Ҳуқуқ
02.09.2026
44

Гаров — мажбуриятни таъминлашнинг муҳим усулларидан бири бўлиб, бунда қарздорнинг мол-мулки кредитор талабларини таъминлаш учун гаровга қўйилади. Гарoвга қўйилган мол-мулк бўйича гаровга олувчининг ҳуқуқлари қайси объектларга татбиқ этилиши Фуқаролик кодексининг 272-моддасида белгиланган.
Гаровга олувчининг гаров ҳуқуқи, одатда, гаров нарсаси бўлган ашёга нисбатан жорий қилинади. Бунда ашёнинг кимга тегишли эканлиги муҳим аҳамиятга эга. Агар гаров шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, гаров ҳуқуқи ашёнинг мансублигига қараб белгиланади.
Гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида ҳосил, маҳсулот ёки даромад олинган бўлса, уларга ҳам гаров ҳуқуқи татбиқ этилиши мумкин. Бунинг учун ушбу ҳолат гаров шартномасида алоҳида назарда тутилган бўлиши керак.
Масалан, даромад келтирувчи мол-мулк гаровга қўйилган бўлса, шартномада кўрсатилган тақдирда ушбу мол-мулкдан олинадиган даромадлар ҳам гаров билан таъминланган мажбурият доирасига киритилади.
Агар бутун корхона ёки бошқа мулкий комплекс ипотекага қўйилса, гаров ҳуқуқи унинг таркибидаги кўчмас ва кўчар мол-мулкнинг барчасига татбиқ этилади.
Бундан ташқари, корхонага тегишли талаб қилиш ҳуқуқлари, мутлақ ҳуқуқлар ва ипотека даврида вужудга келган айрим ҳуқуқлар ҳам гаров ҳуқуқи доирасига кириши мумкин.
Бино ёки иншоот ипотекага қўйилганда, у жойлашган ер участкаси билан боғлиқ масала ҳам муҳим ҳисобланади.
Қонунчиликка кўра, бино ёки иншоотни ипотекага қўйиш, тегишли ер участкасини ёки ундан фойдаланиш учун зарур бўлган қисмини ёхуд ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ҳам бир вақтда ипотекага қўйиш шарти билан амалга оширилади.
Бу қоида бино ёки иншоот билан у жойлашган ер участкаси ўртасидаги ҳуқуқий боғлиқликни таъминлашга қаратилган.
Ер участкаси ипотекага қўйилган бўлса, гаров ҳуқуқи автоматик равишда ушбу ерда жойлашган ёки қурилаётган бино ва иншоотларга татбиқ этилмайди.
Агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, гаров ҳуқуқи ер участкасига нисбатан жорий қилинади, бироқ ундаги бино ва иншоотлар алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлиши мумкин.
Агар ундирув гаровга қўйилган ер участкасига қаратилса ва шартномада бошқача шарт белгиланмаган бўлса, гаровга қўювчи ўз биноси ёки иншоотидан фойдаланиш учун зарур бўлган ер қисмидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Бундай фойдаланиш сервитут шаклида амалга оширилади.
Сервитутдан фойдаланиш шартлари гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишув билан белгиланади. Агар улар ўртасида келишмовчилик юзага келса, масала суд томонидан ҳал этилади.
Агар ипотекага қўйилган ер участкасида гаровга қўювчига эмас, балки бошқа шахсга тегишли бино ёки иншоот жойлашган бўлса, ер участкаси ундирувга қаратилиб, кимошди савдосида сотилган тақдирда ҳам ҳуқуқий муносабатлар давом этади.
Бунда гаровга қўювчининг ушбу бино ёки иншоот эгасига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ер участкасини сотиб олган шахсга ўтади.
Гаров шартномасида гаровга қўювчининг келажакда эга бўладиган ашёлари ёки мулкий ҳуқуқларини ҳам гаровга қўйиш назарда тутилиши мумкин.
Яъни гаров фақат шартнома тузилган пайтда мавжуд бўлган мол-мулк билан чекланиб қолмайди. Қонунчилик ва шартнома талабларига риоя қилинган ҳолда келажакда олинадиган айрим мол-мулк ва мулкий ҳуқуқларга ҳам гаров ҳуқуқи татбиқ этилиши мумкин.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Мустақилликнинг 35 йили: бирлик, тараққиёт ва фаровонлик сари
Бу йил халқимиз Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлайди.
Болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?
Мазкур қонун болаларга нисбатан зўравонлик тушунчасини, унинг турларини, давлат органларининг ваколатларини ҳамда ҳимоя механизмларини комплекс тартибга солди.
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.