Содда талқин
28.03.2026
21

Менинг қизим 4 ёшда. Унинг бурни охирги пайтларда тез-тез битиб қоляпти, нафас олишга ҳам қийналаяпти. Шу муаммо боламни безовта қилганлиги учун лор шифокорга олиб бордим. Қатор таҳлиллардан, текширувлардан сўнг унга “Гайморит” ташхиси қўйилди. Ёш болаларда ҳам гайморит бўладими?
Нигора ОТАБЕКОВА (бемор онаси)
Гайморит – шамоллаш асорати
Бурун бўшлиғи бурун йўлларини намлантириш ва тозалаш ишларини бажаради. Бироқ, 3 ёшга қадар болаларда бурун бўшлиғининг бундай фаолияти катталарники сингари ривожланмаган бўлади. Бола туғилганда унинг гаймор бўшлиғи жуда ҳам кичкина бўлади. Бола 5 ёшга етганда у тўлиқ ривожланади. Шуни инобатга олган ҳолда чақалоқлар ва 3 ёшгача бўлган болалар гайморит хасталиги билан оғримайди. Уларда кузатилаётган гайморит каби аломатлар асосан шамоллаш касалликлари асорати ҳисобланади.
Масалан, бурун битиши ва оқиши, тумов ва йўтал 3 ёшгача бўлган болаларда ҳозирда жуда кўп кузатилаётган ҳолатдир. Бироқ, 4 ёшга етган болалар гайморитга чалиниши мумкин. Агар фарзандингизда тумов ва бурун битиши 1 ҳафта давомида ўтиб кетмаса, унда бу гайморит бошланишини билдирадиган аломат ҳисобланади. Шунинг учун касалликни имкон қадар эрта даволашга киришиш зарур.
Гайморитни грипп билан адаштирманг! Кўпинча ота-оналар боладаги гайморитни шамоллаш ёки грипп билан адаштиришади. Гайморит ўз вақтида даволанмагани сабаб, бурун ва юз атрофига йиринг тўпланади. Кейин эса, бола бурун битишидан ташқари бош оғриғидан ҳам қийналади ва холсизланиб қолади. Гайморитни ўз вақтида аниқлаб олиш учун унинг бошқа касалликлардан фарқини билиш муҳим. Болалар биламизки, ўзи кечирадиган оғриқли жараёнларни ўз вақтида етарлича тушунтириб бера олмайди. Масалан, ошқозон, жигар, ичаклар ёки биқин оғриса ҳам қорним оғрияпти деб шикоят қилишлари мумкин. Катталар 4-5 ёшдаги болаларда қуйидаги аломатларни кузатишса албатта терапевт, лор шифокорига мурожаат қилишлари керак:
— кечаси боланинг уйқуси нотинч бўлса ва ўйнаганда ҳам ҳолсизланса;
— бола кўп инжиқланиб, баъзан овқатланишдан ҳам бош тортса;
— бурун йўллари бекилганлиги учун гапирганда манқиллаб, минғирланаётганга ўхшаса, нафас олишга қийналса;
— юзи шишади, баъзан йиринг тўлган соҳада кўз шишиши кузатилса;
— бурун атрофида оғриқ бўлса ва жуда кўп ажралмалар (сариқ, яшил сифат) ажралса;
— ҳатто боланинг тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилса.
Нима қилиш керак? Кўпинча ўзбилармонлик қилиб болани уй шароитида даволашга киришилади, хатто антибиотиклар берилади. Шу ўринда ота-оналарга мурожаатимиз бор!
Болам гайморитга чидамли, ўтган сафар шамоллаганда тузалган эди деб, ўзингиз билган антибиотикларни берманг. Нима учун деб сўралса – бу иммун тизимининг ишига тескари таъсир қилиб, касалликка қарши курашганда заифлашишга олиб келади.
Ҳозир гайморитни даволашнинг энг осон ва қулай усули бор. Бурун бўшлиқлари махсус аппарат билан ювилади. Бу амалиётни болага 3 ёшдан бошлаб қўллаш мумкин. Масалан, тумовга чалинган болаларнинг бурун йўлларини очиш учун ҳам шу усул қўлланилади. Муолажада бурун бўшлиғида тўпланган йиринг ва ажралмалар сўриб олинади. Шунинг учун ҳам шифокор боланинг аҳволини кузатади. Қўшимча дори-дармонлар буюрилади. Агар ўғил ёки қизингиз шамоллаганда бурни битса, гайморитга айланишнинг олдини олиш учун ота-оналар ўзлари уй шароитида қўшимча табиий муолажалар қилишлари мумкин. Тирноқгул, қизилпойча, мойчечак гиёҳларидан бирини олиб дамлама тайёрлаб оласиз. Бурун учун спрей идишдан бўшаган идишга дамламани қуясиз. Болангизнинг яллиғланиш ва шамоллаш асоратлари тезроқ бартараф бўлади. Чаканда (облепиховый) ёки наматак мойини бурун йўлларига кунига 4 маҳал (2 ёшдан кичик болаларга қўллаш мумкин эмас) 1-2 томчидан томизиш ҳам ёрдам беради.
Унутмангки, оддий тумов анча пайтгача давом этса, албатта гайморит келиб чиқиши учун имкон яратади. Айниқса ёш болалар касалликка тез чалинувчан бўлишади. Шунинг учун ҳам йилнинг салқин фаслларида совуқ сув ичмаслик ва совуқ қотишдан сақланиш лозим. Ҳаво нам кунлари нафақат оёқни, балки бошни ҳам иссиқ тутиш лозим.
Г.Ашурова
Улашиш:
Бошқалар
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби қандай?
Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ходим, агар у ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кундан эътиборан кўпи билан уч ой ўтган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.
Ходимларга қандай ҳолатларда “байрам пули” тўлаб берилади?
Иш берувчининг мукофот пули тўлаш мажбурияти Меҳнат кодексида бевосита келтирилмаган, бироқ...