#NoComment
25.09.2025
257

Ёшлар – тараққиётнинг асосий кучи. Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Фармонда таълим, касбий ривожланиш, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
Қуйида ёшлар учун энг долзарб ўзгаришлар ва улар тақдим этадиган имкониятлар ҳақида сўз юритамиз.
Президент Фармонига мувофиқ, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда. Энди уларнинг асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйилди ва барча саъй-ҳаракатлар ёшларнинг манфаатига қаратилди.
Ёшлар етакчилари, аввало, ёшларнинг ўз имкониятларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади. Бунинг учун жамият учун фойдали ва умуммиллий манфаатларга хизмат қиладиган лойиҳалар маҳалла даражасида амалга оширилади.
Мазкур ташаббуслар ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларни жамият тараққиётида иштирок этишга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ёшларнинг шахсий ривожланиши, иқтидори ва истеъдодини тўлиқ очиб бериш ҳам етакчиларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу мақсадда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади, инновацион ғояларни амалга оширишга шароит яратилади.
Фармонда алоҳида таъкидланган “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшлар орасида кенг тарғиб қилиниб, уларнинг билим, салоҳият ва ижодий имкониятларини намоён қилиш учун катта майдонга айланади.
Шу билан бирга, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар учун кўрсатиладиган ёрдам ижтимоий ҳамкорлик тамойили асосида амалга оширилади. Бу орқали давлат органлари, маҳалла, таълим муассасалари ва хусусий секторнинг имкониятлари бирлаштирилиб, ёшларга мақсадли ва манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Фармондаги яна бир муҳим жиҳат: ёшлар етакчиларига асосий вазифаларига алоқаси бўлмаган ортиқча топшириқлар юкланиши тақиқланди.
2026 йил 1 февралга қадар “Ёшлар ягона электрон платформаси” ишга туширилади.
Бу платформа ёшларга оид барча маълумот ва хизматларни бир жойда жамлайдиган ягона рақамли тизим бўлади. Унинг асосий мақсади ёшларнинг таълим, бандлик, ижтимоий ҳолати ва ривожланишига оид маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва самарали бошқаришдан иборат.
Платформа орқали мамлакатдаги ёшлар ҳақидаги “Ёшлар баланси” шакллантирилади. Бу орқали ёшларнинг демографик ҳолати, таълим даражаси, бандлиги ва ижтимоий шароити тўлиқ қамраб олинади.
Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлиги баҳоланади, социологик сўровлар ўтказилиб, натижалар автоматик таҳлил қилинади.
Ёшлар учун яратиладиган имтиёзлар, грантлар, стипендиялар ва ривожланиш имкониятлари ҳақидаги барча маълумотлар ҳам платформа орқали очиқ тақдим этилади. Шахсга оид сўровлар рақамли тарзда сақланиб, маълумот хавфсизлиги таъминланади.
2026 йил 1 февралдан “Ёшлар дафтари” жамғармаси орқали тақдим этиладиган барча ижтимоий ёрдамлар тўлиқ рақамли тарзда амалга оширилади. Эндиликда ёшлар моддий ёрдам, грант ёки бошқа қўллаб-қувватлаш учун аризаларни қоғозбозликсиз, онлайн шаклда тақдим этиш имкониятига эга бўлади.
Барча маъмурий жараёнлар – ариза топшириш, уни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш – Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда “Ёшлар ягона электрон платформаси” орқали амалга оширилади.
Бу эса ёшлар учун хизматларни янада тезкор, қулай ва шаффоф қилади.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши бўйича миллий маъруза тайёрланиб, ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни арафасида эълон қилинади. Бу амалиёт ёшлар сиёсатида очиқлик, таҳлил ва самарадорликни таъминлашга қаратилган.
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Топ-100 хорижий олийгоҳлар битирувчиларига ипотека имтиёзи: кимларга берилади ва қандай ишлайди?
Қарорга мувофиқ, мазкур давлат дастурининг субъектлари доираси қатъий белгиланган бўлиб, номзод бир вақтнинг ўзида айрим юридик фактлар (шартлар)га мувофиқ келиши талаб этилади.
Никоҳ шартномаси — оилавий барқарорлик ва ўзаро ишонч кафолати
Замонавий жамиятда ҳаёт суръати тезлашиб, инсонларнинг турмуш тарзи ҳам сезиларли даражада ўзгармоқда.