currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликлар“Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”

“Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”

Ўзбекистон

calendar

13.04.2026

eye

37

“Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”

Яқинда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштиришни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Энди санъаткорлар ҳар бир тўй ёки концерт учун солиққа тортилиши мумкин. Ҳужжат ижрочилар ва ижодий жамоалар учун янада шаффоф иш шароитларини яратиш, шунингдек, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва бюджетга тушумларни оширишга қаратилган.

Лойиҳага кўра, 2026-йил 1-сентабрдан Ўзбекистонда санъаткорларнинг барча хизматларини (тўйлардан тортиб концертларгача) “Soliq” мобил иловаси орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Унда ижрочилар хизмат кўрсатиш жойи ва санасини кўрсатади, тўлов амалга оширилгандан сўнг эса электрон маълумотнома автоматик равишда шакллантирилади.

2029-йил 1-январгача “бир хизмат – бир тўлов” тамойилини жорий этиш таклиф этилмоқда, ижрочилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қатъий миқдорда илова орқали тўлайди. Фаолият меҳнат шартномаси асосида амалга оширилган ҳолатлар бундан мустасно.

Дарвоқе, солиқ миқдори санъаткор рейтинги ва тадбир жойига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,25 баробаридан 3 баробаригача бўлади.

Лойиҳа ушбу соҳада якка тартибдаги тадбиркорлар учун айланмадан олинадиган солиқни тўлаш тартибини бекор қилишни ҳам назарда тутади. Шу билан бирга, маълумотларни иловага киритмаслик ва белгиланган тўловни амалга оширмаслик лицензияни қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар ҳисобланади.

Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш, ушлаб қолиш, бюджетга ўтказиш, ҳисоботларни тақдим этиш солиқ органи томонидан автоматик тарзда қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда солиқ органлари солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай солиқ суммасини мобил иловага бириктирилган банк карталаридан автоматик тарзда ундириб олади, етарли маблағ мавжуд бўлмаган қисми бўйича эса ҳисобот куни тўлов хабарномаси юборилади.

Бу янгиликдан кейин ижтимоий тармоқларда артистларнинг ўзини ҳар тарафга уриб, жар солиши кўпчиликнинг энсасини қотирди. Унвонли халқ артистларининг талвасага тушиб, оғзига келган гапларни қайтармасдан гапираётгани чакки бўлди. Ижтимоий тармоқлар уларнинг дийдиёларига тўлиб кетди. Пулдан бошқа дарди йўқлигини ошкор қилиб қўйган айрим мегаюлдузларимизнинг кимлиги, аниқроғи, маънавий қашшоқлиги ошкор бўлди. Эмишким, уларнинг кўпчилиги зўрға кун кечираётган эмиш, қай бири киракашлик қилаётганмиш (хизматнинг айби йўқ), қай бириси эса кредитни тўлашга (ҳозирги кунда кредитдан кўпчилик фойдаланаяпти) имкон топа олмаётган эмиш... Хуллас, солиқ юки уларни “чақиб” юборишини айюҳаннос солиб, ҳатто “Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” дея куйлаган юлдузларимиз ҳам “Керак бўлса ўзларинг чиқиб қўшиқ айтинглар” деган иддаолар билан сохта ватанпарварлигини, тўғрироғи, аслини кўрсатди. Энг ачинарлиси, кўпчилик ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аниқ тушунмасдан, ҳатто лойиҳа билан танишмасдан туриб, фикр билдирмоқда.

Тўғри, бошқа касбларда бўлгани каби санъаткорликнинг ҳам ўзига яраша меҳнати, машаққати бор. Аммо бу давлат ва жамият олдидаги масъулиятни четлаб ўтишга асло изн бермайди.

Ҳужжат бир қатор енгилликларни ҳам назарда тутади. Хусусан, йиллик умумий даромаднинг 30 фоизи миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда чегирилади. Тасдиқланган харажатлар суммаси умумий даромаднинг 30 фоизидан ошган тақдирда қўшимча равишда ушбу даромаднинг 10 фоизи миқдори чегирилади. Лицензия олиш учун ундирилган давлат божи ва ижтимоий солиқ суммалари харажат сифатида қайд этилади ҳамда даромадлар таркибидан чегирилади.

Лойиҳада жавобгарлик чоралари ҳам назарда тутилган. Концерт-томоша бўйича тегишли маълумотлар солиқ органларининг мобил иловасига киритилмаган ва белгиланган тўлов амалга оширилмаган тақдирда ушбу хизмат солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб эътироф этилади ҳамда ижрочиларга ва ижодий гуруҳларга нисбатан шартноманинг ўртача қийматининг 20 фоизи миқдорида (8,24 миллион сўм), лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан кам бўлмаган суммада жарима қўлланилади.

Шунингдек, ушбу ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан қўлланилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўлаш таклиф этилмоқда.

Хорижда талаблар қандай?

Кўп мамлакатларда шоу-бизнес вакиллари энг кўп солиқ тўловчилар қаторига киради. Масалан, Америкада шоу-бизнес вакиллари “self-employed” (якка тадбиркор) сифатида солиқ тўлайди, ҳеч қандай баҳоналар ўтмайди. Санъаткор, хоҳ у тўйда хизмат қилсин, хоҳ стадионда концерт берсин, оддий фуқаро билан бир хил, аксарият ҳолларда эса ундан анча кўп солиқ тўлайди. Энг юқори даромад топувчи юлдузлар учун ставка 37 фоизни ташкил қилади. Ўз навбатида, АҚШда чиқиш қилган хорижлик санъаткорлардан ҳам тушумнинг 30 фоизи ушлаб қолинади. Солиқдан қочишга 100 минг АҚШ долларигача жарима ҳамда 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Германияда солиқ юки жуда юқори ҳисобланади. Даромад солиғи 14 фоиздан – 45 фоизгача. Жазо қаттиқ ва назорат кучли. Солиқни яшириш катта жарималарга ва ҳатто қамоқ жазосига сабаб бўлади.

Францияда ҳам артистлар оддий жисмоний шахс сифатида 45 фоизгача солиқ тўлайди. Солиқни яширса, 40 фоиздан 80 фоизгача қўшимча солиқ (пеня) ёки 500 минг еврогача жарима ҳамда 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Оғир ҳолатларда 3 миллион евро жарима ва 7 йилгача қамоқ жазосига тортилади.

Туркияда даромад солиғи миқдори 15 фоиздан – 35 фоизгача. Концерт, шоу ташкилотчилари ҳам солиқ тўлайди (КҚС ҳам бор). Солиқ тўламаса, жарима миқдори солиқни икки баробар қилиб ундиришдан иборат ва айрим ҳолларда жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.

Грузияда стандарт солиқ 20 фоиз. Лекин кичик бизнес (артистлар, блогерлар) учун 1 фоиздан – 5 фоизгача (имтиёзли режим) белгиланган. Шу сабаб кўп артистлар Грузияни “солиқ паст давлат” деб қарайди. Солиқдан қочиш жазоси ҳам енгил. Жарима + пеня. Бизнес лицензияси бекор қилиниши, оғир ҳолатда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Хуллас, хорижда санъат аҳлининг солиқ тўлаши аниқ-тиниқ қилиб белгиланган. Шундай экан, давлат бюджетидан маош олаётган маданият вазирининг санъаткорлар учун солиқда енгиллик беришни таклиф қилиши ҳам ғалати ҳолат. Аслида ҳар бир инсон даромадидан солиқ тўлаши шартлиги кундек равшанлигини, энг муҳими, давлат бюджетига тушаётган солиқлар қайси соҳаларга сарфланишини вазир жаноблари унутдими? Ёки Бош қомусимизнинг 63-моддасида муҳрланган “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт”лигидан бехабармикан?

Энг муҳими, шоу-бизнес вакилларига “Эл хизматида экансиз, хизматингиз ҳаққини ва ундан олинадиган солиқ юкини ҳам халқимизнинг ўзи кўтаришини унутманг!”, дегимиз келди.

Маруса ҲОСИЛОВА,

журналист

Улашиш:

Бошқалар

26-март 2026, 10:45
1 410

Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш

Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.


26-март 2026, 03:37
1 215

Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?

Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.


18-март 2026, 09:11
927

Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари

Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.


27-март 2026, 07:04
894

Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?

Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.