Life Style
18.11.2025
45

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мустақил давлатимизнинг асосий рамзларидан бири бўлиб, у халқимизнинг миллий ифтихори ва ғурур манбаидир. Бугун кенг жамоатчилик “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида мамлакатимиз Давлат байроғининг қабул қилинганлигининг 34 йиллигини нишонламоқда.
1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилингач, қисқа муддат ичида янги давлат рамзларини тасдиқлаш масаласи кун тартибига қўйилди. Ўша даврда байроқ лойиҳаси учун танлов эълон қилиниб, энг муносиб дизайн танлаб олинди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда расман тасдиқланди ва унинг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан белгиланди. Ушбу Қонунга мувофиқ, Давлат байроғи мустақил Ўзбекистон суверенитетининг тимсоли сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ўзининг ранглари ва тимсоллари билан бой маъно-мазмунни ифода этади. Байроқ уч хил асосий рангли горизонтал қатордан иборат бўлиб, улар орасидан икки ингичка қизил чизиқлар ўтган. Чап юқори бурчакда эса оқ ярим ой ва ўн иккита оқ юлдуз тасвири жойлашган.
Байроқ тасвирида юртимиз ҳудудида қадимда мавжуд бўлган қудратли давлатлар байроқларининг энг яхши анъаналари давом эттирилган ҳолда, республиканинг табиати ва халқимизнинг миллий-маънавий ўзлиги акс этади. Шунинг учун ҳам Давлат байроғимиз нафақат чиройли безак, балки халқимизнинг тарихи, бугунги ҳаёти ва келажак орзу-интилишларини мужассам этган муқаддас тимсолдир.
Давлат байроғи – мустақил давлатнинг сиёсий ва ҳуқуқий мақомга эга рамзи ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир” деб қатъий белгилаб қўйилган. Демак, байроғимиз мамлакатимиз суверенитетини, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ифода этади. Шу боис давлатимиз байроғи барча расмий идораларда, халқаро майдонларда ва дипломатик ваколатхоналарда доимий ҳилпираб туради. Масалан, 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида Ўзбекистон байроғи илк бор баланд кўтарилган эди – бу воқеа Ўзбекистон мустақиллигининг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинганининг ёрқин ифодаси бўлиб тарихга кирди. Шундан буён байроғимиз БМТ минбарида, нуфузли халқаро анжуманлар ва спорт мусобақаларида мамлакатимиз тимсоли сифатида намоён бўлиб келмоқда.
Байроқнинг маънавий жиҳатдан аҳамияти ҳам беқиёсдир. У халқимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини тарбиялайди. Дунёнинг турли бурчакларида ўтказилган халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон вакиллари ғалаба қозониб, елкасига байроғимизни ўраган ҳолда юксак минбарга кўтарилган онлар барчамизни фахрга тўлдиради. Масалан, Сидней Олимпиадасида боксчимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев Ўзбекистон байроғини кўтариб ғалаба шодиёнасини нишонлаганида, юртимиз мадҳияси янграб, байроғимиз бошқа давлатлар байроқлари қаторида энг баландда ҳилпираган эди. Бундай лаҳзаларда ҳар бир ватандошимизнинг қалбини чексиз ҳаяжон ва ифтихор ҳисси чулғайди. Байроқ инсонларда миллий руҳ ва ватанга садоқат туйғуларини кучайтирадиган кучга эга. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғида миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоя, умуммиллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, ор-номус ва ғурур мужассам эканлиги бежиз таъкидланмайди. Шу маънода, байроғимиз – истиқлолимиз руҳи ва халқимизнинг бирлигининг тимсолидир.
Мустақиллик йилларида Давлат байроғини улуғлаш, унга ҳурмат руҳини сингдириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳар йили 18 ноябрь сана – Давлат байроғи қабул қилинган кун – мамлакатимизда байрам сифатида нишонланиши анъана тусини олди. Бу санада юртимиз бўйлаб байроқ тадбирлари, кўргазмалар, спорт мусобақалари ва маданий-маърифий учрашувлар ташкил этилади. Таълим муассасаларида ва жамоат ташкилотларида байроқнинг тарихи ва аҳамиятига бағишланган дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилиб, ёш авлод онгида миллий рамзларга ҳурмат туйғуси мустаҳкамланмоқда. Айни кунларда давлат идоралари ва муассасаларда “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” рукни остида танловлар, марафонлар, ватанпарварлик акциялари ўтказилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Давлат байроғи – мустақил Ўзбекистон Республикасининг миллий, халқимизнинг бирлиги ва келажакка интилишларини ифода этувчи рамздир. Ўтган 34 йил давомида байроғимиз остида эришилган ҳар бир ютуқ ва ғалаба халқимиз учун чексиз фахр-ифтихор бағишлаб келмоқда. Бугунги кунда “Бир Ватан, бир халқ, бир байроқ” ғояси остида жамиятимиз янада жипслашиб, истиқлолимиз рамзлари атрофида бирлашмоқда. Ҳар биримиз давлатимиз байроғини улуғлаш ва унга ҳурмат кўрсатишни ўзимизнинг фуқаролик бурчимиз деб биламиз. Зеро, миллий байроғимизни эъзозлаш – Ватанимиз мустақиллигини, халқимизнинг ор-номуси ва ғурурини эъзозлаш демакдир. Байроғимиз доимо юртимиз осмонида эркин ҳилпираб, халқимизга куч-ғайрат ва ғурур бағишлаб турсин!
Мамазияев Хусниддин,
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва
малакасини ошириш институти Бош мутахассиси
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.