Ҳуқуқ
19.02.2025
250
2025 йил 18 февралда “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида” ги қонун қабул қилинди.
Илгари 2002 йил 5 апрельда қабул қилинган “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида” ги қонун мавжуд бўлиб, мазкур қонунда фақатгина фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш тизими тартибга солинган эди. Бироқ, янги қабул қилинган қонун асосида ушбу қонун ўз кучини йўқотди. Янги қонунда нафақат жисмоний шахсларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек юридик шахсларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниши белгиланди.
Мазкур қонун билан Омонатларни кафолатлаш агентлиги давлат муассасаси ташкил этилди. Мазкур Агентлик банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаш соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланди.
Омонатларни кафолатлаш тизими қандай амалга оширилади?
Кафолатлаш ҳодисаси юзага келганда, яъни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олиш ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда Агентлик томонидан тугатилаётган банкнинг омонатчиларига компенсациялар тўлаб берилади.
Мазкур компенсацияларнинг миқдори қанча?
Бир банкда бир омонатчига тўланадиган компенсация миқдори қуйидагича:
— кафолатлаш объекти қолдиғининг тўлиқ ҳажми, агар унинг миқдори икки юз миллион сўм ёки ундан кам бўлса.
Яъни, банк тугатилган тақдирда омонатчиларнинг тегишли банкдаги 200 миллион сўмгача бўлган омонатлари компенсация қилинади. Бунда аҳамият қаратилиши керак бўлган жиҳат мазкур миқдор фуқаронинг фақатгина битта банкдаги омонатига тегишли. Агар фуқаро бир нечта банкда омонат қўйган бўлса, кафолатлаш ҳодисаси юзага келганда, кафолатланган омонатлар миқдори тегишлича ошади.
Компенсацияларни тўлаш тартиби қандай?
Тугатувчи кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан ўн иш куни ичида Агентликка омонатчиларнинг ва кафолатлаш объектларининг реестрини ҳамда тугатилаётган банкнинг омонатчиларга бўлган талаблари тўғрисидаги ахборотни, кафолатлаш объектлари эгаларига тўланиши лозим бўлган суммалар ҳақидаги, шу жумладан таъминот сифатида берилган, хатланган, суд низоси предмети бўлган ёки учинчи шахслар фойдасига қўйилган кафолатлаш объектлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.
Агентлик тугатувчидан кўрсатилган маълумотлар олинган кундан эътиборан икки иш куни ичида оммавий ахборот воситаларида ва ўз расмий веб-сайтида кафолатлаш ҳодисаси юз берганлиги тўғрисидаги ахборотни эълон қилади.
Агентлик тугатилаётган банк омонатчиларининг камида тўртдан уч қисмига компенсацияларни олиш имкониятини:
2025 йил 1 январдан бошлаб – кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан йигирма иш кун ичида;
2026 йил 1 январдан бошлаб – кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан ўн беш иш кун ичида;
2027 йил 1 январдан бошлаб – кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан етти иш кунида таъминлаши шарт.
Агент-банк вазифаларини бажариш учун Агентлик Марказий банк билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан тасдиқланган мезонларга мувофиқ бўлган битта ёки бир нечта банкни танлаши мумкин. Компенсациялар ушбу агент-банклар орқали тўланиши, омонатчининг бошқа банкда очилган ҳисобварағига ўтказилиши ёки Кузатув кенгаши томонидан белгиланган бошқа усулларда тўланиши мумкин.
Наргиза Шарипова,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази
етакчи маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.
Олий суд пленуми мажлисида Lex.uz сайти фаолияти таништирилди
Lex.uz сайти ҳозирги вақтда республикада ягона электрон шаклдаги расмий манба ҳисобланади. Сайтга бир тилда 50 мингдан ортиқ ҳужжатлар жойлаштирилган.