Ҳуқуқ
15.09.2026
34

Кундалик ҳаётда электр энергияси, табиий газ ва иссиқлик таъминотидан фойдаланиш белгиланган қоидалар асосида амалга оширилади. Айрим ҳолатларда эса фуқаролар ёки бошқа шахслар тегишли рухсатсиз тармоққа уланиш, ҳисоблагичларга аралашиш ёки уларнинг пломбасига шикаст етказиш каби қоидабузарликларни содир этади. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида жавобгарлик белгиланган.
МЖтКнинг 101-моддасига кўра, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ёки газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Масалан, шахс белгиланган тартибда рухсат олмасдан электр тармоғига уланса ёки газ тармоғидан ноқонуний равишда фойдаланса, бу қоидабузарлик сифатида баҳоланиши мумкин.
Шунингдек, электр, иссиқлик энергияси ёки табиий газни ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Бунда ҳисоблагичнинг ўзига ёки унинг пломбасига атайлаб зарар етказиш назарда тутилади.
Ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида унга ташқаридан аралашиш ҳам қонунга хилоф ҳисобланади. Яъни электр ёки газ сарфини кам кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш асбобига турли усуллар билан таъсир кўрсатиш маъмурий жавобгарликка олиб келиши мумкин.
Электр, иссиқлик ёки газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, ҳисоблагич ёки унинг пломбасига қасддан шикаст етказиш каби ҳолатлар учун:
— фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 20 бараваригача;
— мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Мазкур санкция 2026 йил 13 июндан кучга кирган янги таҳрирда белгиланган.
МжтК 101-моддасининг алоҳида қисмида яна бир ҳолат назарда тутилган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган бино ёки иншоотни электр энергияси, иссиқлик ёки газ таъминоти ташкилотининг ўзи тармоққа ўзбошимчалик билан уласа, бундай ҳолат учун айнан мансабдор шахслар жавобгар бўлади.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 бараваридан 85 бараваригача жарима солинади.
Демак, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида қурилган объектни электр ёки газ тармоғига улаш масаласида таъминот ташкилотлари ҳам белгиланган талабларга қатъий риоя қилиши лозим.
Агар шахс умумий фойдаланишдаги электр ёки газ тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланса, ёки ҳисоблагич ва унинг пломбасига қасддан шикаст етказиш, ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш учун унга аралашиш орқали электр энергияси ёки табиий газни оз миқдорда ўғирлаш билан боғлиқ ҳаракат содир этилса, бундай ҳолатга 101-модда қўлланилмайди.
Яъни мазкур ҳолатларда жавобгарлик масаласи қонунчиликнинг бошқа нормалари асосида ҳал қилиниши мумкин.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Муддатли тўловга оид талаблар: нималар ўзгарди?
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Даромадни яшириш қандай оқибатларга олиб келади?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддасида солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик белгиланган.