йилнинг январь ойида меҳнат фаолиятидан олган даромадлари 101 миллион сўмни ташкил этса, ошган қисмидан, яъни 1 миллион сўмидан 4 фоизлик ставкада, яъни 40 минг сўм айланмадан олинадиган солиқ тўланади.

Ўз навбатида, ушбу шахслар айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳар ойда, жумладан, ҳисобот даври якунлари бўйича — ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунидан ҳамда йил якунлари бўйича — солиқ давридан кейинги даврнинг 15 февралидан кечиктирмай ҳисобот тақдим этиш мажбурияти юкланади.

Тўловларни амалга ошириш юқорида қайд этилган, яъни ҳисобот тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади. 

Яъни юқоридаги мисолда қайд этилган 100 миллион сўмдан ошган даромаднинг 1 миллион сўми учун февраль ойининг 15-санасига қадар солиқ ҳисоботи тақдим этилиши ҳамда шу муддатга қадар тўловни амалга оширилиши лозим.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади қандай аниқланади?

Маълумки, ўзини ўзи банд қилган шахслар юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиши ҳамда назорат-касса техникаси ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланиши ҳамда тижорат банкларида ҳисобварақларини очган ҳолда фаолият юритишлари мумкин. Ўз навбатида, юқорида қайд этилган маълумотлар Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида ташқи манба маълумотлари асосида шаклланади. Шунга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадлари юқорида қайд этилган маълумотлар асосида аниқланиш имконияти мавжуд.

Даромади 100 млн сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган шахслар ЯТТлар каби ходимларни ёллай оладими?

Маълумки, ЯТТлар 5 нафаргача ходим ёллаган ҳолда фаолият юритишлари мумкин. Ўз навбатида, ходимни ёллаш бевосита иккита томон ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади ҳамда солиқ органларига ҳар бир ёлланган ходимларни мажбурий тартибда ҳисобга қўйишлари лозим бўлади. Шунингдек, ЯТТ зиммасида ҳар бир, яъни 5 нафаргача ёллаган ходимлари учун даромад солиғи ҳамда ижтимоий солиқ тўловини амалга ошириш мажбурияти юклатилган.

Шунга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

 Халқаро тажриба

Хорижий давлатларда ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар солиқ тўловчилар ҳисобланади. Мисол учун, яқин Россия Федерациясида ўзини ўзи банд қилган шахслар олган даромадларидан солиқ тўлаш мажбурияти мавжуд. Яъни уларнинг қонунчилигига асосан даромадларидан 4 фоиз, агар ушбу даромадлар юридик шахс ёки хусусий тадбиркорларга кўрсатилган хизматдан олинган бўлса, 6 фоиз миқдорида профессионал даромад солиғи тўлашлари лозим бўлади.

Даромади 100 млн сўмдан ошганда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида эътироф этиладими ёки ЯТТга айланадими?

Киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан ўзини ўзи банд қилган шахснинг жами даромади солиқ даврида 100 млн сўмдан ошса, ЯТТга айланмайди. Фақатгина солиқ тўлаш мажбурияти ЯТТ сифатида белгиланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади 100 млн сўмдан ошганда ижтимоий солиқни ЯТТ каби тўлайдими?

Ижтимоий солиқ тўлаш ихтиёрий асосда амалга оширилади. Шунга асосан даромади 100 млн сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам йилига бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида меҳнат стажини ҳисоблаш учун ижтимоий солиқ тўлайди.

Улашиш:

Бошқалар

21-август 2024, 12:46
1 378

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 368

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.


23-август 2024, 06:10
1 321

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Солиқ кодексининг 461-моддасининг биринчи қисми 2-бандига асосан солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланиши белгиланган.


24-август 2024, 04:13
1 303

Янги ўқув йилининг бошланиш саналари маълум бўлди

ОТМларда янги 2024/2025 ўқув йили 9 сентябрь, душанба куни бошланади.