currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликлар«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш

«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш

Ҳуқуқ

calendar

09.02.2026

eye

27

«Рақамли прокуратура — 2030»: прокуратура фаолиятини рақамлаштириш орқали шаффофлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш

Бугунги глобал рақамлашув шароитида давлат бошқаруви тизимини, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ислоҳ қилиш объектив заруратга айланмоқда.

Прокуратура органлари фаолиятида тезкорлик, шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш ҳамда коррупция хавф-хатарларини бартараф этиш бевосита рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ.

Шу мақсадда прокуратура органларини 2030 йилга қадар рақамли трансформация қилишга қаратилган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Ушбу Стратегия прокуратура фаолиятини тубдан янгилаш, уни замонавий ва очиқ давлат институтига айлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий-дастурий ҳужжат ҳисобланади.

1. Стратегиянинг мақсади ва аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-204-сон Фармони билан тасдиқланган «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси прокуратура органларини рақамли трансформация қилишнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, асосий вазифалари ва амалга ошириш механизмларини белгилаб беради. Стратегиянинг пировард мақсади — қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг прокуратура органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва фаолият самарадорлигини оширишдан иборат.

Хусусан, 2030 йилга қадар илғор халқаро тажриба асосида прокуратура фаолиятининг барча йўналишларини автоматлаштириш, иш жараёнларининг шаффофлиги ва тезкорлигини кескин ошириш, шунингдек, прокуратура ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини юқори босқичга олиб чиқиш асосий мақсад сифатида белгиланган.

2. Рақамли трансформациянинг устувор йўналишлари

Стратегияда прокуратура органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг аниқ устувор йўналишлари белгиланган. Аввало, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан назорат қилиш соҳасига ахборот тизимлари ҳамда сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни ривожлантириш, иш жараёнларини рақамлаштиришга қаратилган ахборот тизимларини яратиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айниқса, жиноят ишлари бўйича иш юритувни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш орқали жиноят ҳақидаги ариза келиб тушган пайтдан тортиб, жазо ижросигача бўлган барча босқичларни қамраб оладиган ягона рақамли тизимни жорий этиш стратегик аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, судларда ишлар кўрилишида прокурорларнинг видеоконференцалоқа орқали масофадан иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, идоралараро интеграциялашув платформасини яратиш ҳамда юқори малакали, рақамли технологияларни чуқур билган ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

3. Прокуратура органларининг асосий рақамли вазифалари

Рақамлаштириш соҳасида прокуратура органлари олдига қатор муҳим вазифалар қўйилган. Жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёнида қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, рақамли муҳитда содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилиш ва коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш, замонавий технологиялар орқали тергов сифатини ошириш ҳамда жиноятларга қарши курашишда янгича ёндашувларни жорий этиш кўзда тутилган.

4. Коррупцияга қарши рақамли механизмлар

Стратегияда рақамли технологиялар орқали коррупция омилларини аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларида «рақамли назорат» функциясини жорий этиш белгиланган. Ушбу механизм реал вақт режимида мониторинг олиб бориш имконини бериб, қонунбузилишларни эрта босқичда аниқлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, «Raqamli prokuror» ахборот тизимлари комплекси орқали давлат органлари фаолиятини масофавий назорат қилиш, суд жараёнларида прокурорларнинг онлайн иштирокини таъминлаш, халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик ва кадрлар сиёсатига оид жараёнларни электрон шаклда юритиш имконияти яратилади.

5. Назорат ва тергов фаолиятини рақамлаштириш

Назорат қилувчи органлар фаолияти устидан шаффоф ва самарали назоратни таъминлаш мақсадида «Tekshiruvlarning yagona elektron reyestri» ахборот тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали барча назорат тадбирларининг ягона ҳисобини юритиш, уларнинг қонунийлигини мониторинг қилиш ҳамда текширув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш имкони яратилади.

Шунингдек, «E-tergov» ахборот тизими жиноят иши юритувининг барча босқичларини электрон шаклга ўтказиш, прокурор назоратини рақамлаштириш, сунъий интеллект орқали жиноятларни малакалашда таҳлилий ёрдам бериш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришнинг олдини олишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси прокуратура органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим ислоҳотлар мажмуасидир. Ушбу стратегиянинг изчил амалга оширилиши натижасида қонун устуворлиги янада мустаҳкамланади, коррупция хавфлари камаяди, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончи ортади.

Энг муҳими, прокуратура органлари замонавий рақамли технологияларга таянган ҳолда самарали, шаффоф ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган давлат институти сифатида шаклланади.

Улашиш: