currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларДунёвийлик: замонавий жамиятда эркинлик ва ҳамжиҳатлик пойдевори

Дунёвийлик: замонавий жамиятда эркинлик ва ҳамжиҳатлик пойдевори

Ҳуқуқ

calendar

08.12.2025

eye

42

Дунёвийлик: замонавий жамиятда  эркинлик ва ҳамжиҳатлик пойдевори

Замонавий дунёда дунёвий давлат модели жамият барқарорлиги, инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий ривожланиш учун энг мақбул йўл сифатида қабул қилинган.

Европа давлатлари, Америка, Туркия, Озарбайжон каби мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, динни давлат бошқарувидан ажратиш жамиятдаги барча дин ва миллат вакиллари учун тенг шароит яратади, можароларнинг олдини олади ва давлатни халққа хизмат қилувчи институтга айлантиради.

Ушбу жараён жамиятда динни ҳурмат қилувчи, лекин давлатни динга боғламайдиган маданий-интеллектуал муҳитни шакллантиради.

Ўзбекистон ҳам ана шу халқаро тенденциядан келиб чиқиб, дунёвийликни давлатчиликнинг асосий тамойили сифатида қабул қилди. Бу ислоҳот кўп миллатли, кўп динли жамиятда барча фуқароларнинг тенглигини таъминлашга қаратилган онгли давлат сиёсати натижаси бўлди.

2023 йилги референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда дунёвийлик принципи 1-модда даражасида мустаҳкамланди, “Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатдир”. Мазкур норманинг мавжудлиги шуни англатадики, давлат фуқароларга уларнинг қайси диндан эканига қараб эмас, аввало, инсон эканлигига асосланиб муносабат қилади.

Дунёвийликнинг асосий моҳияти виждон эркинлигидир. Конституциянинг 35-моддасида ҳар бир инсон истаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган.

Ушбу норма инсонга ўз танлови учун давлат томонидан жазо ёки имтиёз берилмаслигини, давлат унга бетараф қарашини кафолатлайди.
Бу ҳуқуқий нормалар “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги
Қонун, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан амалда таъминланмоқда.

Мамлакатда дунёвийликнинг ҳаётий ифодасини статистик кўрсаткичлар орқали ҳам аниқ-равшан кўриш мумкин. Бугунги кунда 2300 дан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритади, турли дин вакиллари ўз диний маросимларини бемалол бажаради, масжидлар, черковлар, синагогалар ва бошқа ибодатхоналар давлат муҳофазаси остида.

Шу билан бирга давлат сиёсий қарорларни қабул қилишда бирорта диний қоидага суянмайди барча жараёнлар ҳуқуқий тамойиллар асосида ишлаб чиқилади.

Дунёвийлик таълим ва ижтимоий ҳаётда ҳам муҳим ўрин тутади. Давлат таълим тизими бирор диний догмага асосланмайди, илм-фан ва замонавий билимга таянади. Бу ёшларга эркин фикрлаш имконини беради, турли диний қарашлар эгалари учун очиқ муҳит яратади.

Шу билан бирга диний билимларни ўрганишга ҳам шароит яратилган, бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, шу жумладан 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

Дунёвий давлат динни жамиятдан ажратиш эмас, динни сиёсатдан ажратишдир. Диний эътиқод инсонларнинг маънавий камолотига хизмат қилади, оиладаги муҳаббат ва ҳурматни мустаҳкамлайди, лекин давлат қарорларига асос бўлмайди. Бундай мувозанатнинг сақланиши жамиятда ҳамжиҳатликни, тинчликни ва ўзаро ҳурматни таъминлайди.

Натижада, Ўзбекистонда барқарор, очиқ ва эркин жамият шаклланиб бормоқда. Миллат ва динлар хилма-хиллиги юксалиш манбаи сифатида қабул қилинмоқда. Дунёвийлик хилма-хилликни бирлаштирадиган, ҳуқуқийлик ва инсон қадрини кафолатлайдиган пойдевордир. Шу боис ҳам Ўзбекистонда дунёвий давлат принципига содиқ қолиш келажак тараққиётнинг стратегик йўналиши ҳисобланади.

Дилмурод Ражабоев,
ҳуқуқшунос

Улашиш: