Ҳуқуқ
02.07.2026
868

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас. Агар давлат қарори мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келса, бу фақат қонунда белгиланган ҳоллар ва тартиб асосида амалга оширилиши мумкин.
Мазкур нормага мувофиқ, давлат органининг қарори мулкни бевосита олиб қўйишга қаратилмаган бўлса ҳам, масалан, ер участкаси давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши натижасида унда жойлашган уй-жой, бино, иншоот ёки экинларга бўлган мулк ҳуқуқи бекор бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда мулкдорнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Қонунга кўра, мулк ҳуқуқи бекор қилинганда мулкдорга икки хил тарзда компенсация берилиши мумкин:
— олиб қўйилган мол-мулкка тенг қийматли бошқа мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва етказилган бошқа зарарлар қопланади;
— ёки мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши натижасида етказилган барча зарарлар тўлиқ ҳажмда пул шаклида қоплаб берилади.
Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уй, бино, иншоотлар, экинлар ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланади. Бунда баҳолаш мол-мулкни олиб қўйишдан олдинги ҳақиқий ҳолатига қараб ёки олиб қўйиш ҳақидаги хабар унинг бозор қийматига таъсир қилган вақтдаги ҳолатига қараб амалга оширилади.
Шунингдек, қонун муҳим кафолатни белгилайди: уй, бино, иншоот ёки экинларни зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмасдан туриб бузиб ташлашга йўл қўйилмайди.
Агар мулкдор давлат органининг қарорига рози бўлмаса, мазкур қарор низо суд томонидан ҳал этилмагунча ижро этилмайди. Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида нафақат қарорнинг қонунийлигини, балки мулкдорга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ барча масалаларни ҳам ҳал қилади.
Демак, Фуқаролик кодексининг 206-моддаси мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим кафолатлардан бири ҳисобланади. Унга кўра, мулк ҳуқуқи фақат қонун асосида чекланиши мумкин ва ҳар қандай ҳолатда мулкдорга етказилган зарар адолатли ҳамда тўлиқ қопланиши шарт.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.