Life Style
12.03.2025
74
Локал ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муносабатлардан глобал муносабатларга кўчган бугунги дунёда чет тилларини билиш ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар учун муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Давлатлар, халқаро ташкилотлар, компаниялар ва шахслар ўртасидаги ўзаро яқин ҳамкорлик қилишга бўлган саъй-ҳаракатлар, билим ва тажриба алмашишга бўлган интилиш бу прогресга импульс бериб турувчи ядро бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда инглиз, хитой, немис, француз ва бошқа халқаро тилларни билиш таълим, касбий фаолият ва шахсий ривожланиш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Дунё бўйлаб чет тилларини ўрганишга бўлган талаб ортиб бораётганининг асосий сабаблари орасида халқаро ҳамкорликнинг ривожланиши, рақамли технологияларнинг оммалашуви ва хорижий мамлакатлардаги таълим имкониятларига бўлган қизиқишнинг ўрни катта, шубҳасиз.
Буни давлатимиз кесимида оладиган бўлсак, сўнгги йилларда О’збекистондаги ёшлар орасида инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошди. Ҳукумат томонидан ёшларнинг тил ўрганиши учун яратилаётган шароитлар ва илгари сурилаётган дастурлар, хорижий университетлар билан ҳамкорлик кучайтирилаётгани бу жараённи рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу сабабли, бугунги мақолада чет тилини яхши биладиган ёшларнинг жамиятдаги ўрни, бу борадаги афзалликлар ва муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўз юритиш мақсадга мувофиқ иш бўлади.
Бугунги кунда чет тилини яхши биладиган ёшлар ривожланган ва ривожланаётган жамиятларнинг энг муҳим қатламларидан бирига айланмоқда. Уларнинг таълим, касбий ривожланиш ва маданий интеграция жараёнидаги роли қуйидаги жиҳатларда намоён бўлади:
Чет тилини яхши биладиган ёшлар хорижий адабиётларни ўқиш ва илмий тадқиқотларга мустақил киришиш имконига эга бўладилар. Масалан, инглиз тилини билиш дунёдаги етакчи университетларда таълим олиш, илмий конференцияларда қатнашиш ва инновацион технологияларни ўрганиш имконини яратади. Хусусан, Ўзбекистонда кўплаб ёшлар халқаро грантлар орқали АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларда таҳсил олиш имкониятига эга бўлаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Бугунги кунда кўплаб халқаро компаниялар чет тилларини мукаммал биладиган иқтидорли мутахассисларни излайди. ИТ, бизнес, тиббиёт, муҳандислик ва бошқа кўплаб соҳаларда тил билиш халқаро рақобатбардош бозорда имкониятлар пакетини кенгайтиради. Масалан, Google, Microsoft, Amazon каби йирик компаниялар халқаро тилларни биладиган мутахассисларга катта эҳтиёж сезиши охирги статистиc маълумотлардан аён.
Чет тилини билиш ёшларни нафақат касбий, балки маданий жиҳатдан ҳам ривожлантиради. Улар турли мамлакатларнинг маданияти, қадриятлари ва анъаналарини ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса миллатаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Масалан, кўплаб ёшлар халқаро дастурлар, талабалар алмашинуви ва коньференцияларда иштирок этиб, турли давлат вакиллари билан мулоқот қилиш орқали дунёқарашини кенгайтирмоқдалар. Бу эса уларнинг бошқа мамлакатлар маданияти, қадриятлари ва анъаналарини ўрганишига, ўз маданиятини эса бутун дунёга танитишига ёрдам беради.
Қуйидаги халқаро дастурлар айнан маданий алмашинувга қаратилган:
• Эрасмус+ (Европа Иттифоқи дастури) – Талабалар ва ёш мутахассислар учун Европа давлатларида ўқиш, амалиёт ўташ ва маданий алмашинув қилиш имкониятини беради.
• Fulbright дастури (АҚШ) – АҚШ ҳукумати томонидан ташкил этилган дастур бўлиб, хорижлик талабалар ва олимларга АҚШда таҳсил олиш ёки тадқиқот олиб бориш имконини яратади.
• Work and Travel USA – Талабаларга АҚШда ёзги мавсумда ишлаш ва мамлакат маданиятини ўрганиш имкониятини беради.
• AIESEC – Ёшлар учун етакчилик ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш имкониятини яратадиган глобал ташкилот.
Ушбу дастурлар ёшларнинг глобал дунёқарашини кенгайтириш, бошқа маданиятлар билан бевосита танишиш ва халқаро дўстлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари чет тилини билиш ёшларни хорижий адабиётлар, санъат, кино ва мусиқа оламидан баҳраманда бўлиш имкониятини ҳам яратади. Бу эса уларнинг маданий дунёқарашини янада бойитади. Чет тилини билиш ёшлар учун Шекспир, Достоевский, Кафка ёки Марк Твен каби буюк ёзувчиларнинг асарларини асл ҳолида ўқиш имконини беради. Тадқиқотларга кўра таржима қилинган адабиётларга нисбатан, ўз тилида ўқилган китоблардаги муаллифнинг фикрларини тушьуниш анча мукаммал даражада бо’лади.
Бугунги глобал интернет даврида чет тилларини билиш ёшларни глобал ахборот майдонига яъни жуда катта маълумотлар платформасига олиб чиқади. Мисол учун, Google Scholar, Coursera, Udemy каби платформалардаги дарсликлар, илмий мақолалар ва курслар асосан инглиз тилида тақдим этилади. Тил билган ёшлар бундай билим манбаларидан чекловларсиз фойдаланиш ва ўз устида ишлаш имкониятига эга бўладилар.
Хулоса қиладиган бўлсак, чет тилини мукаммал ўрганиш ёшларни замонавий жамиятнинг ажралмас қисмига айлантиради. Уларнинг таълим, карера ва маданий ривожланишини рағбатлантиради, сифатли таълим ресурслари, жонли амалиёт муҳити ва таълимга бўлган улкан мотивация билан таъминлайди. Келажакда чет тилини мукаммал биладиган ёшлар нафақат ўз келажагини, балки бутун жамиятнинг тараққиётининг драйверига, локомотивига айланади. Шу сабабли, ҳар бир ёш чет тилини ўрганишга онгли ёндашиб, доимий ўз устида ишлаши давр талабидир.
Ноила Мустафоева,
Тошкент давлат юридик университети
Хорижий тиллар кафедраси доцент в.б.
Улашиш:
Бошқалар
“Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади
2025 йил 1 мартгача тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади.
Ипотека кредитлари учун субсидия олишга аризалар қабули бошланади
Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризаларни 3 март куни соат 09:00дан бошлаб жўнатиш мумкин.
Рўйхатдан ўтган такси ҳайдовчилари учун қулайлик
Солиқ қўмитаси маълум қилишича, ўзини ўзи банд қилган таксистларнинг 2024 йилда даромади 100 миллион сўмдан ошган бўлса ҳам, 2025 йилда ҳисоб-китоб қайтадан бошланади. 2025 йил давомида 100 миллион сўмгача бўлган даромад солиққа тортилмайди.
Ишланмайдиган байрам ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 209-моддасига асосан дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш таъқиқланади.