currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларБахтсиз ҳодиса натижасида жароҳат олган ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби

Бахтсиз ҳодиса натижасида жароҳат олган ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби

Ҳуқуқ

calendar

12.02.2026

eye

22

Бахтсиз ҳодиса натижасида жароҳат олган ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби

Ҳозирги замонда меҳнат муносабатларида ходимлар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада меҳнат жараёнида юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ёки ходимларнинг тўсатдан касал бўлиб қолиши ҳолатларида уларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 365-моддаси иш берувчининг ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни даволаш-профилактика муассасаларига олиб бориш бўйича ҳуқуқий мажбуриятларини белгилайди.

Ушбу норма меҳнат муҳофазаси тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган кафолатларни мустаҳкамлайди.

1. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича иш берувчининг ҳуқуқий мажбуриятлари

Меҳнат кодексининг 365-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, иш берувчи иш жойида касал бўлиб қолган ёки бахтсиз ҳодиса натижасида жароҳат олган ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши шарт. Мазкур норма ходимнинг касаллик сабаби ишлаб чиқариш билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан қатъи назар қўлланилади. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мажбурияти иш берувчининг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Чунки амалиёт шуни кўрсатадики, бахтсиз ҳодиса содир бўлган дастлабки дақиқаларда кўрсатилган ёрдам инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Иш жойларида учрайдиган бахтсиз ҳодисалар турли кўринишларда намоён бўлади. Жумладан:

  • механик жароҳатлар;
  • куйиш ҳолатлари;
  • иссиқ ёки совуқ уриш;
  • электр токидан жароҳатланиш;
  • заҳарланиш ҳолатлари;
  • бўғилиш ва бошқа фавқулодда вазиятлар.

Қонунчиликка кўра, биринчи тиббий ёрдамнинг асосий вазифалари жабрланган ходимнинг ҳаётини сақлаб қолиш, оғриқларни камайтириш ҳамда эҳтимолий асоратларнинг олдини олишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, иш берувчи иш жойларини биринчи ёрдам воситалари билан таъминлаши ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартибини белгилаб қўйиши лозим.

2. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари

Мазкур модда мазмунидан келиб чиқиб, иш берувчи биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг ташкилий механизмларини шакллантириши талаб этилади. Бу, аввало, иш жойларини зарур тиббий воситалар билан таъминлашни назарда тутади. Биринчи ёрдам воситаларига боғлов материаллари, стерил бинтлар, тиббий пакетлар, салфеткалар ва бошқа санитария воситалари киради. Шу билан бирга, амалиётда зарур ҳолларда қўл остидаги воситалардан ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, жароҳатланган шахсни иммобилизация қилишда тахта, фанер ёки мато каби воситалар қўлланилиши мумкин. Мазкур норма иш берувчининг яна бир муҳим вазифасини - ходимларни биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усулларига ўқитиш мажбуриятини ҳам билвосита назарда тутади. Ходимларни махсус курсларда тайёрлаш орқали:

— жароҳатланган шахс аҳволини баҳолаш;

— хавф даражасини аниқлаш;

— реанимацион ёрдам кўрсатиш;

— жабрланганни хавфсиз транспортировка қилиш каби кўникмалар шакллантирилади.

Бу эса меҳнат хавфсизлиги маданиятини оширишга хизмат қилади.

3. Ходимларни тиббиёт муассасаларига етказиш бўйича иш берувчининг молиявий ва ижтимоий мажбуриятлари

Меҳнат кодексининг 365-моддаси иккинчи қисми иш берувчининг яна бир муҳим мажбуриятини белгилайди. Унга кўра, иш жойида касал бўлиб қолган ходимларни даволаш-профилактика муассасаларига олиб бориш зарур ҳолларда иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур норма ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бўлиб, меҳнат муносабатларида адолатлилик ва ижтимоий масъулият тамойилларини мустаҳкамлайди. Бу талаб иш берувчидан қуйидаги чораларни амалга оширишни талаб қилади:

— тез тиббий ёрдам хизматлари билан ҳамкорлик қилиш;

— санитар транспорт воситаларидан фойдаланиш;

— фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш алгоритмини ишлаб чиқиш.

Шунингдек, жароҳатланган ходимларни ташиш жараёнида уларнинг ҳолати, жароҳат хусусияти ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилиши зарур.

4. Мазкур норманинг меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқий аҳамияти

Бир сўз билан айтганда, 365-модда меҳнат ҳуқуқининг инсонпарварлик тамойилларини амалда таъминлашга хизмат қилади. Ушбу норма иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда ижтимоий масъулиятни кучайтиради ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизлик даражасини оширади. Шу билан бирга, мазкур модда талабларига риоя этмаслик меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида баҳоланиши ва белгиланган тартибда ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, мазкур талабларнинг самарали амалга оширилиши меҳнат муносабатларида хавфсизликни таъминлаш, бахтсиз ҳодисалар оқибатларини камайтириш ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Мафтуна Қурбонова,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: