Ҳуқуқ
24.11.2026
48

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–98-сон Фармони билан илмий даражалар беришнинг марказлашмаган ва рақамлаштирилган янги тизими жорий этилмоқда.
Фармондан қандай мақсад кўзланган?
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишлари учун илғор ечимларни ярата оладиган янги авлод илмий кадрларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, илмий кенгашлар фаолиятида замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, изланувчиларни тайёрлашда устуворлик механизмларини жорий этиш, шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ижросини таъминлаш мақсади илгари сурилган.
Илмий даражалар беришда 2027 йил 1 январдан бошлаб қандай тартиблар бекор қилинмоқда?
Илмий даража беришда қуйидаги тартиблар бекор қилинмоқда:
чет тили фанидан малакавий имтиҳон топшириш (мустақил изланувчилар бундан мустасно);
Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация мавзуларини рўйхатдан ўтказиш ва диссертация ҳимояси тўғрисида эълон бериш;
диссертацияни етакчи ташкилотда муҳокамадан ўтказиш;
ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси учун тайёрланган диссертатсия натижалари юзасидан монография эълон қилиш;
диссертация авторефератини чоп этиш;
диссертация илмий натижаси амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида хулоса олиш;
Олий аттестация комиссиясининг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгаши томонидан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиш;
ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш;
таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти учун жалб қилинган чет эллик фуқаронинг хорижда олган илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларини нострификация қилиш. Бунда илмий даража тўғрисидаги ҳужжат унинг Ўзбекистондаги фаолияти давомида тўғридан-тўғри тан олинади.
Илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари этиб нималар белгиланди?
(а) рақамли ва ахборот технологиялари, жумладан, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, маълумотлар таҳлили ва рақамли ечимларни ишлаб чиқиш;
(б) атом ва қайта тикланувчи энергия манбалари, шу жумладан, водород технологиялари, энергия тежамкорлиги ва энергияни сақлаш тизимлари;
(в) агроинновациялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги, уруғчилик, селекция, ген технологиялари;
(г) тиббиёт ва биотехнологиялар, жумладан, биомедицина, генетика, фармацевтика, телемедицина ва юқумли касалликларнинг олдини олиш;
(д) сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва иқлимга барқарорликни таъминлаш, жумладан, чўлланишнинг олдини олиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш;
(ж) янги материаллар ва илғор ишлаб чиқариш технологиялари, шу жумладан, нанотехнологиялар, аддитив ишлаб чиқариш, робототехника ва автоматлаштирилган тизимлар;
(з) сейсмик хавфсизликни таъминлаш.
Хориж тажрибаси нима дейди?
АҚШда PhD илмий даражасини бериш ягона марказлашган аттестация органи орқали амалга оширилмайди. Илмий даража бериш жараёни университетлар ва тегишли факультет ҳамда докторантура дастурлари томонидан тартибга солинади. Диссертацияни мавзу бўйича илмий комиссия баҳолайди, докторант якуний оғзаки ҳимоядан ўтади. Чет тили имтиҳони барча PhD йўналишлари учун умумий мажбурий талаб ҳисобланмайди, бу талаб айрим мутахассисликлар доирасида белгиланиши мумкин. Диссертация чоп этилиши ва университет репозиторийларига жойлаштирилиши таъминланади, бироқ монография нашр этиш ёки мақолалар чоп эттириш барча йўналишлар учун ягона мажбурий шарт эмас.
Германияда докторлик даражаси бериш тартиби, асосан, университетларнинг докторантура регламентлари ва факультетлари томонидан белгиланади. Диссертация факультет томонидан тайинланган илмий экспертлар томонидан баҳоланади ва илмий мунозара (Disputation) ёки оғзаки имтиҳон орқали ҳимоя қилинади. Айрим университетларда диссертатсияни ҳимоя қилгандан кейин белгиланган муддатда нашр этиш докторлик даражасини расмий олишнинг шарти бўлиб қолмоқда.
Сингапурда докторлик даражаси бериш жараёни университетларнинг академик қоидалари асосида амалга оширилади. Докторант диссертациясини университетга тақдим этади, иш тегишли илмий экспертлар томонидан баҳоланади ва якуний оғзаки имтиҳон (Oral examination) ўтказилади. Айрим университет ва дастурларда докторантура босқичида малака имтиҳонлари ҳам мавжуд, бироқ илмий мақолаларни чоп этиш барча PhD дастурлари учун бир хил универсал талаб сифатида белгиланмаган. Диссертациянинг илмий сифати, мустақил тадқиқот натижалари ва ҳимоядаги билимлар асосий баҳолаш мезонлари ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, 2027-йил 1-январдан илмий даражалар бериш тартибида жорий этилаётган ўзгаришлар диссертация ҳимояси жараёнини соддалаштириш, ортиқча маъмурий талабларни қисқартириш ва илмий фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ислоҳотлардан биридир. Мазкур янгиликлар тадқиқотчиларга ўз вақтини ташкилий жараёнларга эмас, балки илмий изланишлар, янги билимлар ва амалий натижалар яратишга йўналтириш имконини беради. Хорижий тажриба ҳам илмий даража беришда институтсионал мустақиллик, илмий экспертиза ва тадқиқот сифатига устувор аҳамият берилишини кўрсатади. Энг муҳими, янги тартиблар илмий даражага эришиш жараёнини енгиллаштириш билан бирга, илмий масъулият, холис баҳолаш ва академик ҳалоллик тамойилларини янада мустаҳкамлаши лозим.
Нигора Юнусова,
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва
малакасини ошириш институти ходими
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
Рейс кечиктирилса қандай ҳуқуқларингиз бор?
Рейснинг кечиктирилиши йўловчилар учун турли ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлардан бири ҳисобланади.