currencies image

11 774,92 UZS

9,71

usd

currencies image

13 588,26 UZS

1,80

eur

currencies image

139,17 UZS

0,18

ru



АсосийЯнгиликларЕрдан хўжасизларча фойдаланиш учун қандай жавобгарлик бор?

Ердан хўжасизларча фойдаланиш учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳуқуқ

calendar

16.09.2026

eye

33

Ердан хўжасизларча фойдаланиш учун қандай жавобгарлик бор?

Ердан белгиланган тартиб ва мақсадга зид фойдаланиш, унинг ҳосилдорлигини пасайтириш ёки яроқсиз ҳолга келтириш қонунчиликда жавобгарликка сабаб бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддасида ердан хўжасизларча фойдаланиш ва уни яроқсиз ҳолга тушириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жарималар белгиланган.

 

Ердан хўжасизларча фойдаланиш оқибати

Ер участкасидан хўжасизларча фойдаланиш, объект қурилиши вақтида ернинг унумдор қатламини олмаслик, ердан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига номувофиқ фойдаланиш, шунингдек ернинг фойдаланишдан чиқиб кетиши, ҳосилдорлигининг пасайиши, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига сабаб бўладиган ҳаракатларни содир этиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш ҳам шундай ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Бунинг учун фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади.

 

Қишлоқ хўжалиги ерларида экин экиш талаби

Иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларда ва муддатларда мақбул экин экилмаса, БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солинади.

 

Суғориладиган ерларни муҳофаза қилиш шарт

Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар суғориладиган ерларни яхшилаш ва муҳофаза қилиш, ердан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқни қайта тиклаш ва унинг ҳосилдорлигини ошириш чораларини кўриши керак.

Агар бу мажбуриятлар бир гектаргача бўлган ер участкаларида бажарилмаса, фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача жарима солинади.

Ер майдони бир гектардан ортиқ бўлса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача жарима қўлланади.

 

Ерни ифлослантириш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади

Қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни ишлаб чиқариш чиқитлари, бошқа чиқиндилар, кимёвий ёки радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантириш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай ҳолатда фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Шунингдек, ердан фойдаланишда унинг белгиланган мақсадига риоя қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ерларни ифлосланишдан асраш муҳим ҳисобланади. Зеро, ердан нотўғри фойдаланиш нафақат бугунги, балки келгуси фойдаланиш имкониятларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: