Ҳуқуқ
12.01.2024
573
14-январь – Ватан ҳимоячилари куни. Ўзбекистонни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Ҳарбий хизматнинг машаққатини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликда ҳарбийлар учун бир қатор имтиёзлар белгиланган. Hudud24.uz қуйида уларнинг айримлари ҳақида маълумот беради.
1. Болаларни боғчага жойлашда имтиёз
Ҳарбий хизматчиларнинг болаларига давлат боғчаларига жойлашишда имтиёз берилади.
Бунда ҳарбийларнинг болаларига боғчада бўш ўринлар бўлганда биринчи навбатда йўлланма берилади.
2. Имтиёзли ипотека кредити
Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари берилади.
Бунда имтиёз уй-жой нархининг 25 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш шаклида бўлади.
Шунингдек, уй қуриб битказилгунга қадар ҳарбийларга хизмат турар жойи - квартира учун ҳар ойлик пул компенсация берилади.
Кредит олган ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ёки хизмат вазифаларини бажаришда оғир тана шикастланиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганда кредит ва унинг фоизлари ташкилот раҳбарининг қарори асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади.
3. ОТМга кириш учун тавсиянома
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади.
Тасвиянома олган ҳарбий хизматчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;
ОТМлар бакалавриатига ўқишга кириш учун қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш.
Тавсиянома 3 йил мобайнида амал қилади.
4. Хизматни ўтаб бўлгандан сўнг ишга имтиёзли жойлашиш
Муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар меҳнат органлари томонидан имтиёзли равишда ишга жойлаштирилади.
5. Имтиёзли меҳнат таътили
Умумий қоидага кўра, ходимларга ишга кирганидан 6 ой ўтгач меҳнат таътили берилади.
Муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, резервга бўшатилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга эса 6 ой ўтмасдан таътилга чиқиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига таътил уларнинг хоҳишига кўра қулай вақтда берилади.
6. Хизмат жойи ўзгарганда ўқишни баҳорги семестрда ҳам кўчириш ҳуқуқи
Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда талабалар ўқишини кўчириш баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин.
Бунда ўқишни кўчириш бўйича ариза топшириш – ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январигача амалга оширилади. Аризалар 25 январдан 15 февралгача кўриб чиқилади.
Шунингдек, талабаларга ҳарбий хизматни ўташ учун академик таътил ҳам берилади.
7. Бепул жамоат транспорти
Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланади.
8. Бепул дори воситалари
Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга амбулаторияда даволанишда дори воситалари бепул берилади.
9. Поэздга бепул чипта
Ярадор бўлган ҳарбий хизматчиларга Темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) берилади.
10. Фарзандларининг ОТМга кириши учун тавсиянома
ОТМга ўқишга кириши учун тавсияномалар қуйидагиларга берилади:
мудофаа қудратини мустаҳкамлашга салмоқли хисса қўшган, хизматдаги ҳарбий ва илмий фаолиятида маълум бир натижаларга эришган хақиқий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ва Миллий гвардия ходимларига – улар фарзандларининг ОТМга ўқишга кириши учун;
ҳарбий хизмат мажбуриятини бажаришда ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ярадор бўлиши оқибатида ногиронлиги бўлган шахс бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг ва Миллий гвардия ходимларининг фарзандларига.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
ОТМга ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб қандай?
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.