Ҳуқуқ
06.02.2026
599

Аҳолининг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида транспорт инфратузилмаси турли тоифадаги йўллардан, хусусан, автомобиль йўллари, велосипед йўллари ҳамда пиёдалар йўлакларидан иборатдир. Ушбу йўллар тизимида йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар, асосан, автомобиль йўлларида юзага келиши табиий ҳол ҳисобланади.
Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, «автомобиль йўли» тушунчасига қонунчиликда аниқ ҳуқуқий таъриф берилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2-октябрдаги ЎРҚ-117-сонли «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, автомобиль йўли — транспорт воситаларининг белгиланган тезлик, оғирлик ва ўлчам меъёрларига риоя этилган ҳолда узлуксиз ҳамда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга мўлжалланган муҳандислик иншоотлари мажмуаси, шунингдек ушбу мажмуани жойлаштириш учун ажратилган ер участкалари ҳамда автомобиль йўли устидаги қонун ҳужжатларида белгиланган доирадаги бўшлиқ сифатида эътироф этилади.
Бундан келиб чиқадики, транспорт воситаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тезлик, оғирлик ва ўлчам меъёрларига риоя этилган ҳолда узлуксиз ҳамда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда автомобиль йўллари восита сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Бироқ амалиётда йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юкларни ортиш ёки тушириш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек транспорт воситасининг техник носозлиги туфайли юзага келадиган мажбурий тўхташ ва тўхтаб туриш ҳолатлари ҳам кенг кўламда кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши тушунчалари, уларнинг ҳуқуқий мазмуни ҳамда қўлланиш тартиби аниқ ва батафсил белгилаб қўйилган.
◾️ Тўхташ — транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатиш.
◾️Тўхтаб туриш — ҳаракатни 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш. Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатсиз ҳолда бўлган жисм, жумладан бузилиб қолган транспорт воситаси «тўсиқ» деб ҳисобланади. Тирбандлик туфайли ёки Қоидалар талабига биноан тўхтаган транспорт воситаси тўсиқ ҳисобланмайди.
Умумий қоидага кўра, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган ҳолда ёки йўл чети билан масофа 3 метрдан кам бўлган жойларда тўхташ тақиқланади. Бироқ, мажбурий тўхташ (бузилиш) ҳолатларида ҳайдовчи қуйидагиларни бажариши шарт:
1. Автомобилни имкон қадар йўлнинг қатнов қисмидан четга (йўл ёқасига) олиш чораларини кўриш.
2. Авария чироқларини ёқиш ва авария тўхташ белгисини ўрнатиш.
Агар транспорт воситаси бузилмаган бўлса ва ҳайдовчи уни шунчаки қолдириб кетган бўлса, 10 дақиқадан кейин бу Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, «тўхтаб туриш қоидаларини бузиш» деб баҳоланади. Мажбурий тўхташда (бузилишда) эса ҳайдовчи транспорт воситасини йўлдан олиб чиқиш чорасини кўраётган бўлса, маъмурий жавобгарлик юзага келмайди. Шунингдек, ушбу кодексга мувофиқ, агар ҳайдовчи автомобилни йўлнинг қатнов қисмида, тўхташ тақиқланган жойларда, масалан, «Тўхташ тақиқланган» белгиси амал қилиш ҳудудида, пиёдалар ўтиш жойида, чорраҳаларда қолдириб кетса, автомобилни қатнов қисмида қолдириш бошқа ҳаракат қатнашчиларини тезликни ёки йўналишни кескин ўзгартиришга мажбур қилса (авария ҳолати юзага келса) тегишли моддалар билан малакаланади.
Беҳрўз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.
«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш
Прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди.