Ўзбекистон
24.07.2025
1 234

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва ҳаётда муносиб ўрин топиши учун давлат томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, ёшларнинг турли муаммоларини аниқлаш ва манзилли ҳал этишда “Ёшлар дафтари” тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Қуйида “Ёшлар дафтари”га киритилганларга бериладиган 15 та муҳим имтиёзларни қисқача санаб ўтамиз.
1. Моддий аҳволи оғир ёшларга ҳаётий вазият мураккаблигини, ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлигини инобатга олган ҳолда БҲМнинг 4 бараваригача ёрдам пули берилади.
2. Ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг бир қисми ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияси асосида қоплаб берилади.
Бунда сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисми, бироқ бир ойгача, бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишлича БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади.
3. Ёшларнинг автомактабларда ўқиш харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 4 бараваригача субсидия ажратилади.
4. Деҳқончилик ва томорқа хўжалигини юритиш билан шуғулланаётган, электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ер олган ёшларга мини-техника, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун 5 млн сўм субсидия ажратилади.
5. Ёш тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган ёшларга фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
Бу компенсация бир йилда ижара харажатларининг 30 фоизигача, бироқ энг кўпи билан БҲМнинг 25 бараваригача бўлиши мумкин.
6. Тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуроллари ни харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.
Мазкур маблағга ёшлар мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, перфоратор, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси, дурадгорлик, чилангарлик ускунаси, қурилиш ускунаси, компьютер жамланмаси ва бошқаларни сотиб олиши мумкин.
7. Техникум ёки ОТМларда ўқиётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
Ушбу ёрдамнинг миқдори контрактнинг 50 фоизигачани ташкил қилади. Лекин бу сумма БҲМнинг 50 бараваридан ошмаслиги керак.
8. Ёшларга замонавий касбларни ўрганиш, ахборот технологиялари соҳасида билим олиш ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича 6 ойгача муддатли ўқув курсларида қатнашиш учун, ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.
Шунингдек, бир вақтнинг ўзида замонавий касб ёки ахборот технологиялари курси билан бирга, хорижий тил ўқув курсини ҳам танлаб, ҳар иккиси учун субсидия олиш мумкин.
9. Ёшларни илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги 6 ойгача давом этадиган ўқув курсларига жалб этиш учун, ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.
10. Ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият соҳаларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларда иштирок этишлари учун:
маҳаллий босқичларда қатнашишда – яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 4 бараваригача;
халқаро босқичларда қатнашишда – яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 40 бараваригача.
11. Ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари ва фанлар бўйича ўқув хизматларини кўрсатаётган нодавлат таълим ташкилотларига, уч ойгача нотурар жой ижара харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда маблағ ажратилади.
Мазкур имтиёзни олиш учун нодавлат таълим ташкилотида таҳсил олаётган фуқароларнинг камида 20 фоизи “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиши шарт.
12. Бемор ёшларга мамлакат ичида ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида, БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.
13. “Бир ойлик ҳарбий хизмат”ни ўташ харажати ёшлар етакчисининг тавсияси асосида тўлиқ қоплаб берилади.
14. Никоҳи расман қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёш оилаларга, ўзининг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилишида, “Ёшлар дафтари” жамғармасининг кафиллиги берилади.
15. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси учун ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.
“Ёшлар дафтари”га кириш тартиби қандай?
“Ёшлар дафтари”га доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган (ўттиз бир ёшга тўлмаган) ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар киритилади.
“Ёшлар дафтари”га кириш учун аризани махсус электрон платформа ёки маҳалладаги ёшлар етакчиси ёрдамида юбориш мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Ижро варақаси қандай тартибда топширилади?
Пул маблағларини ундириш бўйича берилган ижро варақаси аввало қарздорга хизмат кўрсатувчи банкка топширилади.
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.