Ўзбекистон
25.10.2024
243
Республикамизда 2024 йил 25 октябрда “Қоғозсиз бир кун” республика эко-акцияси ўтказилиши белгиланган. Мазкур акция Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2010 йил 22 июлдаги қарори тарғиботига бағишланади.
Акциядан мақсад қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш, дарахтларни асраб-авайлаш, улардан ишлаб чиқарилаётган қоғозлар сарфини камайтириш, мебел жиҳозларини ясашда қайта ишланган хом ашёлардан кенг фойдаланиш, қоғозларни ахборот-коммуникация технологияларига алмаштиришни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Маълумот учун, “Халқаро қоғозсиз кун” акцияси Ахборот ва тасвирни бошқариш ассоциацияси томонидан 2016 йилда ташкил қилинган бўлиб, қоғоздан оқилона фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган. Ассоциация маълумотларига кўра, 1 тонна қоғозни тежаш ёки қайта ишлаш 17 та дарахт, 26 минг литр сув, 240 литр ёқилғи ва 4 минг кВт/соат электр энергиясини “тежаб қолади”.
Мисол тариқасида биргина адлия органлари тизимида 2024 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 тонна офис қоғози тежалганини келтириш мумкин.
Тасаввур қилинг: 4х2х2,5 метр ўлчамдаги хона полдан шифтгача қоғоз билан тўлдирилган. Бу 20 куб метрни ташкил этади. Агар шу ҳажмдаги қоғоз билан ерни бир қават қилиб қоплайдиган бўлсак, у тахминан 160 минг квадрат метр майдонни, яъни 22 та футбол майдонини ёки 127 та олимпия бассейнини эгаллаган бўларди.
Ўртача ҳисобда 1 тонна офис қоғозини ишлаб чиқариш учун дарахт тури ва ишлаб чиқариш технологиясига қараб 17-20 та дарахт керак бўлиши мумкин. Шу сабабли, 12,7 тонна офис қоғозини тежаш орқали тахминан 240 та дарахтни сақлаб қолишга эришилди.
Кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлишига қарамасдан бу борадаги қонунбузилишлар камаймаётир.
Ҳатто давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилаётган, лойиҳа доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш назарда тутилган бўлса-да, миллионлаб экилган дарахтларнинг қанчаси яшаб қолаётганидан бехабармиз. Бунинг ҳисоб-китобини шу ишнинг бошида турганлар ҳам аниқ билмаслиги бундан ҳам ачинарли. Дарахт экиш учун сарфланган маблағлар ҳавога учаётганини эса қандай баҳолаш мумкин?
Президент фармони билан давлат ўрмон фонди ерларига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга мораторий эълон қилинган муддатларга қарамасдан, айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига нисбатан тажовузкорона хатти-ҳаракатлари, шу жумладан, дарахтларнинг қонунга хилоф равишда кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бундан ташқари, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг қонунга хилоф равишда кесилган дарахтлар ўрнига компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан улар кесилган жойга экиш ҳамда уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланиши ёки дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши ҳам кутилган натижани бермаётир. Энг ачинарлиси, дарахтлар қоғоз ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун эмас, бошқа шахсий манфаатларда кесилаётганини ҳам инкор этиш қийин.
Ишонмайсиз, лекин мумкин!
Қоғознинг ихтиро қилинганига 2 минг йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, унга бўлган талаб ҳали ҳамон ўзгармасдан келмоқда. Шу сабабли қоғоз ишлаб чиқариш технологияси ва техникаси йилдан-йилга такомиллаштирилмоқда.
Ўзбекистонда сўнгги вақтларда тошдан (мармар ишлаб чиқаришдан қолган майда тошлардан) олинадиган ноёб қоғоз тобора оммалашмоқда. Бир тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун битта ҳам дарахт кесилмайди, бир грамм ҳам сув ишлатилмайди. Тош (80 фоиз) ва полимерлар (20 фоиз)дан фойдаланилади. Шу билан бирга, целлюлоза қоғоздан сифат жиҳатдан ҳам афзаллиги кўп. Сабаби, тошдан ишлаб чиқарилган қоғоз сувда ивимайди, йиртилмайди, жуда мустаҳкам ва яроқлилик муддати ҳам анча узоқ. Тошдан олинадиган қоғоздаги ёзувлар узоқ вақт давомида сақланади, ўчмайди ва у аллергик реакциялар келтириб чиқармайди. Бундан ташқари, қоғозга сув остида ҳам ёзса бўлади. Таннархи ҳам оддий қоғозга нисбатан бир неча баробар арзон.
Масалан, “Fergana stone paper” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида йилига 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқарилади. Бу эса қанча-қанча дарахтларнинг нобуд бўлишининг олдини олади.
Маълумот учун: жаҳон қоғоз саноатининг эҳтиёжлари учун ҳар йили 1 миллион квадрат км. дан ортиқ ўрмон кесилади. Бу инсоният ҳаёти учун хавфли ҳолатларга сабаб бўлиши табиий. Шу боис, тошдан олинадиган қоғозга келажак учун амалга ошириладиган энг яхши инвестиция сифатида қараш лозим.
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 21 сентябрда қабул қилинган қонуни таҳририда) Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик, йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима тарзида молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланди.
Ўзбекистонда дарахтларни кесиш учун жарима миқдори сезиларли даражада оширилди. Дарахтларни кесиш учун жарима миқдорини 5 баробарга оширувчи қонун имзоланди. Ҳар бир кесилган дарахт ўрнига 100 тупдан кўчат экиш мажбурияти, юридик шахсларга 102 миллион сўмгача алоҳида жарималар белгиланди. Аммо, минг афсуски, бу борада мақтанадиган бирор ижобий натижамиз йўқ!
Табиатнинг ўз қонуни, ўз ҳақиқати бор: меҳр бериб, асрасангиз пойингизга гуллар тўшайди, топтаб, озор берсангиз, ортиғи билан ўзингизга қайтади. Кўпчилик кейинги йилларда атроф-муҳитнинг ифлосланишини, атмосфера ҳавосининг бузилишини иқлим ўзгариши билан боғламоқда. Аслида-чи?! Аслида қурилиш майдонига айланган ҳудудларда кўп йиллик дарахтларнинг йўқ қилинаётгани оқибати эканини тан олгимиз келмайди. Албатта, тан олгимиз келмайди-да, табиатга адолатсизлигимиз тагида моддий манфаат гулхандек ловуллаб, кўзимизни текин бойлик кўр қилиб турганда, виждонимиз мудраб ётганда, тан олиш осонми?
Инсон табиат қонунларини англай олмаслигини исботлаган инглиз файласуфи Фрэнсис Бэконнинг “Табиат устидан ҳукмронликни мўъжиза деб атаймиз. Аммо бу “мўъжиза” одатда бошимизга фақат кулфат ёғдиради” деган сўзлари айни ҳақиқат. Ҳеч бўлмаса яна бир ҳақиқатни – гуллаган дарахтларни кесиш ҳомиладор аёлни ўлдириш билан баробар эканини тан олайлик, ҳушёр тортайлик!
“Қоғозсиз бир кун” қоғозларда қолиб кетмайди, деган умиддамиз.
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Эр-хотин бир-бирига алимент тўлаш мажбурияти. Муҳим 5 жиҳат
Эр-хотин ажрашмаган тақдирда ҳам бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, иккинчи томон суд орқали алимент олиши мумкин.
Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?
Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.