Ўзбекистон
02.09.2026
32

Давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи мустаҳкамланди.
«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси қабул қилинган 2020 йилда бу соҳага катта ишонч билдирилиб, зиммасига муҳим вазифалар юкланган эди. Давлат хизмати тизимини замонавийлаштириш, қоғозбозликни камайтириш, одамларнинг вақти ва нақдини тежаш, энг асосийси, асабини асраш вазифаси қўйилди.
2020 йил 28 апрелда «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси ташкил этилди. Шундан буён фуқаролардан юзлаб маълумотномаларни тақдим этиш талаби бекор қилинди. Давлат хизматларини кўрсатиш вақти эса 70 фоизгача қисқарди. Бу замонавий давлат бошқарувининг инсон манфаатларига йўналтирилганини яққол кўрсатади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (my.gov.uz) такомиллаштирилиши ва ривожлантирилиши кўзга кўринган натижалардан бири бўлди. Портал орқали 2013 йилда атиги 40 та хизмат кўрсатилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 800 тага яқинлашди. Фойдаланувчилар сони дастлабки йилларда 100 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозир 12 миллиондан ошди.
2024 йилда электрон хизматлар орқали фуқаролар 149,5 миллиард сўм тежаб қолди, 160 тонна қоғоз сарфининг олди олинди.
Давлат хизматларига киришдаги катта енгилликлардан бири Ягона идентификация тизими (OneID)нинг ишга туширилиши бўлди. Авваллари ҳар бир давлат хизмати учун алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб этилган бўлса, эндиликда фуқаро бир марта рўйхатдан ўтган ҳолда барча электрон тизимлардан фойдаланиши мумкин.
OneID тизими орқали давлат портали, банклар, солиқ ва бошқа кўплаб хизматларга ягона аккаунт орқали кириш имкони яратилди. 2025 йил ҳолатига кўра, бу тизимдан кунлик фойдаланишлар сони 500 мингдан зиёдни ташкил этди.
Давлат хизматларида ортиқча қоғозбозликнинг қисқаришини Идоралараро интеграцион платформа (ИИП) самараси, дейиш мумкин. 2022 йилда ишга тушган мазкур тизим давлат идоралари ўртасида маълумот алмашинувини хавфсиз ва тезкор йўлга қўйиш имконини берди. Энди бир вазирликдан олинган маълумотни бошқа идора сўраб ўтирмайди, тизим ўзи автоматик равишда тегишли маълумотни интеграция орқали қабул қилади.
ИИП орқали 400 дан зиёд веб-сервислар ўзаро боғланган, ҳар куни миллионлаб маълумот алмашинуви амалга ошмоқда. Бу орқали фуқаролардан 100 дан ортиқ турдаги маълумотномаларни талаб қилиш бекор бўлди. Оддий қилиб айтганда, платформа вақт, қоғоз ва асабни тежайдиган ақлли ечим бўлди.
Рақамли технологиялар соҳасида халқаро компаниялар ва инвесторлар учун янги ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган 2026 йил 19 августдаги "Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида"ги ЎРҚ-1169-сонли Конституциявий қонун қабул қилинди. Қонун билан Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш, инновацион маҳсулот ва хизматларни яратиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда рақамли хизматлар экспортини кенгайтиришга қаратилган янги ҳуқуқий механизмлар белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикасида фуқаролар ва тадбиркорлик вакиллари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, давлат бюджети параметрларини ва шунга ўхшаш масалаларни муҳокама қилиш ҳамда қабул қилишда электрон тарзда иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Бу жараёнда фуқаролар ва тадбиркорлар фаол иштирок этишлари мумкин.
Мамлакатимизда рақамли технологиялар ривожи учун яратилган кенг имкониятлар катта натижалар олиб келди. IT-парк резидентлари 2 минг 800 дан ошди, хорижий компаниялар 752 тага етди. Бу соҳада 40 минг нафар ёшлар юқори даромад топаяпти.
Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди. Интернет тезлиги 7 баробар, мобиль интернет эса 4,5 баробар ошди. Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестиция киритилди.
Бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, келгуси йилда давлат хизматларини рақамлаштиришни 70 фоизга, IT хизматлари миқдорини 100 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. “Электрон ҳукумат ривожланиш индекси”да камида 55-ўринга кўтарилиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қатор ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган. Ҳудудларда аҳолини давлат хизматларидан самарали фойдаланиш мақсадида давлат хизматлари марказлари ташкил этилган.
Бугунги кунда 760 та давлат хизмати рақамлаштирилган. Ўтган йили 10 миллион фуқаро рақамли хизматлардан фойдаланган. Рақамлаштириш натижасида 70 дан ортиқ турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиш бекор бўлган.
Шу билан бирга аҳолини ва мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларни сифатли, бепул интернет билан таъминлаш мақсадида жамоат жойларида хусусан, давлат муассасалари савдо марказлари бозорлар аеропорт вокзаллар ва яна бир қатор жойларга бепул wifi зоналари ташкил этилди.
Рақамлаштириш — бу шунчаки технологияларни жорий этиш эмас, аввало, инсон учун қулай шароит яратиш демакдир. Бугун фуқаро кўплаб маълумотномаларни йиғиш, навбат кутиш ва бир идорадан бошқасига қатнаб юриш ўрнига, давлат хизматларининг аксариятидан электрон шаклда фойдаланиш имконига эга.
my.gov.uz, OneID, идоралараро интеграция ва бошқа рақамли ечимлар давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни янада тезкор, шаффоф ва қулай қилмоқда. Бу жараён нафақат вақт ва маблағни тежайди, балки давлат бошқарувида инсон манфаатларини устувор қўйишга хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Мустақилликнинг 35 йили: бирлик, тараққиёт ва фаровонлик сари
Бу йил халқимиз Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлайди.
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?
Мазкур қонун болаларга нисбатан зўравонлик тушунчасини, унинг турларини, давлат органларининг ваколатларини ҳамда ҳимоя механизмларини комплекс тартибга солди.