Life Style
28.02.2026
58

Ўзбекистонда 2026 йилда болалар нафақаси миқдорини ошириш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Давлат бюджети сиёсати департаменти раҳбари Шерзод Муҳамедов журналистлар билан мулоқотда маълум қилди. Департаменти раҳбарининг таъкидлашича, нафақалар инфляция даражасидан кам бўлмаган ҳажмда индексация қилинади.
Бу хабар давлатнинг ижтимоий ҳимоя тизимига эътибори ортаётганини кўрсатади. Чунки болалар нафақаси оилаларнинг харид қобилиятини сақлаб қолиш ва болаларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришда алоҳида аҳамиятга эга. Бироқ савол ўртада турибди: бу қадам фақат миқдорни ошириш билан чекланадими ёки соҳада тизимли ислоҳотлар ҳам амалга ошириладими?
Нафақа юки ва чекланган имкониятлар
2022–2023-йилларда мамлакатда ҳар уч оиладан бири болалар нафақасини олган. Айрим ҳудудларда эса қамров даражаси 30 фоизга етган. Мутасаддилар айнан шу омил туфайли ўтган йиллар давомида нафақа миқдорини кескин ошириш имконияти чекланганини таъкидлаб келишади. Бу ҳолат ижтимоий харажатлар билан бюджет барқарорлиги ўртасида мураккаб мувозанат мавжудлигини кўрсатади.
Ижтимоий давлат тамойили ва болалар нафақаси
Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилган. Ижтимоий давлат тушунчаси фуқароларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш учун моддий бойликларни адолатли тақсимлашни назарда тутади. Болалар нафақаси мазкур моделнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, нафақа тизими, хусусан болалар нафақаси, асосан икки вазифани бажаради:
-оилаларнинг иқтисодий юкини енгиллаштириш ва камбағалликни қисқартириш;
-инсон капиталига узоқ муддатли инвестиция киритиш орқали иқтисодий ўсишни рағбатлантириш.
Аҳолисининг 34 фоиздан ортиғини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этаётган Ўзбекистон учун ушбу масала алоҳида аҳамиятга эга. Тараққийпарвар давлатлар ёш авлодни стратегик ресурс сифатида баҳолаб, уларнинг камолоти орқали мамлакат истиқболини таъминлашни мақсад қилмоқда. Яъни, болаларнинг эркин ижтимоийлашуви ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шарт-шароит мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ривожланишига, рақобатбардошлиги ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Амалдаги миқдорлар ва инфляция омиллари
Президентнинг 2025-йил 2-июнда имзолаган “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги 91-сонли фармонига мувофиқ, болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдорлари 10 фоизга оширилди. Ҳозирда амалда қуйидаги миқдорлар белгиланган:
-3 ёшгача–360 000 сўм;
-3–18 ёш–275 000 сўм;
-иккинчи фарзанд учун–165 000 сўм;
-учинчи ва кейинги фарзандлар учун–110 000 сўм.
Шу ўринда асосий савол туғилади: мазкур миқдорлар инфляция таъсирини ва бола парвариши билан боғлиқ реал харажатларни қай даражада қопламоқда?
Таққослаш ва имкониятлар
Ривожланган давлатлар билан эмас, ҳатто МДҲ мамлакатлари билан таққослаганда ҳам болалар нафақаси миқдори Ўзбекистонда анча паст экани ҳар биримизни ўйга толдирмай қолмайди. Масалан, Россияда ўртача нафақа Ўзбекистондагидан 3–6 баробар, қўшни Қозоғистонда эса 2–3 баробар юқори. Албатта, бу фарқни баҳолашда ҳаёт нархи ва иқтисодий шароитлар ҳам инобатга олиниши лозим.
Мутахассислар Скандинавия мамлакатларида қўлланиладиган универсал ёки квазиуниверсал нафақа тизимлари юқори қамров, паст маъмурий харажатлар ва кучли ижтимоий бирдамликни таъминлашини эътироф этишади. Бу биз учун тайёр андоза бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Манзилли тизим: афзалликлар ва муаммолар
Ўзбекистонда болалар нафақаси бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга сольинади. Асосий ҳужжатлардан бири Президентнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4296-сонли қарори бўлиб, унда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Нафақа “Ягона реэстр” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тайинланади. Оилалар маҳалла фуқаролар йиғини орқали кам таъминланган деб топилганидан сўнг, нафақа, қоида тариқасида, 12 ойга тайинланади ва энг кичик ёки ягона фарзанд 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаб борилади.
Тизимнинг асосий хусусияти–манзилли ёндашув. Бундай ёндашув асосида амал қилаётган нафақа тизими ресурсларни мақсадли тақсимлаш имконини берса-да, амалиётда қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани кузатилмоқда. Хусусан, норасмий бандлик кенг тарқалган шароитда ҳақиқий муҳтож оилалар тизимдан четда қолиб кетмоқда. Маҳалла орқали баҳолаш жараёнида субектив қарорлар хавфи сақланиб қолаётгани, нафақанинг қисқа муддатга тайинланиши эса оилаларда ижтимоий барқарорликни заифлаштираётгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, маъмурий юкнинг ортиши ва ижтимоий стигма эҳтимоли тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Болалар соғлиғи ва инсон капитали
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, сўнгги йилларда жаҳон миқёсида нафақа олувчи оилалар сони камайган Энг ташвишли жиҳати, нафақа олиш мезонларига жавоб берадиган оилаларнинг катта қисми тизимдан четда қолиб кетмоқда.
Мутахассислар бу ҳолатни маҳаллий даражада ресурслар етишмаслиги ҳамда “кам таъминланган” деган тамғанинг ижтимоий босимга айланиши билан изоҳлайди.
Болалар нафақаси инсон капиталига йўналтирилган инвестиция ҳисобланади. Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, болаликда соғлиқ ва овқатланиш муаммоларига дуч келган шахслар катта ёшда 20–30 фоизга кам даромад олади, уларнинг ижтимоийлашуви эса қийин кечади. Шу боис болаларга йўналтирилган ҳар бир сўм узоқ муддатда 4–7 сўм иқтисодий қайтим беради.
Ҳар бир давлат болаларни демократик, умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаши ҳамда уларни етарли даражада қўллаб-қувватлаши шарт. Акс ҳолда аҳоли сони салоҳиятсиз фуқаролар ҳисобига ортиб, жамиятда ижтимоий зиддиятлар ва криминоген вазият ортиши мумкин. Муаммоларни ечимсиз қолдириш эса янги ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараверади.
“Демографик дивиденд”
Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари демографик муаммоларга дуч келаётган бир пайтда, Ўзбекистондаги демографик вазият нодир имкониятни тақдим этмоқда. Бугунги болалар 20–30 йилдан сўнг мамлакатнинг асосий ишчи кучига айланади. Бу “демографик дивиденд” деб аталувчи ҳодисадир.
Бундай дивиденд учун инсон капиталига инвестиция киритиш зарур. Яъни болаларимиз меҳнат муҳожири сифатида эмас, балки соғлом ва билимли авлод сифатида мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи омилларига айланиши учун ресурлар тикилиши керак.
ЮНИСЕФнинг қуйидаги фикри буни янада яққол тасдиқлайди: “Ўзбекистон муҳим демографик босқичда турибди. Келгуси ўн йилликларда бугунги болалар ва ёшлар мамлакат тарихидаги энг йирик ишчи кучга айланади. Агар бугун уларнинг камолотига инвестиция тўғри йўналтирилса, айнан шу авлод Ўзбекистонни янги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт босқичига олиб чиқиши мумкин”.
Хулоса
Болалар нафақаси миқдорини ошириш режаси ижобий қадам ҳисобланади. Бироқ барқарор натижага эришиш учун фақат индексация билан чекланиб қолмасдан, тизим қамровини кенгайтириш, маъмурий тўсиқларни камайтириш ва нафақани инсон капиталига инвестиция сифатида баҳолаш зарур.
Болалар нафақаси тизимини самарадорлигини ошириш учун нафақа миқдорини ошириш билан чекланмасдан, унинг қамрови ва амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш зарур. Қисқа муддатда индексация ва рақамлаштиришни жорий этиш, ўрта муддатда қамровни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш, узоқ муддатда эса универсал нафақа тизимига ўтиш ҳамда уни таълим ва соғлиқни сақлаш дастурлари билан интеграция қилиш асосий вазифалар сифатида белгиланиши мақсадга мувофиқ.
Аҳолининг қарийб 34 фоизини болалар ташкил этиши давлат зиммасига катта масъулият юклаши баробарида улкан имкониятлар ҳам яратади. Болалар ва ёшларни стратегик ресурс сифатида баҳолаб, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш жамият ва давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди.
Шавкат Ёдгоров,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
АЁҚШларда автобензиннинг сифати бўйича шубҳа туғилса кимга ва қандай мурожаат қилиш керак
Ёнилғи сотиб олинган ёқилғи қуйиш шохобчасининг тўлиқ номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи чек сақланган бўлиши керак.
Меҳнат кодексида таътилга оид нормаларнинг мазмуни: 5 муҳим саволга жавоб
Ҳар йилги меҳнат таътили иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда берилади.