Ҳуқуқ
15.12.2023
910
© Фото: Hudud24.uzШубҳа ва гумонлар билан билан жавобгарликка тортиш мумкинми? Сукут сақлаш ҳуқуқи нима? Hudud24.uz бугун “Конституцияда шундай дейилган” рукни орқали айбсизлик презумпциясига оид нормаларга эътибор қаратади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида жиноят процессида айбсизлик презумпцияси одил судловнинг муҳим принципи ҳисобланади.
Шу боис, янги Конституциямизнинг 28-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор кафолатлар белгиланди.
Биринчидан, “айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”, деган норма киритилди.
Таъкидлаш лозимки, муайян жиноят иши бўйича суриштирувчи, терговчи тергов ҳаракатлари, суд эса суд тергови орқали далиллар тўплайди.
Айни пайтда, тўпланган далилларни баҳолашда уларга нисбатан шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Бунда, шубҳалар айблов томонга ишлатилиши керакми ёки ҳимоя фойдасигами, деган савол юзага келади.
Конституцияга киритилган ушбу инсонпарвар янги норма бундай вазиятда айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилинишини қатъий мустаҳкамлади.
Шахсни айбли эканлигига оид ҳар қандай шубҳалар, айблаш учун етарли бўлмаган маълумотлар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Терговда шубҳа остидаги далиллар асосида айб эълон қилинган бўлса ҳам, бундай вазиятда айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли судда унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади.
Яъни, “исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг” деган халқаро стандарт амал қилади. Мисол сифатида айтиш мумкинки, мамлакатимиз судлари томонидан сўнгги 5 йилда 4 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро оқланган.
Иккинчидан, “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”, деган қоида жорий қилинди.
Шахсни айбдорлигини исботлаш мутлақо суриштирув ва тергов органларининг бевосита вазифасидир. Айни шу боис ҳам, Конституциямизда шахсни ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслигига оид қоида мустаҳкамланди.
Жиноий таъқиб остидаги шахснинг сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши суриштирув ва дастлабки терговда унга босим остида ёки қадр-қимматини камситиб ноқонуний кўрсатма олиш ҳолатларининг олдини олади.
Конституциямизга киритилган мазкур нормалар тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидалар бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада, шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишидан ҳимоя қилади.
Учинчидан, “ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас”, деган мазмундаги инсонпарвар ва қадриятларимизга мос норма мустаҳкамланди.
Табиий савол туғилади, нима учун жиноят иши бўйича шахс ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас?
Биринчидан, шахсга нисбатан ҳар қандай айблов кўриб чиқилаётганда тезкор-қидирув ходими, суриштирувчи ёки терговчи томонидан унга нисбатан босим ўтказишдан ҳимоялайди, иккинчидан, ўз айбига мажбуран иқрор бўлишининг олдини олади, учинчидан, жиноий таъқиб остидаги шахснинг оғир ҳолатидан фойдаланиб, ундан қариндошларига қарши кўрсатув олишни тақиқлайди.
Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда ҳам “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур қилинмаслик” кафолати белгиланган.
Бу қоиданинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматни камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Қандай ҳолатлар оқова сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади?
Оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқлари аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-гигиена талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Сохта тўловга қобилиятсизлик учун қандай жавобгарлик бор?
Агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, шахсга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди.