currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш

Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш

Ўзбекистон

calendar

26.03.2026

eye

40

Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон фармони билан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди.

Адлия вазирлиги томонидан фармонига асосан, сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда битимларни расмийлаштириш жараёнида ахборот хавфсизлиги ва маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида 2026 йил 16 март куни “Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги” Низом (рўйхат рақами: 3790) давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, эндиликда нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлашни тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида амалга оширади.

Эндиликда, тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади. Ушбу ариза асосида банк томонидан эскроу ҳисобварағи очилиб, шартномада назарда тутилган пул маблағлари мазкур ҳисобварақга киритилади.

Агар, шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан амалга оширилса, тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган (бошланғич) пул маблағлари кирим қилинади. Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида амалга оширилганда эса, бу ҳақда кредит ажратаётган банк томонидан нотариусга электрон маълумот юборилади.

Шундан сўнг тарафлар нотариусга мурожаат қилади. Нотариус эса шартномани тасдиқлашдан олдин махсус “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали банкка электрон сўров юбориб, эскроу ҳисобварағида маблағларнинг мавжудлигини реал вақт режимида текширади. Агар ҳисобварақда етарли маблағ мавжуд бўлмаса ёки у ёпилган бўлса, нотариус шартномани тасдиқлашни рад этади, бу эса ҳуқуқий хавфсизликни таъминлашда муҳим кафолат ҳисобланади.

Шартнома қонунчилик талабларига мувофиқ тасдиқлангач, нотариус томонидан банкка электрон тарзда тегишли маълумотлар юборилади ва айнан шу асосда банк томонидан эскроу ҳисобварағидаги пул маблағлари автоматик равишда сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади ёки ҳисобварағига ўтказилган маблағлар уларнинг сўровига кўра нақд шаклда тақдим этилади.

Мазкур тизимнинг жорий этилиши молиявий оператсияцлар шаффофлигини таъминлаш, фирибгарлик ва ноқонуний битимлар хавфини камайтириш, солиқ тушумларини ошириш, йирик миқдордаги нақд пул муомаласини қисқартириш ва фуқаролар учун хавфсиз ва қулай тўлов тизимини яратиш каби ижобий натижаларга хизмат қилади.

Сайдулло Убайдуллаев,
Андижон вилояти адлия бошқармаси
бош маслаҳатчиси

Улашиш: