currencies image

11 765,76 UZS

17,71

usd

currencies image

13 638,87 UZS

49,99

eur

currencies image

139,71 UZS

0,01

ru



АсосийЯнгиликларАтмосфера ҳавосини ифлослантириш учун қандай жавобгарлик бор?

Атмосфера ҳавосини ифлослантириш учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳуқуқ

calendar

14.09.2026

eye

50

Атмосфера ҳавосини ифлослантириш учун қандай жавобгарлик бор?

Атмосфера ҳавоси инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шу сабабли қонунчиликда ҳавога ифлослантирувчи моддаларни меъёрдан ортиқ чиқариш, рухсатсиз зарарли таъсир кўрсатиш ҳамда ундан белгиланган талабларга риоя қилмасдан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 85-моддаси атмосфера ҳавосини ифлослантириш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни назарда тутади.

Хусусан, ифлослантирувчи моддалар ёки биологик организмларни атмосфера ҳавосига белгиланган йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ миқдорда чиқариб ташлаш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Шунингдек, атмосфера ҳавосига белгиланган энг юқори нормативдан ортиқ даражада зарарли физикавий таъсир кўрсатиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Бундай таъсирларга қонунчиликда белгиланган талабларни бузган ҳолда амалга ошириладиган турли зарарли физикавий таъсирлар кириши мумкин.


Атмосферага ифлослантирувчи моддаларни рухсатсиз чиқариш ҳам ҳуқуқбузарлик

Махсус ваколат берилган давлат органларининг тегишли рухсатисиз атмосферага ифлослантирувчи моддалар ёки биологик организмларни чиқариб ташлаш тақиқланади.

Агар қонунчиликка мувофиқ атмосфера ҳавосига зарарли физикавий таъсир кўрсатиш учун махсус рухсат талаб этилса, бундай рухсатни олмасдан фаолият юритиш ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Бундан ташқари, ноқулай метеорологик шароитларда атмосферанинг ифлосланиш даражаси ортиб кетишининг олдини олиш учун белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ бажармаслик ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунчиликда, шунингдек, ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферага ёппасига чиқариб ташланишининг олдини олиш чораларини амалга оширмаслик ҳам ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланган.

 

Қандай жарима қўлланилади?

МЖтКнинг 85-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган қоидабузарликлар учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солинади.

 

Атмосфера ҳавосидан ортиқча фойдаланиш учун ҳам жавобгарлик бор

МЖтКнинг 85-моддаси иккинчи қисми ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун атмосфера ҳавосидан фойдаланиш билан боғлиқ қоидабузарликларни қамраб олади.

Жумладан, атмосфера ҳавосидан белгиланган нормативлардан ортиқча фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Шунингдек, тасдиқланган нормативларсиз ёки махсус ваколат берилган давлат органларининг рухсатисиз атмосфера ҳавосидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиш ҳам қонун талабларини бузиш ҳисобланади.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинади.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: