currencies image

12 739,95 UZS

7,39

usd

currencies image

14 191,03 UZS

9,50

eur

currencies image

139,14 UZS

0,23

ru



АсосийЯнгиликлар“Аълочи қиз эди” – Фарғонада ўз жонига қасд қилгани айтилаётган келинчакнинг яқинлари билан суҳбат

“Аълочи қиз эди” – Фарғонада ўз жонига қасд қилгани айтилаётган келинчакнинг яқинлари билан суҳбат

Ўзбекистон

calendar

21.08.2023

eye

8 409

“Аълочи қиз эди” – Фарғонада ўз жонига қасд қилгани айтилаётган келинчакнинг яқинлари билан суҳбат

2023 йил 20 август куни Ўзбекистон туманида яшовчи 20 ёшли аёл яшаш уйида ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ушбу хабар ҳамда марҳуманинг яқинлари томонидан олинган жасаднинг суратлари тармоқда яшин тезлигида тарқалди ва интернет фойдаланувчиларини ларзага солди. Ҳали 20 га ҳам чиқмаган, чиллали келиннинг асал ойидаги фожиали ўлими турли саволлар ва талқинларга сабаб бўлмоқда. Нима учун бундай бўлди? Фожианинг олдини олиш мумкинмиди? Hudud24 воқеа тафсилотларни ўрганиш мақсадида марҳуманинг қариндошлари ва қўшнилари билан боғланди. Марҳума Тоштемирова Зулайҳо Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Пасткўприк қишлоғи Гулзор кўчасида яшаган, тиббиёт билим юртининг битирувчиси эди. У 2023 йил 22 июнь куни Яйпан шаҳрида истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган И. исмли йигитга узатилади. Орадан бир ой ўтмай, 20 август куни унинг келинлик уйидан қўнғироқ қилиб “Қизингиз ўзини осиб қўйди, тезда етиб келинглар” дейишади... Марҳуманинг отаси Ғофуржон Худойбердиев: – Аввалги куни келди, жиянининг туғилган куни эди, чиройли келиб ўтириб кетди, ўзим уйига ташлаб қўйдим. Ҳамма ёқ тинч эди, қизим бирон нарсадан нолимади, арз қилмади. Ахир кенжа фарзандим-ку, эркатой қизим-ку, ҳар доим нима бўлса айтарди-ку, бирон гап бўлса ўша куни менга айтмасмиди? Мен ўз жонига қасд қилганига ишонмайман. Иш охирига етмагунча, жиноятчилар жазосини олмагунча қўймайман. Ахир, итниям бунчалик азобламайди. Бу нарса уюштирилган. Ўша уйда яшаган пайти қизимнинг телефонларигача олиб қўйишган... итга ўхшаб устидан қулфлаб кетаркан, бир ўзи уйда қоларкан... Мен бу нарсанинг тагига етаман! Улар кўпчилик, опалари, тоғалари бор. Аммо ҳаммаси қочиб кетди-ку, бир гап борки, менга рўпара келмаяпти... Сизлар нимадир қила олсаларингиз қилинглар, адолат рўёбга чиқсин. Бўлмаса ўзим албатта ҳаммасининг тагига етаман! Эшик тагида хассакашлик қилиб турган қўшнилардан савол сўрадик:

  • Бизга айрим мишмишлар етиб келди. Хусусан, бу қизни 7-8 синфлигидан мактабга юборишмаган, аттестатини пулга олиб беришган, кўчага чиқаришмаган, бу томонларда урф-одат шунақа, қизлар маълум ёшга етгач, мактабга юборишмайди дейишмоқда. Шу ростми?
Амиров Нозимжон, қўшни:
  • Йўқ, умуман бу нотўғри гап. Раҳматлик Зулайҳо менинг қизим билан синфдош эди. Биргаликда гул кўтариб сентябрда биринчи қўнғироққа боришган, то мактабни битиргунча бирга ўқишган. Зулайҳо кўз олдимизда катта бўлган, аълочи, одобли, тарбияли қиз эди. Тиббиёт билим юртини тамомлаб, ҳамшира бўлиш арафасида эди. Уйда ушлаб ўтирилган қиз бўлса, тиббиёт билим юртига киритишармиди?
Ичкарининг гапи одатда аёлларга кўпроқ аён бўлади. Зулайҳонинг аммаси, фожиа ҳақида ижтимоий тармоқларга хабар берган аёл билан суҳбатлашдик.
  • Нима учун бу хабарни ижтимоий тармоқларга олиб чиқишга қарор қилдингиз?
  • Чунки бошимиздан ўтган, биламиз, булар ишни бости-бости қилиб юбориши мумкин, илдизи бақувват одамлар...
  • Узр, нима бошингиздан ўтган?
  • Бундан 5 ой аввал, 8 март куни укам Равшанбек Худойбердиев фожиали вафот этган. Уни ҳеч ким турмайдиган уйида жасадини бўйнидан осилган ҳолда топдик. Укам раҳматлик туман ҳокимлигига яқин инсон эди, таъминотчи фирманинг эгаси эди. Пул масаласида муаммолари бўлган дейишди, шунга ўзини осган дейишди. Биз бунга ишонмасак ҳам, ҳеч қаерга чиқмадик, дафн қилдик. Вафотидан сўнг ҳам ҳокимликдан ҳеч ким хабар олмади, эшигимиздан одамлар қарзларини сўраб келишяпти. Бечоранинг етимларига бола пули ҳам, ҳатто дафн пулини ҳам олмадик. Мана кеча жияним билан бўлган мусибатда ижтимоий тармоққа чиқаргандик, ҳокимлик укамнинг оиласидан ҳам хабар ола бошлади. Агар индамасак, бу иш ҳам ёпилиб кетади, айбдорлар жазосиз қолади деган фикрда бу хабарни оммага олиб чиқдим. Ҳозир куёв томон “буларнинг зотида шунақа одат бор, амакиси ҳам восвосга учраб ўзини ўлдирган, жияни ҳам восвосга учраб ўзини ўлдирган” деб марҳуманинг ўзини айбдор қилишмоқчи. Буни яхшилаб текширишлари керак. Амакиси жонига қасд қилган деб жиянининг ўлимини шундай ёпиб юбормайдилар-ку.
  • Зулайҳо куёв билан яхши танишмиди? Севиб турмуш қуришганмиди ё совчи орқалими?
  • Совчи орқали танишишган. Лекин куёв ўзи шу қизга уйланаман деб туриб олди. Раҳматли жияним маҳалланинг олди қизларидан эди, кўзга яқин эди. Биз ҳали тўйга тайёр эмасмиз, дипломини олиши керак десак, ўзимиз дипломини олиб берамиз деб қўярда қўймай тўйни бошлаб юборишди.
  • Зулайҳо-чи? У розимиди тўйга?
  • Ҳа, ўзи рози бўлди, шу йигитга тегаман деди.
  • Зулайҳо уйида ўзига нисбатан босим, зўравонликлар бўлаётгани ҳақида хабар берганмиди? Тармоқда ёзишларича, “олиб кетинглар” деса ҳам ота-онаси уни олиб кетишмабди...
  • Уч кун олдин қиз онасиникига келган. Ранглари оқарган, ҳорғин эди. Жиянининг туғилган куни эди, биз ҳам ўша ерда эдик. Асли Зулайҳо бир гапириб ўн куладиган, қувноқ қиз эди. Ўша куни ранги бир аҳволлигини кўриб “Сен яхшимисан, бахтлимисан, ҳаётингдан мамнунмисан”, деб сўрадик. Ҳа деди-ю кўзларини олиб қочди. Кейин ичкари хонага кириб кетди. Ўша куни дугоналари билан гаплашган, уларга “эрга тегишга шошилманглар, эрга тегиш яхши эмас экан” деган.
Ўша куни жияним отасиникида ётиб қолди. Эртасига уйига кетиши керак эди. Мен сўрадим: “Қачон уйингга кетасан? Ҳали чилланг чиқмаган келин, қандай қилиб сени бир ўзингни юборишди, яна ётиб қолишга рухсат беришди?” дедим. “Ҳа кетаман ҳозир” деди, ортиқча гап айтмади. Биз кетдик. Ҳамма кетгач, аясига дардини айтган. Куёв қўпол муносабатда бўлаётганини, бир куни Зулайҳо ҳўл сочини билмасдан куёвнинг бўйнига теккизгани учун қулоғи аралаш бўйнига қаттиқ урганини, бечора каравотдан пастга тушиб кетганини айтган. Аяси, янгам бечора, ҳали чиллалик келинни бирдан уйга қайтариб опкелишга қандай журъат қилади, ҳеч ким биттада шартта риштани узмайди-ку. “Ўзингдан ҳам ўтгандир, сочинг кутилмаганда қаттиқ теккандир, бехосдан уриб юборгандир. Турмуш шунақа, силлиқ бўлмайди. Сабр қил” деган. “Ая, улар мени хўрлаяпти, камбағалсан деб камситяпти. Қайнонам ярим тун соат 12 яримгача қўйвормай оёғига ёғ сурттириб ушлаб ўтиради, Иқбол акам доим кеч келади”, деган. Янгам “ҳамма рўзғорда ўтади, чидагин” деб насиҳат қилган, қўлига “харажатларингга ишлатарсан” деб 500 минг сўм берган ва уйига жўнатган. Ўша куни кечга куёв билан ўртасида жанжал бўлган. Қиз қочган, кўчада ҳушидан кетган. Маҳалладагилар “скорий” чақирган, касалхонага олиб бориб муолажалар қилишган. Қайнонаси ўзи касалхонадан опкетган. Уйида эри яна урган. Эртасига опаси Зарнигорни чақиришган, “синглингизни тартибга чақиринг, гапимизга қулоқ солмаяпти, уйларни тозаламаяпти, чангларни артмаяпти” деган. Зарнигор “Айби шу холосми, сизларга берганда айтганмиз, эркатой деганмиз, яхши гапирсанглар қилади” деган. Эр-хотинни яраштириб яхшилик билан кулиб-кулиб гапириб кетган. Куёв ҳам энди яхши яшаймиз деган. Ўша куни кечки пайт қайнсинглиси қўнғироқ қилган, “ҳали аям қаттиқ гапирворибдила, Зулайҳо жуда яхши, уй ишларини қиляпти” деган. Эртаси якшанба 20 август эрталаб яна қайнисинглиси Зарнигорга телефон қилиб: “Синглингиз яна аямнинг гапларига қулоқ солмай қовоқ солволди. Кечқурун яхши гапириб кириб кетувди, эрталаб қовоғини солиб чиқди” деган. Зарнигор катталарни аралаштирмасак бўлмайди шекилли, майли мен катталарга айтиб бирга борамиз деса, йўқ ўзингиз келинг деган. Орадан 20-25 дақиқа ўтмасдан Зарнигор уларга қайта алоқага чиқиб укам билан кетяпман деган. Лекин орадан яна бироз вақт ўтиб у томондан қўнғироқ бўлган ва “Синглингиз ўзини осиб ўлдирибди, тезроқ етиб келинг” дейишган. Булар борганида, уйларида одам кўп бўлган. Қиз ҳовлида ерда ётган бўлган...
  • Янги келин-куёв, ўзаро розилик билан оила қуришган экан. Атиги 20 кунда бир одамни жонига қасд қилишгача олиб боришлари жуда ақлга сиғмас ҳолат-ку.
  • Жияним эрка, ҳаётга чанқоқ қиз эди. Ўзини шунчаки ўлдириб кетишига ҳеч ишонмаймиз. Билишимизча, куёв аввал бир қизни севган, лекин у бошқага тегиб кетган. Шунда ҳам булар телефонда гаплашиб юрганини у аёлнинг эри билиб қолгач, ажрашиб кетишган. Биз ўша аёлни унутолмаса-чи, жиянимни бебахт қилса-чи деганимизда совчилар йўқ у ўтмишда қолди дейишганди. Бироқ чиллали куёвнинг уйга ярим тунда келиши, ёш келинчакни арзимас нарсага калтаклаши қайси қуюшқонга сиғади, буни нима билан изоҳлаш мумкин. Ахир, буларда асал ойи, бир-бирига талпиниб яшаши керак бўлган, унча-бунча айби кўзга кўринмайдиган даври-ку. Жияним раҳматлик “Иқбол акам мени истамаяпти шекилли” деган экан онасига. Ким билсин яна. Тергов аниқлаштирар ҳақиқатни.
  • Айтишларича, куёв фотиҳага келганида, калтаклашибди.
  • Ҳа, маҳалламиз йигитлари “Маҳалламизнинг энг чиройли қизини уриб ўлдирдинг” деб жанжал чиқаришибди. Йигит касалхонага ётиб олибди. Лекин кечга бориб чиқибди касалхонадан, қочиб кетибди дейишяпти...
Марҳума келин бўлиб тушган хонадон унинг қизлик уйидан 3 километр узоқда, Яйпан шаҳрида экан. Куёв хонадонига боғланишнинг имкони топилмади. Бироқ Hudud24 ушбу қайғули воқеага тааллуқли барча томонларга минбар беришга тайёр эканлигини маълум қилади.

Улашиш:

Бошқалар

11-сентябр 2024, 11:32
2 291

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 437

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 414

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.


23-август 2024, 06:10
1 397

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқ тўлайди?

Солиқ кодексининг 461-моддасининг биринчи қисми 2-бандига асосан солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланиши белгиланган.

Мавзуга доир янгиликлар: