Life Style
20.10.2026
70

Йўл-транспорт ҳодисалари инсон ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек, мол-мулкка жиддий зарар етказиши мумкин. Бундай вазиятда ҳайдовчининг ўз вақтида ва тўғри ҳаракат қилиши жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, ҳодиса оқибатларини камайтириш ҳамда унинг ҳолатларини холис аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 13 ва 14-бандларида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда унга дахлдор ҳайдовчилар бажариши шарт бўлган мажбуриятлар белгиланган.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 13-бандига мувофиқ, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда унга дахлдор ҳайдовчи, аввало, транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши, авария ишораларини ёқиши ҳамда авария сабабли тўхташ белгисини белгиланган талабларга мувофиқ ўрнатиши шарт. Шунингдек, транспорт воситаси ва ҳодисага алоқадор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги лозим.
Жароҳатланганлар бўлса нима қилиш керак?
Агар ҳодиса оқибатида инсонлар тан жароҳати олган бўлса, ҳайдовчи уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши, тез тиббий ёрдам ва фавқулодда қутқарув хизматларини чақириши зарур.
Шошилинч ҳолатларда жабрланувчиларни яқин атрофдаги тиббиёт муассасасига йўлакай транспорт воситасида юбориш, бунинг имкони бўлмаганда эса ўз транспорт воситасида олиб бориш талаб этилади. Бундай вазиятда ҳайдовчи тиббиёт муассасасида ўзининг исми-фамилияси, транспорт воситасининг давлат рақами ҳақида маълумот бериши, шахсини ва транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши ҳамда ҳодиса содир бўлган жойга қайтиб келиши шарт.
Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаси бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, ҳайдовчи қатнов қисмини бўшатишдан олдин ҳодиса ҳолатини белгиланган тартибда қайд этиши керак.
Хусусан, транспорт воситаларининг бир-бирига ва йўл иншоотларига нисбатан жойлашуви, ҳодисага алоқадор буюмлар ҳамда излар гувоҳлар иштирокида, фото ёки видеотасвирлар, шунингдек, тегишли чизма воситалари орқали қайд этилиши лозим. Бунда транспорт воситаларини зарур ҳолларда дастлабки ҳолатига қайта жойлаштириш имконияти сақланиши керак.
Шундан сўнг ҳайдовчи ҳодисага оид излар ва буюмларнинг йўқолмаслиги, ҳодиса жойини бошқа транспорт воситалари айланиб ўтиши учун зарур чораларни кўриб, қатнов қисмини бўшатиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ички ишлар органларига хабар бериши, гувоҳларнинг исми-фамилияси ва яшаш манзилини ёзиб олиши ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг келишини кутиши шарт.
Қандай ҳолларда ЙТҲ ҳақида ички ишлар органларига хабар бермаслик мумкин?
Йўл ҳаракати қоидаларининг 14-бандида бу борада истисно назарда тутилган.
Унга кўра, ҳайдовчилар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарномани расмийлаштириш билан боғлиқ ҳолларда ҳодиса тўғрисида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ёки ички ишлар органлари ходимларига хабар бермасликлари мумкин.
Бироқ мазкур имконият барча йўл-транспорт ҳодисаларига нисбатан қўлланилмайди. Бунинг учун суғурта қонунчилигида белгиланган шартлар ва тартибга риоя этилиши лозим.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ҳайдовчининг асосий вазифаси инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳодиса жойида хавфсизликни таъминлаш ҳамда воқеа ҳолатларини аниқлаш учун зарур чораларни кўришдан иборат.
Шу сабабли ҳайдовчилар транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш, ҳодиса изларини сақлаш ва тегишли органларга хабар бериш бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя этишлари зарур.
Қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳолларда эса йўл-транспорт ҳодисасини ички ишлар органлари ходимлари иштирокисиз, белгиланган тартибда хабарнома расмийлаштириш орқали ҳужжатлаштириш мумкин.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.