Ҳуқуқ
13.03.2024
1 381
Меҳнат қонунчилигида ҳомиладор ва ёш болали аёлларга бир қатор қўшимча кафолат ва имтиёзлар тақдим қилинган. Мазкур кафолат ва имтиёзларни кўриб чиқамиз.
2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар учун кафолат ва имтиёзлар:
• 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади (Меҳнат кодексининг 150-моддаси).
• 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи икки ёшга тўлгунга қадар аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказилади (МКнинг 227-моддаси).
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.
Бола парвариши бўйича нафақа парвариш қилинаётган болалар сонидан ва нафақа олувчи шахснинг меҳнат стажидан қатъи назар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 60 фоизи миқдорида тўланади.
ДИҚҚАТ!
Бу нафақа бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга тўланмайди (МКнинг 234-моддаси).
2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар 3 соатда бир марта, ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. 2 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади (МКнинг 236-моддаси).
3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар учун кафолат ва имтиёзлар:
• Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди (МКнинг 84-моддаси).
• 3 ёшга тўлмаган болалари бор, буджет ҳисобидан молиявий таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади (МКнинг 2281-моддаси).
• Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади (МКнинг 234-моддаси).
• Ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно. Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади (МКнинг 237-моддаси).
Меҳнат қонунчилигида 2-3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллардан ташқари, 12 ёки 14 ёшга тўлмаган болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган аёлларга ҳам айрим кафолатлар назарда тутилган. Булар қуйидагилардир:
• 14 ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра ёз вақтида ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади (МКнинг 144-моддаси).
Ҳомиладор аёлларни ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилиш ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади (МКнинг 228-моддаси).
Ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан қарамоғида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси (119-модда) белгилашга мажбурдир (МКнинг 229-моддаси).
12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади (МКнинг 232-моддаси).
12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин (МКнинг 232-моддаси).
Музработ туман адлия бўлими
юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи: A.Yunusov
Улашиш:
Бошқалар
Ўқишини кўчиришга оид: муҳим 7 саволга жавоб
Ўзим яшайдиган ҳудудга ўқишимни кўчирсам, ўқишни тўлов-контрак асосида давом эттираманми?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
“Жасорат мактаблари”га ўқувчилар танлаб олинади
Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.