currencies image

12 893,07 UZS

18,01

usd

currencies image

13 386,87 UZS

19,93

eur

currencies image

125,96 UZS

1,21

ru



АсосийЯнгиликларБолаларни унаштириш қай даражада қонуний? Вояга етмаганлар никоҳига оид 5 муҳим масала

Болаларни унаштириш қай даражада қонуний? Вояга етмаганлар никоҳига оид 5 муҳим масала

Ҳуқуқ

calendar

21.12.2023

eye

520

Болаларни унаштириш қай даражада қонуний? Вояга етмаганлар никоҳига оид 5 муҳим масала© Фото: Hudud24.uz

Қашқадарёда 7-синф қиз унаштирилгани ҳақида хабар тарқалгандан сўнг ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамалар бошланди. Болалар омбудсмани ўрганиши ортидан видеотасвирдаги маросим унаштириш ёки тўй эмас, балки туғилган кун экани айтилди.

Хўш, никоҳ ёши қачон камайтирилади? Қачон давлат никоҳ тузишга йўл қўймайди? Болаларни унаштириш қай даражада қонуний? Никоҳ тузиш тартибини бузиш учун қандай жавобгарлик бор? Hudud24.uz шу сингари масалалар хусусида сўз юритади.

Фото: Darakchi

1. Диний расм-русум, бошқа удум ва маросимлар тан олинадими?

Барча халқ ва диндаги урф-одат ва маросимларнинг аксарияти, шубҳасиз, никоҳ билан боғлиқ бўлиб келган ва келмоқда. Ибтидоий даврда пайдо бўлган бу удумлар асрлар давомида ўзгаришларга учраб, ҳанузгача инсонлар ҳаётига таъсир ўтказиб келмоқда.

Шундай удумлардан бири – унаштирув. Унаштирув бу – никоҳ тўйидан олдин йигит ва қиз томоннинг розилигини расмийлаштириш учун ўтказиладиган маросим. Бундай розилик, қадимдан, йигит ва қизнинг ўзидан кўра уларнинг ота-онасига тегишли бўлган.

Ўрта Осиё халқлари орасида унаштирувнинг асосан икки тури учрайди. Биринчиси, белқуда – яқин дўст-биродарлар ўз аёллари ҳомиладорлиги пайтида, ҳали туғилмаган болаларни бир-бирига аташтириб қўйишган. Гўдак туғилиб улғайгач, турмуш қуришлари мумкин бўлган. Иккинчиси, бешикқуда (бешик-керти) – бешикда унаштириш.

Хусусан, ўтмишда бир-бирига яқин оилаларнинг бирида ўғил, иккинчисида қиз туғилса, улар вояга етганларида бирга турмуш қуришлари белгилаб қўйиларди. Ота-оналар келишиб, қизнинг бошини боғлаб қўйиш учун бешик дастасига пичоқ билан кертиб – белги қилиб қўйганлар. Бешик керти уруғ-қабилачилик даврининг қолдиғи. Қўшни, уруғ, қабилалар ўзаро дўстликни мустаҳкамлашда бешик-кертидан фойдаланганлар. Бешик-керти қилинган болалар вояга етганларида турмуш қуришлари шарт бўлган.

Бундай унаштириш одатлари ҳозирги кунда камдан-кам учрайди. Балоғатга етган йигит ва қиз икки оила хоҳиш-истаги билан унаштирилади. Бунда маълум диний расм-русумлар, масалан, “фотиҳа тўйи” қилинади.

Шу сингари унаштирув ва никоҳ маросимлари миллатнинг асрлар давомида сақланиб келаётган қадрияти, шунингдек, диний қарашларидан келиб чиқса-да, қонун бундай удумлари никоҳ сифатида тан олмайди, унга расмий тус бермайди.

Хусусан, никоҳ ФҲДЁ органларида қайд этилгандан сўнггина расмий тус олади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

2. Никоҳ ёши қачон камайтирилади?

Оила кодексига асосан никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш. Аммо айрим ҳолатларда ушбу чегарани айланиб ўтишга ҳаракат қилишади. Сабаблар эса турлича – “бобо-бувисининг касаллиги”, “ҳомиладорлик”, кимларнингдир “болалар тўйини кўриш”га бўлган қаттиқ истаги ва ҳоказо.

Қонун бундай ҳолатларни ҳисобга олиб, болаларнинг никоҳга киришига рухсат беради. Аммо ҳар доим ҳам эмас, ҳаммага ҳам эмас. Қуйидаги ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчилар никоҳ ёшини камайтиришни сўраб, туман, шаҳар ҳокимига илтимос қилиши мумкин:

  • ҳомиладорлик;
  • бола туғилиши,
  • вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация).

Ҳоким никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин. Аммо айтиш керакки, камайтириш ҳокимнинг ваколати, истаса камайтиради, истамаса йўқ. Шундай қилиб, “болалар тўйини кўришга муштоқ” оила аъзоси, ҳаттоки, ўлим тўшагида ётган бўлса ҳам, қонун унинг учун истисно қилмайди, боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Агарда никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузилса-чи? Айтайлик, ҳужжатларни сохталаштириш ёки бошқа йўллар билан. Бўлар иш бўлгандан кейин давлат барчасига кўнадими ёки никоҳни бекор қиладими?

Қонунга асосан агар ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган боланинг манфаатлари талаб қилса, шу боланинг ўзи, унинг она-отаси ёки ҳомийси, васийлик ва ҳомийлик органи, шунингдек, прокурор талаби билан никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам якуний нуқтани суд қўяди.

Айтайлик, суд оилани сақлаб қолишни лозим топди. Шунда ҳам масала тугамайди. Никоҳ тузиш тартибини бузганлиги учун айбдор ҳар бир маъмурий жавобгарликка тортилади. Агарда бола ҳали 16 ёшга тўлмаган бўлса ва у билан жинсий алоқага киришилган бўлса, жиноий жавобгарлик ҳам кутади.

3. Қачон давлат никоҳ тузишга йўл қўймайди?

Конституцияга асосан оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида. Аммо никоҳланувчилар, шунингдек, туғилажак болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида айрим ҳолатларда никоҳ тузишга йўл қўйилмаслиги мумкин.

Жумладан, Оила кодексига асосан қуйидаги ҳолларда никоҳ тузишга йўл қўйилмайди:

  • никоҳланувчиларнинг лоақал биттаси бошқа киши билан никоҳда турганлиги;
  • насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;
  • никоҳланувчиларнинг лоақал биттаси руҳият бузилиши сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.

Аммо улар ўртасида никоҳ қайд этилса-чи? Оила кодексига кўра, бундай ҳолларда тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади. Аммо истиснолар билан – агар суд қарори чиққунча никоҳни тузишга монелик қиладиган ҳолатлар тугаган бўлса, суд никоҳни ўша ҳолатлар тугаган пайтдан бошлаб ҳақиқий деб топишга ҳақли. Масалан, шахс қайта муомалага лаёқатли деб топилса.

4. Болаларни унаштириш қай даражада қонуний?

Айтайлик, 18 ёшга кирмаган қизнинг ота-онаси уни бировга унаштириб қўйди. Ота-она боласини унаштириш – “бировга ваъда қилиб қўйиш”га қай даражада ҳақли? Қуйидаги таҳлилда буни кўриб чиқамиз.

Биринчидан, қонунчиликда фақат никоҳ тузиш тартибини бузиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор. Унаштирув эса никоҳ ҳисобланмайди. Ўз-ўзидан аёнки, унаштириш қонунга зид эмас, шу билан бирга, ҳеч бир қонун ҳужжатида эсланмаган.

Қонун инсоннинг ҳар бир қадамини тартибга солмайди (тартибга солиши ҳам керак эмас). Бу ҳолатда урф-одат, анъана ва удумларга мурожаат қилинади. Хўп, болалар рози ва ота-оналар уларнинг бахтини ўйласа, бунинг нимаси ёмон? Бир қарашда ҳаммасини тушунарли ва табиий.

Аммо бола бу ёшда (18 ёшга етгунга қадар) бўлажак турмуш ўртоғини мустақил танлай оладиган лаёқатга эга бўладими? Ўз қарорларининг оқибатини англай оладими? (Таққослаш учун: фуқаролик қонунчилиги вояга етмаганларни тўлақонли шартнома субъекти сифатида тан олмайди, улар мустақил туза оладиган шартнома турлари чекланган).

Аксарият ҳолатда болаларни унаштириш уларнинг истагига қараганда узоқ йиллар жамиятдаги ҳукмрон мафкуралардан бири бўлиб келган “тўй культи”га бориб тақалади. Хусусан, қиз бола туғилгандан бошлаб, уни узатишга тайёргарлик кўришган. Жумладан, йиллар давомида унга сарпо-сеп тўпланган аёллар “қизни эсон-омон эгасига топшириш”ни ўзига миссия қилиб олган. Ва бундай ҳаракатлар кўп ҳолатда эрта турмуш билан якунланган. Албатта, бугунги кунга келиб қарашлар жиддий ўзгарди, 18 ёшга кирмаган болаларни унаштириб қўйиш, эрта уйлантириш (турмушга бериш) кўрсаткичи кескин камайди. Аммо шунга қарамай, ҳали ҳануз бундай ҳолатлар учраб турмоқда.

Айтиш керакки, ҳали мустақил фикри шаклланиб улгурмаган болани “бировга ваъда қилиш” ахлоқий томонлама нотўғри бўлиши мумкин, аммо ҳуқуқий жиҳатдан ноқонуний эмас. Чунки қонун унаштирувни тан олмайди. Шу боис, болага унинг учун ота-онаси берган ваъдаларга амал қилиш мажбурияти юкланмайди. Аммо консерватив ғоялар кучли одамлар гуруҳидаги “унаштируви бузилган” қизларга муносабат – алоҳида масала.

Шунга қарамай, болаларни унаштириб қўйиш ҳар доим ҳам қонуний бўлавермайди, агарда унаштирув масаласида болага руҳий, жисмоний таъсир ўтказилса, иродаси синдирилса.

Хусусан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга ҳақли. Катта кишилар сингари болаларга ҳам шахсий дахлсизлик, шу жумладан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқи берилган.

Оила кодексига асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Бу ҳуқуқни амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига зарар етказишга ҳақли эмас. Яъни болалар “ота-онасининг мулки” эмас. МЖТК эса болаларни тарбиялаш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик учун жавобгарлик белгилайди (Албатта, ҳар бир ҳолатда жавобгарлик масаласи ота-она хатти-ҳаракатларининг бола ҳуқуқларига таъсирига қараб ҳал қилинади).

5. Никоҳ тартибини бузса, нима бўлади?

Никоҳ ёши ва оила қуришга бўлган талаблар болаларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўрнатилган. Уларнинг бузилиши эса никоҳланувчи ҳаёти ёки соғлигига хавф солиши мумкин (Масалан, вояга етмаган қизнинг оила қуриши натижасида унинг руҳиятида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, ҳомиладорликнинг оғир ўтиши, оила қуришга руҳий жиҳатдан тайёр эмаслик ва бошқалар).

Шу сабабдан никоҳ тартибини бузиш ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, МЖТКнинг 473-моддасига кўра, қуйидаги никоҳ тузиш тартибини бузиш ҳисобланади:

  • никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш;
  • ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш (уйлантириш);
  • қонуний никоҳдан ўтмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш.

Ушбу ҳаракатлар маъмурий жавобгарлик қўлланилгандан кейин бир йил ичида қайта содир этилса, жиноий жавобгарликка тортилади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, аёлларни эрга тегиш ёки никоҳни давом эттиришга мажбурлаш, эрга тегишига тўсқинлик қилиш учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, катта кишилар сингари болаларга ҳам шахсий дахлсизлик, шу жумладан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқи берилган. Уларни унаштирув ёки никоҳдан ўтишга мажбурлаш бола ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.

Муроджон Нажмиддинов,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 468

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


14-декабр 2024, 07:32
2 403

Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.


4-декабр 2024, 10:53
2 079

Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.


23-ноябр 2024, 13:15
1 173

Радарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси – асосан чорраҳаларда, йўл бўйида металл устунларга ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами белгиларини аниқлайди.