currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларАҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришда қандай қўшимча кафолатлар мавжуд?

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришда қандай қўшимча кафолатлар мавжуд?

Тармоқда нима гап?

calendar

20.11.2025

eye

18

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришда қандай қўшимча кафолатлар мавжуд?

Бозор муносабатлари шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жамият тараққиёти ва барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан саналади. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунига асосан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари деганда, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва иш топишда қийналаётган ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахслар тушунилади. Давлатнинг аҳоли бандлиги соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳам аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Иш билан бандлик ва барқарор даромад олишнинг таъминланиши ижтимоий ҳимоянинг муҳим шаклларидан бири ҳисобланади. Шу туфайли давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, меҳнат бозорида ўзининг объектив кўрсаткичларига кўра бошқалар билан тенг рақобат қилолмайдиган шахсларни иш билан таъминлаш юзасидан қўшимча имтиёз ҳамда кафолатлар берилиши уларни ижтимоий ҳимоялашнинг муҳим воситаларидан ҳисобланади.

Меҳнат бозорида тенг рақобатлашишга қодир бўлмаган ва ишга жойлаштиришда ижтимоий ҳимоя қилинишга муҳтож бўлган шахслар доираси уларнинг ёши, саломатлиги аҳволи, малака-тажрибаси ҳамда бошқа объектив ҳолатлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Жумладан, қуйидагилар ана шундай ишга жойлаштиришда қўшимча кўмак ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар жумласига киритиладилар:

*   ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс), шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар);

*   умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактабларини, касб-ҳунар коллежларини ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

* “Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

*   Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

*   ногиронлиги бўлган шахслар;

*   пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);

*   жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

*   одам савдосидан жабрланганлар.

Меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган шахсларнинг иш билан бандлигини таъминлаш ва улар учун меҳнат бозорида қулай ҳамда имтиёзли шароит яратиб бериш мақсадида бир қатор ташкилий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий чора-тадбирлар белгилаб қўйилган. Бундай чора-тадбирлар қаторига:

*   улар учун махсус бандлик давлат дастурлари ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

*   ногиронлар меҳнат қиладиган махсус ташкилотлар, махсус иш жойлари ташкил этиш;

*   касбга ва ишга ўргатишнинг махсус дастурларини амалга ошириш;

*   мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналарда ижтимоий фонд ва меҳнат бозорларида тенг рақобатлаша олмайдиган фуқаролар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаб қўйиш;

*   аввалги ишига қайтиб келиш имкониятини назарда тутиш;

*   касаначиликни ривожлантириш;

*   ижтимоий заиф ва меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган фуқаролар учун қўшимча иш жойлари барпо қилаётган ва уларни қўшимча равишда ишга қабул қилаётган тадбиркорлик субъектларини иқтисодий-ҳуқуқий жиҳатдан рағбатлантириш;

*   ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишга жойлашишда қўллаб-қувватланиши лозим бўлган фуқароларни ишга қабул қилишдан бўйин товлаганлик, улар учун қўшимча иш жойлари барпо этмаганлик ва аҳоли бандлигига оид қонун талабларини бузганлик учун иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жавобгарлик белгилаш кабилар киритилиши мумкин.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш мақсадида туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан иш ўринларининг энг кам сони белгиланади, ташкилотлар томонидан эса иш ўринлари захирага қўйилади.

Иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар учун назарда тутилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига мувофиқ белгиланадиган иш ўринлари энг кам сонининг жами сони ташкилотнинг рўйхатдаги ходимлари ўртача сонининг етти фоизидан ортиқни (шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун уч фоизидан камини) ташкил этиши мумкин эмас.

 

Ходимларининг рўйхатдаги ўртача сони йигирма нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:

*   лавозимларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини 1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда белгилайди;

*   келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони тўғрисидаги маълумотларни 15 сентябрдан кеч бўлмаган муддатда маҳаллий меҳнат органига тақдим этади.

Бекжон Исмоилов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: