currencies image

12 937,16 UZS

23,97

usd

currencies image

13 937,20 UZS

28,40

eur

currencies image

154,55 UZS

0,38

ru



АсосийЯнгиликларФарзанд оилани сақлаш қуроли эмас, балки оила қувончидир

Фарзанд оилани сақлаш қуроли эмас, балки оила қувончидир

Суд очерклари

calendar

20.03.2025

eye

169

Фарзанд оилани сақлаш қуроли эмас, балки оила қувончидир

Биз ҳаётда бир-бирига ўхшамас қиёфалар, табиати ҳар хил инсонлар, турфа ҳил оилалар, турли-туман яшаш шароитларини кўрамиз. Шу сабабли бўлса керак, халқимиз орасида «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил» деган нақл бежизга айтилмаган. Ҳар бир инсон оила қураркан, бир кун келиб оиласи бузилишини ҳаёлига ҳам келтирмайди. Мақоладаги қаҳроманларимиз Манзура ва Ўткир (мақоладаги исм фамилиялар ўзгартирилган, ҳар қандай ўхшашлик тасодифдир)  ҳам не-не яхши ниятлар билан оила қуриб, биноидек яшаб юрганди, орада ширингина қизчалик ҳам бўлди. Лекин, орадан йиллар ўтиб, нима бўлдики ёшлар ўзаро келишолмай қолди, кунора жанжал кўпайганидан кўпайди. Эр-хотин ўртасида ҳурмат, меҳр, бир-бировга ишонч умуман қолмади.

Кунларнинг бирида жанжаллардан тўйган Манзура фарзандини олди-ю ва ота уйига кетиб қолди. Орадан кунлар, ойлар ўтди. Бир куни Уткир Манзурага келиб, ялиниб-ёлвориб, фарзандини онаси жудаям соғинаётганини айтиб, бир кунга ўзи билан олиб кетишга рухсат олди. Лекин Уткир ҳаёлида бошқа нарсани режа қилганди, яъни қизчасини бир амаллаб ўзи билан олиб кетса, кейин онасига умуман фарзандини кўрсатмайди, натижада Манзура иложсиздан оиласини тиклашга мажбур бўлади дея ҳаёл қилди. Манзура неча кундирки қизини олиб келади дея кутиб ўтирса да, Уткирдан дарак бўлмади. Орадан 10 кун вақт ўтди, Манзура амаллаб турмуш ўртоғининг уйига бориб фарзандини олиб кетай деса, Уткир фарзандини кўрсатишдан бош тортиб, агар келиб оиласини тиклаб ўзи билан бирга яшасагина қизини кўра олишини, акс ҳолда фарзандидан дарагини узса ҳам бўлишини уқтиришга ҳаракат қилди. Манзура қизини жудаям соғинганди, лекин унинг йиғлаб ёлворишларига қарамасдан, Уткирнинг кўнглига илиқлик чўкмади ва қизини онасига бериш тугул, онасига  кўрсатишдан ҳам бош тортди.

Манзура йиғлаб-йиғлаб ота уйига қайтди, у йўл-йўлакай узоқ ҳаёл сурди ва масаланинг ечими учун судга даъво ариза билан мурожаат қилишга қарор қилди. Манзура турмуш ўртоғига нисбатан фарзандини ўзининг тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилиб, жавобгардан фарзандини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраган.

Суд мажлисида даъвогар М.Алиева ўзининг даъво аризасини қўллаб-қувватлаб, жавобгар У.Шарипов билан 2014 йили турмуш қурганлигини, биргаликдаги турмушидан ўрталарида 2015 йил 13 ноябрь куни туғилган Мансурова Дурдона Уткировна исмли бир фарзанди борлигини, фарзанди жавобгар тарбиясида эканлигини, ўзи фарзандини жавобгарга ихтиёрий ташлаб кетмаганлигини, жавобгар қизини ноябрь ойида ўзидан рухсат сўраб, бир кун ўзининг ёнида бўлсин дея олиб кетиб, ўзининг тарбиясига беришдан бош тортиб келаётганлигини, қизини ўзи яшаётган тумандаги мактабга ўқишга жойлаштириб ташлаганлигини, ўзи фарзандининг тақдиридан хавотирда эканлигини, жавобгарнинг ўзининг фарзандига бепарво деган важлари билан келишмаслигини, тўлов пуллари қиммат бўлишлигига қарамасдан сифатли ўқитадиган мактабларга бериб қўйганлигини, қизини қайнонаси соғиниб йиғлайверганликдан, кўзи қиймасдан юбориб турганлигини, фарзанди кичик ёшда бўлиб, она тарбиясига муҳтож эканлигини, шу сабабли фарзандини ўзининг тарбиясига олиб беришни, даъво аризани қаноатлантиришни сўраган.

Суд мажлисида жавобгар У.Шарипов даъво аризани тан олмасдан даъвогар билан 2014 йил турмуш қурганлигини, ўрталарида 2015 йил ноябрь ойида туғилган Дурдона исмли бир фарзанди борлигини, даъвогар билан ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2022 йил май ойидан алоҳида яшаб келаётганлигини, фарзандини даъвогарга беришга қарши эканлигини, ўзи фарзандини қайтариб беришни ҳоҳламаслигини, турмуш ўртоғи келиб ўзи билан оила бўлиб яшасагина, қизини кўра олишлигини, фарзандига ўзининг онаси қараб келаётганлигини, даъвогар оиласини тиклайман деса эътирози йўқлигини айтиб, даъво аризани қаноатлантиришдан рад қилишни сўради.

Суд мажлисида сўралган мутахассис (психолог) вояга етмаган фарзанд Дурдона билан суҳбат ўтказганлигини, вояга етмаган «Оила» расмини солиш натижасида дастлаб онасининг, сўнгра отасининг расмини чизганлигини ва уларнинг бирга яшашини ҳоҳлашини, фарзанднинг кичик ёшда эканлигини эътиборга олиб, онаси тарбиясида қолдириш мувофиқлиги бўйича хулоса берилган.

Суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахслар иштирокида томонлардан тақдим қилинган СД диск, флешка кўздан кечирилганда, даъвогар ва вояга етмаганнинг бирга яшаган даврлари ўз аксини топган бўлиб, бу видеоёзувларда боланинг онаси тарбиясида мажбурликдан, ихтиёрсиз яшаб келаётганлиги бўйича ҳолатлар кузатилмаган.

Шу сабабли, суд жавобгарнинг ва гувоҳ қаторида сўралган онасининг «вояга етмаган Дурдона онасини ёқтирмайди, онаси билан яшагиси келмайди» деган важлари билан келишмаган. Шунингдек, суд ишга тақдим қилинган фотокўринишлардан вояга етмаган боланинг даъвогар онаси билан муносабатлари салбий даражада ривожланган деб баҳоламаган.

Ишда аниқланган ҳолатларга қараганда, икки томонда ҳам фарзанд тарбияси учун етарли шароитлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасининг учинчи бўлимида, ота-она фарзандларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга қараганда устун ҳуқуқга эга эканлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрь кунги «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган даъволарни ечишда судлар томонидан қонунларни қўлланиш тажрибаси ҳақида» ги 23-сон қарорининг учинчи бўлимида, суд алоҳида яшайдиган   ота-оналар орасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси фарзанди яшаш учун қолиши кераклиги ҳақидаги даъволарни ечишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган, ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолатларда, вояга етмаган фарзандларнинг манфаатларига ва ҳоҳишларига мос келадиган қарор чиқариши лозимлиги, бунда суд           ота-онадан бирининг моддий ҳолати устунлигининг ўзи фарзандни унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарда тутган ҳолатда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингиллардан қайси бирига боғланиб қолганлиги, ота-онадан қайси бири фарзандларига кўпроқ ғамқўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, фарзандларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг тарбиявий ва бошқа фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан фарзанд ўртасидаги муносабатларни, фарзандни тарбиялаш ва унинг келажаги учун шарит-шароитлар (ота-онанинг маълумоти тури, иш тартиби, моддий ва оилавий ҳолати ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олиш лозимлиги бўйича тушунтириш берилган.

Ишни кўриш натижаси билан суд вояга етмаганнинг ҳали кичик ёшда эканлигини, фарзанднинг руўҳий жиҳатдан соғлом бўлиб камолга етиши учун онасининг меҳри ва тарбияси зарурлигини, яъни фарзанднинг манфаатидан келиб чиқиб, халқ таълими вакилларининг фикр ва хулосаларини, мутахассис(психолог) хулосасини эътиборга олиб, жавобгар тарбиясидаги 2015 йил ноябрь ойида туғилган Дурдона исмли фарзанди онаси Манзура тарбиясига олиб берилиши ҳақида қарор қабул қилинган.

Шу ўринда шуни айтишимиз жоизки, биз бировлар ҳаётини муҳокама қилиш, инсонлар яшаш тарзига баҳо беришдан йироқмиз. Лекин, шу ўринда халқимиз орасида азалдан қадрланиб келаётган ўлмас қадриятни эслайсан киши. Муқаддас саналмиш оилаларимиз тиргаги мард оталар бўлса, унинг баракаси оқила аёлларимиздадир. Катталар ўртасидаги келишмовчиликлар, улар ечим топиши лозим бўлган ҳаётий сабоқларда фариштадай беғубор, мурғак фарзандларнинг ҳеч ҳам айби йўқ дегимиз келади. Гарчи фарзандлар оилани сақлаш учун қуролгина эмас, балки тўлақонли оилада чинакам болаликни яшаса, келажакда бундай фарзандлардан жамиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қушадиган инсонлар етишиб чиқади деб уйлаймиз…  

Ш.Абдыжемилова,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва
тартибга солиш таъсирини баҳолаш
институти

бош юрисконсульти

Улашиш: