Life Style
28.03.2026
23

Наврўз байрами айнан қачон пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, аммо афсона-ривоятлар кўп. Масалан, зардуштлар замонида эзгулик Худоси Ахурумазда (Хурмуз) баҳор ва ёзда, ёвузлик худоси Анхарамайню (Ахриман) куз ва қишда ҳукмронлик қилади деган тушунчалар қарор топган. Кўкламнинг Наврўзга тўғри келган биринчи куни Хурмуз Ахриман устидан ғалаба қозонган сана сифатида байрам қилинган.
Бошқа бир афсонада уқтирилишича, Одам Ато билан Момо Ҳаво илк бор учрашган кун ҳам Наврўз дея аталган. Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарида қайд этилишича, уни дастлаб афсонавий подшолардан бири Жамжид янги кун деб атаган ва байрам қилишни анъанага айлантирган. Ажам подшоси Каюмарс эса кунлар ва ойларга ном бериб, йилнома жорий қилган. Тонгда Офтоб Ҳамал буржининг аввалги дақиқасига кирган кунни аниқлаб, йил ҳисобини шу пайтдан бошлашни буюрган. Наврўз байрами араб истилосига қадар Марказий Осиё ва Эронда кўпчилик халқлар, шунингдек, Кавказортида яшовчи, зардўшт динига мансуб қавмларда ҳам тантанали нишонланган.
Дарвоқе, бу улуғ айём аслида бундан тўрт-беш минг йиллар муқаддам яшаган қадимий аждодларимизнинг Қуёшга эътиқодлари туфайли вужудга келган. Зардуштийлар Қуёшни “худонинг жамоли”, ҳаёт чашмаси, ёруғлик ва иссиқлиқ манбаи деб билишган, унга атаб махсус маросимлар ўтказишган. Оловни эса қуёшнинг ердаги заррасига, яъни фарзандига йўйишган. Шу зайл офтобпарастликка, унинг негизида оташпарастликка асос солишган. Қишки ва эрта кўкламги маросимларда катта гулханлар ёқиб, аёз совуғини “ҳайдашган” ва баҳорни “чақиришган”. Бу баҳорга дахлдор турли-туман маросим ва удумларнинг пайдо бўлишига замин яратган.
Кўриб турганингиздек, Наврўз байрами зардуштийлар ҳукмронлиги даврида ҳам мавжуд бўлган. У бевосита табиатнинг уйғониши, зироатчилик ишлари бошланиши билан боғланиб кетган. Наврўз ва Меҳргон байрамлари ғазнавийлар, салжуқийлар, хорзмшоҳлар даврида кенг нишонланган. Ҳатто мўғуллар истилоси даврида ҳам халқ Наврўзни байрам қилишда давом этган.
Маҳмуд Кошғарийнинг 1076-1077-йилларда ёзилган “Девону луғотит турк” асарида баҳор ҳақида, қиш билан ёзнинг ўзаро тортишувлари, халқимизнинг Наврўз муносабати билан яратган қўшиқларидан намуналар келтирилган. Наврўзга бориб тақаладиган ўн икки мучалга оид зарур маълумотлар тилга олинган.
Сирасини айтганда, Наврўз ибтидоий тузум даврида – одамзод деҳқончиликка ўргангач, далаларда янги иш бошлашдан олдин ўтказиладиган баҳор байрами сифатида пайдо бўлган. Шунга кўра, аждодларимизнинг қадимги тақвими ҳам Наврўздан бошланган. Бу байрам эса ҳар жиҳатдан етук билимли кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки Наврўз коинот ва табиат қонунлари, яъни қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, кун билан тун вақт жиҳатидан тенглашиши аниқ ҳисобга олинган ҳолда илмий асосда белгиланган. Бу ҳар қандай жамиятда Наврўз табиат байрами сифатида нишонланишига асос бўлган.
Дарвоқе, Наврўз қуёш йили ҳисобидаги тақвимнинг биринчи, март ойининг кеча билан кундуз тенглашган палласи – 21-кунига тўғри келадиган янги йил байрамидир. Баҳорги тенг кунлик эса аста-секин сурилиб туради. Ҳозирги пайтда 20-22-мартга тўғри келади. Буни ўз даврида ҳазрат Алишер Навоий ҳам “Юз очиб билдирди, қад бирла сочи тенг эрканин, Зоҳир ўлғондек туну кун тенглиги Наврўздин” дея қайд этган. Шунингдек, “Висол айёми тонг йўқ очса рухсор, Ки доим очилур гул, бўлса Наврўз!” дея лутф айлаган. Наврўз фаслида деҳқон ер ҳайдаб, уруғ сочишини, шу тариқа эл-юрт учун ризқ-насиба йўлини очишини ҳам ўлмас сатрларга муҳрлаган.
Олим ва мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг “Осори ул-боқия” (“Ўтмиш ёдгорликлари”) китобида ёзилишича, Наврўз Эрон ва Туронда яшаган халқларнинг қадимий байрамидир. У баҳор ёмғирининг биринчи ёмғири тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда то насл вужудга келгунча ва ўсимлик ўсиб чиқа бошлагандан то такомиллашгунча давом этадиган вақтга тўғри келади. Шунинг учун ҳам Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган.
Зеро, Наврўз Ер юзидаги энг кўҳна, айни чоғда, энг навқирон айём ҳисобланади. У бутун Шарқ оламида катта шодиёна сифатида бир кун эмас, ҳафталаб, ҳатто, ойлаб тантана қилинади. Сабаби аён: энг аввало, бу дилбар фаслда бутун борлиқ уйғонади, жамики наботот ва ҳайвонот олами ҳаракатга келади. Одамзод қалбида янги-янги орзу-интилишлар, шодлик ва қувонч, севги ва ҳаётга муҳаббат ҳислари жўш уради. Табиат барчага меҳр улашади, ёшу қарини эзгулик ва яхшиликка ундайди.
Иккинчидан, Наврўз азал-азалдан тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, хайр-саховат, қадр-қиммат рамзи ҳисобланган. Шу куни урушлар, низо-можаролар тўхтатилган. Адоват ва гиналар четга сурилиб, аразлашганлар ярашганлар. Ёрдамга муҳтожларга, бева-бечоралар ва етим-есирларга мурувват кўрсатиш, беморлар аҳволидан хабар олиш, табаррук кексаларни зиёрат қилиб, дуосини олиш хайрли анъанага айланган. Одамлар сумалагу ҳалим, кўк сомса-ю патирлар пишириб, яқин ва дўст-биродарларига улашганлар.
Шу тариқа пайдо бўлган кўтаринки кайфият кишиларни эртанги кунга умид боғлашга, келажакка ишонч билан қарашга ундаган. Фирдавсий ана шу жиҳатларини назарда тутиб, Наврўзни байрамлар шоҳи сифатида улуғлаган. Заҳириддин Муҳамммад Бобур эса бошқа байрамлардан юз карра афзал айём дея таърифлаган. Шоир ва тарихчи олим Огаҳий таъбирича, Наврўз самода қуёшни юксакроққа кўтаради, алқисса, Ер куррасини қоплаган сояларни маҳв этиб, она заминни бошдан-оёқ файзу сафога тўлдиради. Натижада дунё жаннатга ҳам файз бағишловчи гўзалликка эга бўлади. Ҳазрат Мир Алишер Навоий халққа “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!” дея тилак билдиради. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин.
Бироқ, минг афсуски, шўролар замонида бошқа кўплаб асрий урф-одатларимиз ва миллий қадриятларимиз сингари Наврўз ҳам оёқости қилинди. У диний маросим сифатида қораланиб, қатъиян тақиқланди. Ҳатто сумалак пиширилаётган қозонни ағдариб ташлашдан тоймайдиган пасткашлар ҳам топилди. Ниҳоят, бу янглиғ камситишларга 1990-йил бошида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барҳам берилди. Ҳукуматимиз томонидан “21- март – Наврўз миллий байрами кунини дам олиш куни қилиб белгилаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Ана ўшандан буён Ўзбекистонда Наврўз янгича руҳда кенг нишонланиб келмоқда. Бу байрам арафасида барча шаҳар-қишлоқларимизда маданий тадбирлар, сайиллар, тантанали кечалар уюштирилмоқда. Мушоиралар, адабий суҳбатлар, учрашувлар, концертлар ўтказилмоқда. Халқ ҳашарга чиқиб, маҳалла-гузарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, дарахт ва гул кўчатлар ўтқазиш ишларида фаол қатнашмоқда, шукуҳли кунларда саховатпеша инсонлар сафи тобора кенгаймоқда. Энг муҳими, Наврўз республикамизда яшовчи барча халқлар, турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи омиллардан бири вазифасини ўтамоқда.
НАВРЎЗ УДУМЛАРИ
НАВРЎЗ САЙИЛЛАРИ
Наврўз билан боғлиқ гул байрамлари ўтмишда Марказий Осиё халқлари, чунончи, қадимги хоразмликлар, сўғдлар ва бақтрияликлар ҳаётида ҳам энг улуғ тантаналардан саналган. Тарихий манбаларга қараганда, Хоразм ва Бухорода қизилгул, Фарғона водийси ва Тошкент атрофларида лола, тоғли Чуст ва Денов туманларида сунбула, бошқа жойларда бойчечак сайиллари уюштирилган. Қуйида улардан айримлари ҳақида тўхталамиз.
Бойчечак сайли. Шарқ халқлари бойчечакни кўклам даракчиси ҳисоблашган. Шу боис эрта баҳорда болалар тўда-тўда бўлиб, “Ким биринчи бўлиб топса, бахтга эришади!” деган илинжда бойчечак қидиришган. Сўнгра уларни қўйниларига яширган кўйи ҳовлима-ҳовли юриб, қўшиқ айтишган. Бойчечакларни, биринчи навбатда, қарияларга тақдим этишган. Бу гул одамлар қишдан эсон-омон чиққанидан, яна баҳор келиб, янги ҳаёт бошланганидан далолат берган.
Бойчечак сайли турли жойларда ўзига хос тарзда ўтказилган. Масалан, Ургут туманининг Баландқишлоғида унга алоҳида тайёргарлик кўрилган. Кунлар илиб, кунгай ерларда бойчечаклар бош кўтариши биланоқ йигитлар уларнинг пиёзини кавлаб олиб, лойи билан авайлаб сақлашган. Сайил куни ҳар бир уйга кириб, қадимий “Бойчечак” қўшиғини куйлашган. Баҳор даракчисини хонадон эгаларига топшириб, суюнчи олишган. Шу тариқа бутун қишлоқни айланиб чиқишгач, тушган суюнчилар ҳисобига қўй сотиб олиб сўйишган. Дошқозонда ош дамлаб, энг аввало, кексаларга, беморларга ва азадорларга тарқатишган.
Лола сайли. Фарғона водийси тоғ ён-бағирларида ўтказиш анъанага айланган бу тадбирга халқ томонида сайланган “Лолачи” бошчилик қилган. У дўстлари билан маслаҳатлашиб, сайил жойини белгилагач, бирор дарахтнинг чиройли шохини кесиб олиб, лолалар билан безатган ва қишлоқ кўчаларидан олиб ўтган. Одамлар унга эргашиб, лолазорга йўл олишган. Бояги “гул дарахт” шодиёна ўтказиладиган майдон ўртасига ўрнатилиб, оқсоқоллар дуо бергач, сайил бошланиб кетган.
Қизил гул сайли. У ҳам кўп жиҳатдан лола сайлига ўхшайди. Сунъий гуллар билан безатилган дарахт шохини кўтариб олган “Лолачи” кўчама-кўча кезиб, карнай-сурнайлар жўрлигида халқни сайилга чорлаган. Йигит-қизлар қир-адирларга чиқиб, бир-бирларига қизил гул тақдим этишган. Аёллар эса янги келин тушган хонадонларга “келинкўрди”га боришган.
Хоразмда бу сайил уч кун давом этган. Шу вақт оралиғида навқирон ёшлар дўппиларига қизил гул ғунчасини қадаб юришган. Бухоро шаҳри ва қишлоқларидаги сайиллар эса Наврўз кунларидан бошланиб, салкам бир ой давом этган. У Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг мақбараси атрофида ўтказилган.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади
Улашиш:
Бошқалар
Декретга чиқмасдан ишлаш мумкинми?
Йўриқномага эътибор қаратилса, аёлга ҳомиланинг 30 ҳафтасидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади
Масофадан ишлаш тартиби: ходимлар нимани билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 453-моддасида масофадан туриб ишлашнинг ҳуқуқий тартиби белгиланган.
Иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган ходимларни қайта ишга қабул қилиш тартиби қандай?
Ҳарбий хизматга чақирилган (кирган), лекин кейинчалик захирага бўшатилган ёки истеъфога чиқарилган ходим, агар у ҳарбий хизматга чақирилган (кирган) кундан эътиборан кўпи билан уч ой ўтган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиш ҳуқуқига эга.
Ходимларга қандай ҳолатларда “байрам пули” тўлаб берилади?
Иш берувчининг мукофот пули тўлаш мажбурияти Меҳнат кодексида бевосита келтирилмаган, бироқ...