Life Style
24.07.2026
55

Уй-жойни ижарага бериш ёки ижарага олишда энг муҳим ҳужжат бу — ижара шартномасидир. Айрим фуқаролар таниш-билиш ёки ишончга асосланиб оғзаки келишув билан чекланади. Бироқ амалиёт шуни кўрсатадики, кейинчалик ижара ҳақини тўлаш, коммунал хизматлар, уй-жойга етказилган зарар ёки шартномани муддатидан олдин бекор қилиш каби масалаларда айнан ёзма шартноманинг мавжудлиги томонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шартномада уй-жой ҳақида аниқ маълумотлар ёзилиши муҳим
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ, уй-жойни ижарага бериш шартномасида аввало томонларнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ ва аниқ кўрсатилиши лозим. Ижарага берувчи ҳам, ижарачи ҳам ўзининг паспорт ёки ID-карта маълумотлари, яшаш манзили ҳамда алоқа учун телефон рақамларини шартномада акс эттириши мақсадга мувофиқ. Бу келажакда юзага келиши мумкин бўлган низоларда томонларни аниқлашни осонлаштиради.
Шартномада ижарага берилаётган уй-жой ҳақидаги маълумотлар ҳам батафсил ёзилиши керак. Уйнинг тўлиқ манзили, квартира рақами, хоналар сони, умумий майдони ҳамда имкони бўлса кадастр маълумотлари кўрсатилиши шарт. Бу қайси объект ижарага берилганини аниқ белгилаб беради ва тушунмовчиликларнинг олдини олади.
Ижара муддатини аниқ белгиланг
Ижара муддати ҳам шартноманинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Унда ижаранинг қачон бошланиши, қачон тугаши, муддатни узайтириш тартиби ва шартномани муддатидан олдин бекор қилиш шартлари аниқ кўрсатилиши лозим. Шунингдек, ойлик ижара ҳақи, уни қайси санагача ва қай тарзда тўлаш, коммунал хизматлар учун ким масъул экани ҳам олдиндан келишиб олиниши керак.
Депозит (кафолат пули) бўлса, шартномага киритинг
Агар уй эгаси кафолат сифатида депозит пули олса, унинг миқдори, қайтариш тартиби ва қайси ҳолларда ушлаб қолиниши шартномада алоҳида қайд этилиши мақсадга мувофиқ. Бу келажакда маблағни қайтариш билан боғлиқ келишмовчиликларнинг олдини олади.
Уйдаги жиҳозларни рўйхатини тузиш тортишувлар олдини олади
Ижарага берилаётган уйда мебел, маиший техника ёки бошқа жиҳозлар мавжуд бўлса, уларнинг рўйхатини шартномага илова қилиш тавсия этилади. Масалан, музлатгич, кир ювиш машинаси, кондиционер, телевизор, газ плита ва бошқа буюмлар қайси ҳолатда топширилгани қайд этилса, кейинчалик уларнинг йўқолиши ёки шикастланиши юзасидан тортишувлар камаяди. Шунингдек, қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузиш ва уйнинг ҳолатини фотосуратлар орқали қайд этиш ҳам фойдали ҳисобланади.
Таъмирлаш ишлари бўйича масъулиятни ҳам шартномада олдиндан белгилаб қўйиш муҳим. Одатда капитал таъмир уй эгасининг, кундалик жорий таъмир эса ижарачининг зиммасида бўлади. Бироқ томонлар ўзаро келишувга кўра бошқача шартларни ҳам белгилашлари мумкин. Шунинг учун бу масала шартномада аниқ ёзилиши лозим.
Уйдан фойдаланиш шартларини белгиланг
Шунингдек, уй-жойдан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги, уни бошқа шахсларга қайта ижарага беришга рухсат этилиши ёки тақиқланиши, уй ҳайвонлари сақлаш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш ёки хонадондан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш мумкинлиги каби шартлар ҳам олдиндан келишиб олинса, келажакдаги баҳсларнинг олди олинади.
Зарур ҳужжатларни сақлаб қўйинг
Ижара муносабатлари давомида ижара ҳақи тўланганини тасдиқловчи чеклар, банк ўтказмалари, ёзишмалар ва бошқа ҳужжатларни сақлаб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки низо келиб чиққан тақдирда айнан шу ҳужжатлар томонларнинг ўз позициясини исботлашига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, уй-жойни ижарага бериш шартномаси қанчалик аниқ ва пухта тузилса, томонлар ўртасидаги муносабатлар шунчалик барқарор бўлади. Ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг олдиндан белгилаб қўйилиши ортиқча тортишувлар, вақт ва молиявий йўқотишларнинг олдини олади. Шу боис ижара шартномасини расмийлаштиришга жиддий ёндашиш ҳам уй эгаси, ҳам ижарачи манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг самарали усули ҳисобланади.
Феруз Жўраев,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.