Ҳуқуқ
28.10.2026
34

Ўсмирлар неча ёшдан ишлаши мумкин, уларни ишга қабул қилишда қандай талабларга риоя этиш керак ва иш берувчилар учун қандай чекловлар белгиланган?
Ёшларнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланиши уларда масъулиятни шакллантириш, касб-ҳунар ўрганиш ва мустақил ҳаётга тайёрланишда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ вояга етмаганларни ишга жалб қилиш катталар меҳнатини ташкил этишдан фарқ қилади. Чунки бунда нафақат меҳнат муносабатларини қонуний расмийлаштириш, балки ўсмирнинг соғлиғи, таълим олиши, жисмоний ва маънавий ривожланишини муҳофаза қилиш ҳам талаб этилади.
Вояга етмаганлар неча ёшдан ишлаши мумкин?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида 18 ёшга тўлмаган ходимларнинг меҳнатини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилган. Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади. Шу билан бирга, айрим шартларга риоя этилган ҳолда 15 ёшга тўлган ўқувчиларни ҳам ишга қабул қилиш мумкин.
Иш шароити қандай бўлиши керак?
Бунда иш енгил бўлиши, ўсмирнинг соғлиғига ва маънавий камол топишига зарар етказмаслиги, шунингдек унинг таълим олиш жараёнига халақит бермаслиги лозим. Бундай меҳнат фақат ўқишдан бўш вақтда бажарилиши мумкин. Энг муҳими, ишга қабул қилиш учун ота-онадан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги талаб этилади.
15 ёшга тўлмаганлар ҳам ишлаши мумкинми?
Меҳнат Кодексининг 118-моддасига кўра, айрим истисно ҳолатларда 15 ёшга тўлмаган шахслар билан ҳам меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Масалан, маданий-томоша ташкилотлари, телевидение, радио, бошқа оммавий ахборот воситалари ва профессионал спорт соҳасида асар яратиш ёки ижро этишда иштирок этиш учун бунга қонунчиликда белгиланган махсус шартлар асосида йўл қўйилади. Бундай ҳолларда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги ва васийлик ҳамда ҳомийлик органининг рухсати талаб этилади. Шунингдек, иш боланинг соғлиғи ва маънавий камолотига зарар етказмаслиги шарт. Меҳнат шартномасини вояга етмаганнинг номидан унинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахс имзолайди.
Ишга қабул қилишда нималарга эътибор бериш керак?
Вояга етмаганни ишга қабул қилишда ёшни аниқлашнинг ўзи билан чекланиб қолмаслик керак. Иш берувчи, аввало, таклиф этилаётган вазифанинг хусусиятини, меҳнат шароитларини ва ишнинг ўсмир учун хавфсизлигини баҳолаши лозим. Шунингдек, меҳнат муносабатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиши, ходим меҳнат шартномаси имзоланишидан олдин бажарадиган иши, меҳнат шароитлари ва ички меҳнат тартиби қоидалари билан таништирилиши зарур.
Тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий
Меҳнат кодексининг 414-моддасига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахслар дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилинади. Кейинчалик улар 18 ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши керак.
Бу талаб ўсмирнинг соғлиғи бажараётган ишига мос келишини аниқлаш, меҳнат жараёнида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан баҳолаш ва унинг саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ходимнинг зиммасига юкланмайди.
Ўсмирлар учун иш вақти қанча?
Вояга етмаганларнинг меҳнатини ташкил этишдаги асосий талаблардан бири — иш вақтининг қисқартирилганидир. Меҳнат кодексининг 415-моддасига кўра, 16 ёшга тўлмаган ходимлар учун иш вақти ҳафтасига 24 соатдан, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимлар учун эса ҳафтасига 36 соатдан ошмаслиги керак.
Таълим олаётган ва ўқув йили давомида ишлаётган ўқувчилар учун бу меъёрлар янада қисқартирилади: 16 ёшгача бўлганлар учун ҳафтасига 12 соатгача, 16–18 ёшдагилар учун эса 18 соатгача иш вақти белгиланади. Бунда уларнинг ўқишдан бўш вақтда бажарадиган иши назарда тутилади.
Вояга етмаганларни ортиқча ишлатиш мумкин эмас
Иш вақтини қисқартириш ўсмирларга қўйилган имтиёзгина эмас, балки уларнинг таълим олиши, дам олиши ва саломатлигини асрашга қаратилган муҳим кафолатдир. Шу сабабли иш берувчи вояга етмаган ходимни белгиланган меъёрдан ортиқ ишлатиши мумкин эмас.
Уларни тунги вақтдаги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш ҳам тақиқланади. Ушбу чекловлар ходимнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирда ҳам қўлланилади.
Қайси ишлар ўсмирлар учун тақиқланган?
Вояга етмаганлар меҳнатида яна бир муҳим масала — уларни бажариши мумкин бўлмаган ишларга жалб этмасликдир. Меҳнат кодексининг 412-моддасига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқий камолотига зарар етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш тақиқланади. Жумладан, уларни оғир, зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларга, ер ости ишларига, шунингдек белгиланган меъёрлардан ортиқ оғир юк кўтариш ва ташиш билан боғлиқ вазифаларга жалб қилиш мумкин эмас.
Бу талаблар амалиётда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ўсмирни қурилишда хавфли ускуналар билан ишлашга, саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш жараёнларига ёки унинг ёшига мос бўлмаган оғир жисмоний меҳнатга жалб қилиш қонунчилик талабларига зид бўлиши мумкин. Иш берувчи вазифанинг номигагина эмас, балки уни бажариш шароити ва эҳтимолий хавфларга ҳам эътибор қаратиши шарт.
Вояга етмаганларга иш ҳақи қандай тўланади?
Шу билан бирга, вояга етмаган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашда ҳам алоҳида қоидалар мавжуд. Меҳнат кодексининг 420-моддасига кўра, иш вақти қисқартирилган ҳолда ишлаётган вояга етмаган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда амалга оширилади. Вақтбай иш ҳақи тўланганда иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан уларнинг кундалик иши катта ёшли ходимлар учун белгиланган кундалик иш вақти давомийлигига нисбатан қисқартирилгани сабабли камайган ҳақини қонунчиликда назарда тутилган тартибда тўлдириши мумкин. Ўқишдан бўш вақтда ишлаётган ўқувчиларга эса бажарилган ишга мутаносиб ҳақ тўланади.
Йиллик меҳнат таътили — камида 30 кун
Вояга етмаган ходимларнинг йиллик меҳнат таътилига бўлган ҳуқуқи ҳам алоҳида муҳофаза қилинади. Меҳнат кодексининг 418-моддасига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган ходимларга камида 30 календарь кундан иборат йиллик асосий меҳнат таътили берилади. Улар бу таътилдан ўзлари учун қулай бўлган вақтда фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бу норма ўсмирларнинг дам олишини таъминлаш ва меҳнат билан таълим ўртасидаги мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Меҳнат шартномасини бекор қилишда ҳам кафолатлар бор
Бундан ташқари, вояга етмаганлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда ҳам қонунчиликда белгиланган кафолатларга риоя этиш лозим. Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда умумий қоидалар билан бир қаторда вояга етмаган ходимлар учун назарда тутилган махсус талабларни ҳам ҳисобга олиши керак. Шу боис ўсмирни ишга қабул қилишдан тортиб меҳнат муносабатларини тугатишга қадар бўлган барча жараёнлар қонуний ва ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлиши муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаганларни меҳнатга жалб қилиш ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш билан бирга, уларнинг соғлиғи, таълими ва хавфсизлигини муҳофаза қилишга қаратилган қатъий талабларга асосланади. Иш берувчи белгиланган ёш чегарасига, ота-она розилиги талаб этиладиган ҳолатларга, тиббий кўрикка, иш вақти меъёрларига ва тақиқланган ишлар рўйхатига риоя этиши шарт. Қонун талабларини бажариш нафақат ҳуқуқий мажбурият, балки ёш авлоднинг хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларида камол топишини таъминлашнинг ҳам муҳим шартидир.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.