Ҳуқуқ
18.11.2026
42

Табиий газдан фойдаланишда ҳисоблагичнинг носозлиги, ишдан чиқиши ёки уни алмаштириш зарурати истеъмолчиларда кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Айниқса, газ ҳисоблагичи бузилганда уни таъмирлаш, янгисига алмаштириш ва қайта ўрнатиш харажатларини ким қоплаши масаласи муҳим аҳамиятга эга.
Амалда айрим истеъмолчилар ҳисоблагич носозлиги аниқланганда барча харажатлар компания зиммасига юклатилиши керак, деб ўйлайди. Бироқ қонунчиликда бу масала ҳисоблагичнинг кимга тегишли экани, унинг қандай сабаб билан бузилгани ва ундан фойдаланиш тартибига қараб ҳал этилади.
Мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган табиий газдан фойдаланиш қоидалари асосида тартибга солинади.
Ҳисоблагич кимнинг мулки экани муҳим
Газ ҳисоблагичини таъмирлаш харажатларини ким қоплашини аниқлашда, биринчи навбатда, унинг мулкдори ким эканига эътибор қаратиш лозим.
Қоидаларнинг 82-бандига мувофиқ, Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ТГНҲАТ)ни жорий қилиш лойиҳаси доирасида ўрнатилган замонавий ҳисоблагичлар газ таъминоти ташкилотининг мулки ҳисобланади.
Шу сабабли, бундай ҳисоблагичлар бўйича таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатларини истеъмолчига асоссиз равишда юклаш мумкин эмас. Чунки ҳисоблагичнинг мулкдори бўлган ташкилот унинг техник ҳолати билан боғлиқ мажбуриятларни ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда бажариши керак.
Бироқ янги газлаштирилаётган хонадонларга давлат дастурлари асосида ўрнатилмайдиган ҳисоблагичлар истеъмолчининг ўз маблағи ҳисобидан сотиб олинади. Бундай ҳолатда ҳисоблагич истеъмолчининг мулки бўлиши мумкин ва уни таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар ҳам мулкдор зиммасига тушади.
Ҳисоблагични таъмирлаш ва текшириш харажатлари кимнинг зиммасида?
Қоидаларнинг 84-бандига кўра, ҳисоблагичларни алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, қиёсловдан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиш билан боғлиқ харажатлар ҳисоблагичнинг мулкдори ҳисобидан қопланади. Бунда ҳисоблагични ечиш ишлари газ таъминоти ташкилоти вакиллари томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилиши шарт.
Демак, ҳисоблагич газ таъминоти ташкилотининг мулки бўлса, тегишли харажатлар ташкилот зиммасига, истеъмолчининг мулки бўлса, унинг зиммасига юкланади.
Шунингдек, ҳисоблагичларни ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қиёсловдан ўтказиш ишлари газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланадиган техник хизмат кўрсатиш регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Ҳисоблагич бузилса, истеъмолчи қандай йўл тутиши керак?
Агар истеъмолчи газ ҳисоблагичи ишламаётганини, нотўғри кўрсаткич бераётганини ёки бошқа носозликни сезса, бу ҳақда дарҳол газ таъминоти ташкилотига хабар бериши лозим.
Ҳисоблагични ўзбошимчалик билан ечиш, таъмирлаш, пломбасини бузиш ёки бошқа ҳисоблагичга алмаштириш мумкин эмас. Чунки бундай ҳаракатлар газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин.
Қоидаларнинг 91-бандига мувофиқ, ҳисоблагичларни алмаштириш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва қиёсловдан ўтказиш мақсадида ечиб олиш газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходимлари томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.
Бунда ҳисоблагични ечиб олиш тегишли далолатнома билан расмийлаштирилиши керак. Истеъмолчи далолатномада ҳисоблагичнинг ҳолати, кўрсаткичлари ва пломбаларнинг бутлиги қайд этилганига эътибор бериши лозим.
Ҳисоблагич текширувга олинса, газ таъминоти тўхтатилиши мумкинми?
Қоидаларда бу ҳолат учун ҳам алоҳида кафолат назарда тутилган. Жумладан, 91-бандга мувофиқ, ҳисоблагич қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олинганида маиший истеъмолчиларга унинг ўрнига текширилган бошқа ҳисоблагич газ таъминоти ташкилоти ҳисобидан дарҳол ўрнатилади.
Бошқа тоифадаги истеъмолчилар эса вақтинча ўрнатиладиган ҳисоблагич харажатларини ўзлари қоплайди.
Бу қоида аҳоли хонадонларида ҳисоблагич текширувга олингани сабабли газ сарфини ҳисобга олиш имконияти йўқолиб қолмаслиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Ҳисоблагичнинг сақланиши учун ким жавоб беради?
Қоидаларнинг 86-бандида ҳисоблагич, шу жумладан, унга ўрнатилган пломбаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик истеъмолчи зиммасига юклатилган.
Бу истеъмолчи ҳисоблагични эҳтиёт қилиши, унинг ташқи таъсирлардан ҳимояланишини таъминлаши ва пломбаларнинг бутунлигини сақлаши кераклигини англатади.
Бироқ ҳисоблагичнинг истеъмолчи айби билан бузилгани автоматик равишда англашилмайди. Масалан, қурилманинг табиий эскириши, техник нуқсони ёки ишлаб чиқаришдаги камчиликлар туфайли носозлик юзага келиши мумкин. Шунинг учун таъмирлаш харажатларини истеъмолчига юклашдан олдин ҳисоблагичнинг мулкдорини ва носозлик сабабларини аниқлаш муҳим.
Ҳисоблагич яроқсиз деб топилса, нима бўлади?
Қоидаларнинг 83-бандига мувофиқ, мавжуд ҳисоблагичларни замонавий ҳисоблагичларга алмаштиришга қадар уларни ўз вақтида даврий қиёсловдан ўтказишни ташкил этиш учун жавобгарлик газ таъминоти ташкилоти зиммасига юкланган.
Агар қиёслов натижасида ҳисоблагич таъмирлаш имконияти бўлмаган даражада яроқсиз деб топилса, у аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатли органнинг тегишли хулосаси билан мулкдорига қайтарилади.
Бунда ҳисоблагичнинг яроқсизлиги ҳақидаги хулоса тегишли ваколатли ташкилот томонидан берилиши лозим. Истеъмолчи газ таъминоти ходимининг оғзаки билдириши асосида ҳисоблагични яроқсиз деб қабул қилишга мажбур эмас.
Текширув натижасидан норози бўлсангиз, қаерга мурожаат қилиш мумкин?
Истеъмолчи ҳисоблагични қиёсловдан ўтказиш натижалари ёки унинг яроқсизлиги тўғрисидаги хулосадан норози бўлса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга.
Хусусан, Қоидаларнинг 94-бандига мувофиқ, қиёслов натижаларидан норози бўлган истеъмолчи белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига ёзма мурожаат қилиб, ҳисоблагичнинг мулкдорлиги, носозлик сабаблари, таъмирлаш харажатларининг ҳисоб-китоби ва уларни тўлаш мажбуриятининг ҳуқуқий асосларини тушунтиришни талаб қилишга ҳақли.
Агар истеъмолчидан қонунчиликда назарда тутилмаган харажатларни тўлаш талаб қилинса ёки унинг ҳуқуқлари бузилса, у истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органга ҳамда судга мурожаат қилиши мумкин.
Истеъмолчи нималарни билиши керак?
Газ ҳисоблагичи бузилганда ҳар қандай ҳолатда ҳам таъмирлаш харажатларини истеъмолчи тўлаши шарт, деган хулоса нотўғри. Бунда ҳисоблагичнинг мулкдори, носозлик сабаби ва уни таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби инобатга олиниши керак.
Энг муҳими, истеъмолчи ҳисоблагич носозлиги аниқланганида уни ўзбошимчалик билан таъмирламаслиги, газ таъминоти ташкилотига хабар бериши, ечиб олиш ва текшириш жараёнида иштирок этиши ҳамда барча амаллар тегишли далолатнома билан расмийлаштирилишини талаб қилиши лозим.
Шундай экан, газ ҳисоблагичини таъмирлаш харажатларини тўлашдан олдин унинг кимга тегишли экани ва тўлов талабининг қонуний асосини аниқлаш истеъмолчининг муҳим ҳуқуқларидан биридир.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Уйини сотган одам ҳам солиқ тўлайдими?
Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Вояга етмаганлар меҳнати: муҳим қоидалар
Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, умумий қоида бўйича ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
Ёлғон ахборот тарқатиш учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Текширилмаган ёки атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш жавобгарлик белгиланган.
25 та сув омбори туризм масканларига айланиши мумкин
Ҳозирда 56 та сув омборининг бор-йўғи 4 тасида қутқарув хизмати мавжуд.