currencies image

11 857,35 UZS

33,83

usd

currencies image

13 746,23 UZS

7,11

eur

currencies image

139,32 UZS

2,51

ru



АсосийЯнгиликларЁш мутахасисларга ишга киришларида қандай қўшимча имкониятлар тақдим этилади?

Ёш мутахасисларга ишга киришларида қандай қўшимча имкониятлар тақдим этилади?

Ҳуқуқ

calendar

18.08.2026

eye

33

Ёш мутахасисларга ишга киришларида қандай қўшимча имкониятлар тақдим этилади?

2026 йилдан бошлаб таълим соҳасида фаолият юритувчи ёш мутахассисларни рағбатлантириш ва уларнинг касбий салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий янгилик жорий этилди. Хусусан, Ҳукуматнинг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарори билан бакалавриат ва магистратура босқичларини юқори натижалар билан тамомлаган ҳамда биринчи марта таълим ташкилотига ишга кираётган битирувчиларга малака тоифаларини беришнинг махсус тартиби белгиланди.

Мазкур тартибнинг ҳуқуқий аҳамияти шундаки, энди ёш мутахассиснинг таълим ташкилотига биринчи марта ишга кириши унинг касбий салоҳиятини яна бир неча йиллик иш стажи орқали исботлашини кутиш билан чекланмайди. Аксинча, унинг олий таълим олиш жараёнида эришган юқори академик натижалари ҳам касбий малакасини баҳолашнинг ҳуқуқий асосларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Жумладан, бакалавриат босқичини имтиёзли диплом билан тамомлаган ва биринчи марта таълим ташкилотига ишга кираётган битирувчига иккинчи малака тоифаси берилиши белгиланган. Бу норма, аввало, ўқиш даврида юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшларни таълим соҳасига жалб этишга хизмат қилади.

Шунингдек, магистратурани тамомлаган, барча фанлардан ҳамда аттестациядан «5» (аъло), яъни 90–100 балл натижа кўрсатган ва биринчи марта таълим ташкилотига ишга кираётган битирувчига биринчи малака тоифаси берилади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан мазкур имтиёз магистратура босқичида юқори академик натижа кўрсатган мутахассиснинг касбий тайёргарлик даражасини тан олишнинг муҳим шакли ҳисобланади.

Айни вақтда ушбу нормани қўллашда белгиланган шартларга қатъий риоя қилиш муҳим. Хусусан, малака тоифасини ушбу махсус тартибда олиш учун битирувчининг тегишли таълим босқичини белгиланган натижалар билан тамомлаган бўлиши ҳамда таълим ташкилотига биринчи марта ишга кираётган бўлиши талаб этилади. Демак, мазкур ҳуқуқ ҳар қандай иш тажрибасига эга шахсга эмас, балки белгиланган мезонларга жавоб берадиган янги битирувчига татбиқ этилади.

Умуман олганда, 2026 йилдан жорий этилаётган ушбу тартиб таълим тизимига юқори билим ва салоҳиятга эга ёш кадрларни жалб қилишнинг ҳуқуқий рағбатлантириш механизмларидан бири сифатида намоён бўлади. Энг муҳими, мазкур ёндашув «яхши ўқиш — касбий имкониятнинг кенгайиши» тамойилини амалда мустаҳкамлайди. Бу эса таълим сифатини ошириш, ёш педагогларни қўллаб-қувватлаш ва таълим ташкилотларида рақобатбардош кадрлар таркибини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Бекжон Исмаилов

Улашиш: