Life Style
29.09.2025
56
Мамлакатимизда молия бозорини тартибга солиш ва уни ишончли қилиш учун қонунчилик асослари мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 19 июндаги 08-сон буйруғи билан тасдиқланган низомга асосан қимматли қоғозлар бозори – инвесторлар, компаниялар ва давлат манфаатлари тўқнашадиган муҳим майдонлардан бири ҳисобланади. Ушбу мақолада қимматли қоғозлар бозорида қонун бузилиши ҳолатлари қандай аниқланиши, кўриб чиқилиши ва бу ҳолатларга қандай чоралар кўрилиши ҳақида содда тилда ёритиб берилади.
Оддий қилиб айтганда қимматли қоғозлар бозори – бу акциялар, облигациялар каби қимматли ҳужжатлар чиқариладиган ва муомалада бўладиган жой. Бу бозорда «эмитент» (яъни, қимматли қоғоз чиқарувчи), инвесторлар ва профессионал иштирокчилар (масалан, брокерлар, дилерлар) қатнашади. Бу соҳада фаолият юритиш учун айрим ҳолларда рухсатнома (лицензия) талаб этилади. Ушбу соҳани назорат қилиш, қонун бузилишига қарши чоралар кўриш ваколати Ўзбекистон Республикаси Истиқлолли лойиҳалар миллий агентлигига берилган.
Қонунбузарлик қандай аниқланади?
Қимматли қоғозлар бозорида қонун бузилиши қуйидаги манбалар орқали аниқланиши мумкин:
— давлат органлари (масалан, прокуратура, суд, ИИБ) ҳужжатлари орқали;
— фуқаролар ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари;
— ОАВ орқали тарқалган хабарлар; Назорат тадбирлари давомида аниқланган ҳолатлар.
Агар қонун бузилганлиги ҳақида далиллар етарли бўлса, агентлик раҳбари қарор чиқариб, махсус комиссия тузади.
Ишни кўриб чиқиш тартиби
Комиссия камида уч кишидан иборат бўлади ва таркибига давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ёки қимматли қоғозлар соҳаси мутахассислари кириши мумкин. Ишни кўриб чиқишдан олдин томонларга (яъни, компания, инвестор ёки бошқа иштирокчиларга) уч кун олдин хабарнома юборилади.
Томонлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
— иш материаллари билан танишиш;
— тушунтириш бериш;
— далил ва ҳужжат тақдим этиш;
— эксперт чақириш;
— адвокат ёллаш;
— комиссия қарорига эътироз билдириш.
Агар тарафлардан бири чақирилганига қарамасдан келмаса, иш улар иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
Комиссия қандай қарорлар чиқаради?
Комиссия қуйидаги асосий қарорларни чиқариши мумкин:
— қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш бўйича кўрсатма;
— жарима ёки бошқа юридик чоралар;
— лицензияни вақтинча тўхтатиб туриш;
— малака сертификатини бекор қилиш;
— ишни бошқа давлат органларига юбориш;
ишни тугатиш (агар қонун бузилмаган бўлса).
Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Қарор қабул қилингач, уч иш куни ичида иштирокчиларга юборилади.
Ишни тўхтатиш ёки кечиктириш ҳолатлари
Айрим ҳолатларда иш кўриб чиқилиши тўхтатилиши ёки кечиктирилиши мумкин. Масалан: Томонлардан бири суд, солиқ ёки бошқа ишда иштирок этаётган бўлса; Қўшимча далилларга эҳтиёж туғилса; Табиий офат, техник муаммо ёки бошқа муҳим сабаблар юзага келса. Тўхтатилган иш ҳолатлар бартараф этилгач, яна давом эттирилади. Ушбу тартибларнинг асосий мақсади қимматли қоғозлар бозорининг қонуний асосда ишлашини таъминлаш ва инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилишдир. Агар бирор компания қонунларни бузса – масалан, сохта акциялар чиқарса ёки инвесторларга нотўғри ахборот берса – бу нафақат молиявий йўқотишларга олиб келади, балки бутун бозорга бўлган ишончни йўқотади. Шунинг учун ҳар бир қонунбузарлик ҳолати алоҳида кўриб чиқилиб, унга қатъий чора кўрилади.
Қарор ва кўрсатмаларнинг бажарилиши устидан назорат
Қимматли қоғозлар бозорида қонунбузарлик аниқлангандан сўнг, ваколатли давлат органи томонидан белгиланган қарор ва кўрсатмалар қатъий белгиланган муддатда бажарилиши шарт. Бозор иштирокчилари ушбу қарорларни бажариш орқали нафақат ҳуқуқий мажбуриятни адо этадилар, балки ўз фаолиятларининг қонунийлигини тиклашга ҳам хизмат қиладилар. Бажарилганлик тўғрисидаги маълумотнома, тасдиқловчи ҳужжат билан бирга, бир иш куни ичида ваколатли органга юборилиши лозим. Бу жараёнда аниқлик ва ўз вақтида маълумот тақдим этиш муҳим аҳамиятга эга.
Қарор бажарилиши қандай тасдиқланади?
Ижро қилинганлик қуйидаги ҳужжатлар билан расман тасдиқланади: Қимматли қоғозлар бозори иштирокчисини текшириш далолатномаси; Қонунбузарлик бартараф этилганини тасдиқловчи расмий ҳужжат. Агар ушбу ҳужжатлар орқали қонунбузарлик тўлиқ бартараф этилгани аниқланса, иш тугалланган деб ҳисобланади. Аммо агар ижро тўлиқ ёки қисман бажарилмаган бўлса, иш янада қатъий назорат остига олинади ва ҳуқуқий чоралар кўрилиши мумкин.
Муддатни узайтириш имконияти
Баъзи ҳолатларда, қарор ёки кўрсатма ижросини белгиланган вақтда бажаришда қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Бу каби ҳолларда бозор иштирокчилари ваколатли органга мурожаат этиб, ижро муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома юбориш ҳуқуқига эга. Агар сабаблар асосли деб топилса, орган ижро муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилади ва бу қарор илтимоснома берган шахсга уч иш куни ичида юборилади.
Ижрони тўхтатиш ҳолатлари
Ижро жараёни қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши мумкин: Юридик шахс банкрот деб топилганда ёки тугатилганда; Жисмоний шахс вафот этганда; Мазкур масала бўйича жавобгарликни белгиловчи қонун нормаси ўз кучини йўқотган ҳолларда. Бу ҳолатларда ижрони амалга оширишнинг маъноси йўқолади ва иш тугатилган деб қаралади.
Қарорлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқи
Ҳар бир бозор иштирокчиси ваколатли давлат органининг чиқарган қарори ёки кўрсатмаси устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ – адолатли судлов тизимининг муҳим қисмидир ва иштирокчиларни ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имконияти билан таъминлайди. Шикоят қилинган тақдирда ижро қандай амалга оширилади? Агар иштирокчи қарор ёки кўрсатма устидан судга мурожаат этган бўлса, суд якуний қарор чиқаргунга қадар мазкур қарор ижроси тўхтатиб турилади. Бу эса иштирокчининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида ҳеч қандай ноқулай ҳолатлар юзага келмаслигини таъминлайди.
Улашиш:
Бошқалар
Қандай қилиб давлат хизматларидан арзонроқ фойдаланиш мумкин?
ЯИДХПдан узлуксиз ва навбатсиз 24/7 режимда фойдаланиш мумкин.
Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қандай?
Кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг сотиб олувчига ўтганлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Талабаларнинг ижара тўловларини бир қисмини қоплаб бериш тартиби қандай?
Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.
Жисмоний ва юридик шахслар учун адвокат билан шартнома тузишда билиши зарур бўлган муҳим фактлар
Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади.