currencies image

12 886,90 UZS

53,03

usd

currencies image

14 625,34 UZS

100,30

eur

currencies image

160,87 UZS

1,16

ru



АсосийЯнгиликларЯнги нормалар: ахборот қай ҳолларда ноқонуний деб топилади?

Янги нормалар: ахборот қай ҳолларда ноқонуний деб топилади?

Life Style

calendar

26.05.2025

eye

168

Янги нормалар: ахборот қай ҳолларда  ноқонуний деб топилади?

Ўзбекистонда рақамли инфратузилманинг ривожланиши ва интернетга кириш имкониятларининг кенгайиши билан бирга, фойдаланувчилар сони кескин ошиб бормоқда. Бу жараён ахборот соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруратини янада оширмоқда.

2017–2025 йиллар оралиғида интернет фойдаланувчиларининг сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионгача ошган. Бу деярли икки баробар ўсиш бўлиб, фойдаланувчилар сонининг кўпайиши онлайн ахборот алмашинуви, ахборот тарқатиш суръатлари ва оммавий таъсирчанликнинг кучайишига олиб келмоқда.

Табиийки, бундай шароитда фуқароларнинг ҳуқуқларини, жамият ва давлат хавфсизлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишига айланади. Мана шу жараёнда янги қонунчилик ташаббуслари, хусусан, Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши айни муддао.

Бу қонун лойиҳаси ахборот маконидаги муаммоларга барҳам бериш, интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш ҳамда жамият хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.

Мақоламизда қонун лойиҳасининг 13-моддасида белгиланган муҳим нормаларидан бири — ахборотни ноқонуний контент сифатида белгилаш учун асослар ҳақида тўхталамиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу норма – бутунлай янги ҳуқуқий ёндашув эмас. Чунки бундай мазмундаги талаблар аввал ҳам амалда бўлган, жумладан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 12(1) -моддасида қатор таҳдидли ахборот турлари ноқонуний деб топилиши белгиланган эди.

Қонун лойиҳаси онлайн макондаги ахборотга оид муносабатларни тўлиқ тартибга солаётганлиги нуқтаи-назаридан 12(1)-модда ўз кучини йўқотиши назарда тутилган. Ушбу тартиблар қонун лойиҳаси орқали янгидан, тизимли ва мукаммал шаклда жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Аҳамияти ва зарурияти: давлат, жамият ва фуқаро
 хавфсизлигидаги ўрни

Маълумки, ахборот эркинлиги демократиянинг муҳим пойдевори ҳисобланади. Бироқ, эркинлик ҳеч қачон мутлақ бўлиши мумкин эмас. Эркинлик бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, жамиятнинг ахлоқий ва ҳуқуқий асосларига тажовуз қилмаслиги шарт. Ноқонуний контент айнан шу чегарани бузадиган ҳолат сифатида намоён бўлади.

Бугунги кунда онлайн майдонда тарқатилаётган ахборотлар орасида зўравонликка чақириқлар, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғатувчи баёнотлар, ўз жонига қасд қилишга даъват этувчи ёки шафқатсизликни нормаллаштирувчи тасвирлар, ёлғон маълумотлар каби ҳолатлар кенг тарқалган.

Бу ҳолатларда фақатгина техник йўл билан контентни ўчириш етарли эмас – бундай ахборотларни ҳуқуқий жиҳатдан ноқонуний деб топиш ва уларга қарши механизмларни яратиш зарур.

Янги қонун лойиҳасида, айнан ана шундай мақсадда, батафсил белгиланган ҳолда қуйидаги турдаги ахборотлар ноқонуний контент сифатида белгиланмоқда:

1) амалдаги конституциявий тузумни, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўравонлик билан ўзгартиришга чақириқларни ўз ичига олган маълумотлар;

Амалдаги Жиноят кодексининг IХ бобида – Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар айнан шу каби маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарликни назарда тутган.

2) оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган маълумотлар;

Ушбу ҳаракатлар учун ҳам Жиноят кодексида жавобгарлик белгиланган, хусусан, 244-моддада оммавий тартибсизликлар,

3) жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот;

4) уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек экстремизм, сепаратизм ғоялари, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзлари;

5) давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этувчи маълумотлар;

6) миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи маълумотлар;

7) жамиятга, давлатга, шу жумладан давлат рамзларига ҳурматсизликни кўрсатувчи номақбул шаклда ифодаланган маълумотлар;

8) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташвиқот қилувчи маълумотлар;

9) порнографик маҳсулот, шафқатсизликни тарғиб қилувчи, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этувчи маълумотлар;

10) фуқароларни, шу жумладан вояга етмаганларни, уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид соладиган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқача тарзда жалб қилишга қаратилган маълумотлар;

11) фишинг ва спам ресусрларга ҳаволаларни ўз ичига олган маълумотлар;

12) жиноий, маъмурий ёки қонунда белгиланган бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни қилишга даъват этувчи маълумотлар.”

Таъкидлаш жоизки, ноқонуний контент сифатида топиладиган маълумотлар янгилик эмас. Уларнинг мазмунидаги таҳдидлар, бузғунчи ғоялар ва жамиятга салбий таъсир кўрсатувчи хатарлар амалдаги қонун ҳужжатларида анча аввалдан ўз ифодасини топган.

Масалан, Жиноят кодексида амалдаги конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, жамоат хавфсизлигига қарши ҳаракатлар ҳамда порнографик маҳсулотларни тарқатиш мумкин эмаслиги аниқ белгиланган. Хусусан, мазкур ҳаракатлар Жиноят кодексининг IX ва XVII боблари, шунингдек 130-моддаси билан жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, фуқароларни қонунларни бузишга даъват қилиш, ҳуқуқбузарликларга ундаш ҳолатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида жазоланади.

Болаларни зарарли ахборотдан муҳофаза қилиш масаласи ҳам қонун доирасида алоҳида эътиборда — бу борада "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунда аниқ тартиб ва чекловлар белгиланган.

Ҳозирги кунда эса интернетдаги фишинг, спам ва қаллоблик хавфлари туфайли юзлаб, балки минглаб фуқаролар молиявий ва ахборот хавфсизлиги жиҳатидан жабр кўрмоқда. Айримлар шахсий маълумотларини йўқотса, бошқалар турли фирибгар схемаларга алданиб, жамият ва давлатга нисбатан ишончини ҳам йўқотмоқда. Фишинг ва спам ресусрлар тақиқ фирибгарликнинг олдини олишни кўзлайди.

Кўриниб турганидек, мазкур норма ҳозирги кунгача тарқоқ ҳолда мавжуд бўлган, ахборот тарқатилиши чекланган ҳолатларга оид нормаларни ягона рўйхат доирасида бирлаштириб, фуқароларнинг ахборот маконида хавфсизлиги ва ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Хорижий давлатлар тажрибаси: ҳуқуқий ёндашувлардаги умумийлик

Халқаро тажрибага назар ташласак, ахборотни ноқонуний деб топиш бўйича механизмлар деярли ҳар бир давлатда мавжуд. Улар одатда конституциявий тузум, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган. Бир нечта мамлакатлар мисолида кўриб чиқамиз:

Германияда 2017 йилда қабул қилинган Network Enforcement Act (NetzDG) қонуни ижтимоий тармоқларда нафратни тарқатувчи, жиноий мазмундаги ахборотни 24 соат ичида ўчириш мажбуриятини белгилайди. Бу қонун фуқароларни кибер-таҳдидлар ва радикализмдан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган.

Францияда 2021 йилда қабул қилинган “Séparatisme” қонуни жамоат хавфсизлиги ва динлар ўртасида низоларнинг олдини олиш мақсадида, интернетда тарқатиладиган маълумотларга нисбатан чекловларни кучайтирди. Унда нафрат қўзғатувчи ва жамоат тартибига таҳдид солувчи контентларга қарши ҳуқуқий чоралар белгиланган.

АҚШда сўз эркинлиги Конституция билан ҳимояланган бўлса-да, “clear and present danger” концепцияси асосида жамоат хавфсизлигига аниқ таҳдид солувчи ахборотлар (масалан, террористик даъватлар, порнография, болаларга нисбатан зўравонлик) суд қарорисиз ҳам блокланиши мумкин.

Жанубий Корея ахборот хавфсизлигига доир мустаҳкам тизимга эга бўлиб, Korea Communications Standards Commission орқали ноқонуний контентни назорат қилиш билан шуғулланади. Бу орган терроризм, порнография, зўравонлик, сохта маълумот ва давлатга таҳдид солувчи ахборотларни тезкор блоклаш ваколатига эга.

Қўшни давлат Қозоғистонда онлайн платформаларда ноқонуний контентни тарқатишни чеклаш мақсадида бир неча қонунлар қабул қилинган.

“Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги Қонунда ноқонуний ахборотлар санаб ўтилган. Унда давлат хавфсизлигига путур етказувчи, зўравонликка тарғиб қилувчи, фирибгарлик ва бошқа ахборотлар назарда тутилган.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ривожланган давлатлар нафақат сўз эркинлигини, балки жамоат хавфсизлигини таъминлаш, интернетда нафрат, сохта маълумот ва зўравонликни чеклаш борасида қатъий ҳуқуқий чоралар кўрмоқда.

Ўзбекистонда ҳам интернет фойдаланувчилари сони охирги саккиз йилда икки бараварга ошганини ҳисобга олсак, фуқаролар ҳуқуқларини онлайн маконда ҳимоя қилиш нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий ва ахлоқий заруратга айлангани яққол намоён бўлади.

Ҳар қандай янги қонун ижтимоий буюртманинг ифодаси бўлиши керак. Бу лойиҳа — айнан шундай эҳтиёжга жавоб. Энди масала унинг қабул қилиниши ва ҳаётга тўлақонли жорий этилишида. Чунки рақамли хавфсизлик — бу шунчаки техник масала эмас, балки инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлашдаги энг замонавий йўналиш ҳисобланади.

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2025, 12:44
2 185

Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб

“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.


30-апрел 2025, 05:02
1 849

Олий суд пленуми мажлисида Lex.uz сайти фаолияти таништирилди

Lex.uz сайти ҳозирги вақтда республикада ягона электрон шаклдаги расмий манба ҳисобланади. Сайтга бир тилда 50 мингдан ортиқ ҳужжатлар жойлаштирилган.


9-май 2025, 09:48
1 189

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.


7-май 2025, 10:21
1 129

“Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланади

Сўнгги 7 йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ 6 карра ошгани ва жорий йилда 42 триллион сўмга етгани таъкидланди.