Ҳуқуқ
10.07.2025
53
“Жасорат мактаблари”га ўқувчиларни қабул қилиш ва ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, жасорат синфларида таълим жараёнлари умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.
Жасорат синфларига ўқувчилар белгиланган йиллик қабул квотаси (битта синфда 26 нафар ўқувчи) доирасида 5-синфдан бошлаб қабул қилинади. Синовлар орасида математика ва она тили бўйича тестлар, шунингдек жисмоний тайёргарликни текшириш ҳам бор.
Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.
Жасорат синфларининг мақсади ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий хизматни адо этишда зарур бўладиган дастлабки ҳарбий ва ижодий кўникмаларни шакллантириш, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли тайёрлашдан иборат.
Жасорат синфларида ўқиш муддати етти йилни ташкил қилади.
“Жасорат мактаблари” болаларни ёшлик чоғиданоқ Ватанга чексиз садоқат руҳида тарбиялаш, уларни жисмонан соғлом ва маънавий жиҳатдан етук шахслар сифатида вояга етказиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман (шаҳар)ида биттадан умумтаълим ўрта мактаби базасида ташкил этилади.
Жасорат синфларида умумий ўрта таълим фанлари соатларини мақбуллаштириш ҳисобига математика, физика, тарих, чет тили ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади.
Жасорат синфларида таълим 5-11-синфларда амалга оширилади. Таълим ўзбек, қорақалпоқ ёки рус тилларида олиб борилади.
Жасорат синфларида ўқувчилар билан дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар ўтказишда турли замонавий шакллар ва усуллардан, жумладан ўқитилаётган фанлар бўйича факультатив ва тўгарак машғулотлари ҳамда ўқувчиларни Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш тадбирларидан фойдаланилади.
Жасорат синфлари ўқувчилари учун ўқиш, дам олиш ва турли тадбирларни қўшиб олиб боришга қаратилган кун тартиби тузилади.
Ўқув йили якуни бўйича тарих, математика, она тили фанларидан қониқарсиз натижа кўрсатган Жасорат синфларининг ўқувчилари мактаб педагогик кенгашининг қарори билан мактабнинг умумий синфларига ўқишни давом эттириш учун ўтказилади.
Жасорат синфларининг 9-синфини якунлаган ўқувчиларга таянч ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, 11-синфини тамомлаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома берилади.
Жасорат синфларини якунлаганлик тўғрисида шаҳодатнома бошқа таълим муассасаларига киришда қўшимча имтиёз бермайди.
Жасорат синфларини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядининг аъзоси бўлган бир нафар ўқувчига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган ҳамда юридик таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш учун муҳим қоидалар
Улушдорнинг объектга бўлган мулк ҳуқуқи кадастр органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.