currencies image

12 694,97 UZS

40,84

usd

currencies image

14 878,50 UZS

60,51

eur

currencies image

161,60 UZS

0,42

ru



АсосийЯнгиликларЁз келяпти: меҳнат таътили ҳақида муҳим 9 саволга жавоб

Ёз келяпти: меҳнат таътили ҳақида муҳим 9 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

24.05.2024

eye

1 131

Ёз келяпти: меҳнат таътили ҳақида муҳим 9 саволга жавоб© Фото: hudud24.uz / habikatura

Ёз яқин, болалар мактабдан таътилга чиқиши баробарида катталар ҳам меҳнат таътилларини кўпинча ёзда олишади. Hudud24.uz муаллифи Дилмурод Ражабоев таътиллар мавзусига оид муҳим саволларга ҳуқуқий жавоб беради.

1. Таътилларнинг қандай турлари мавжуд?

Таътилларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

– ҳар йилги асосий меҳнат таътили;

– ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили;

– ижтимоий таътиллар;

– иш ҳақи қисман сақланадиган таътил;

– иш ҳақи сақланмайдиган таътил.

Таътилларда бўлган даврда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолади ва бу даврда иш берувчи ходимни ишдан бўшатиши мумкин эмас.

2. Асосий таътилнинг муддати қанча?

Ҳар йилги асосий меҳнат таътилининг энг ками 21 календарь кун бўлиши керак.

Қуйидагиларга ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади:

18 ёшгача бўлган шахсларга — ўттиз календарь кун;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга — ўттиз календарь кун.

давлат органлари ходимларига – 27 календарь кун

айрим педагогларга – 56 календарь кун.

Ходимга битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун қўшимча 2 календарь кундан таътил берилади. Ушбу таътилнинг муддати 8 календарь кундан кўп бўлмаслиги керак. Масалан ходим корхонада 20 йилдан бери ишлайди, унга ҳар 5 йил учун қўшимча 2 кундан таътил берилади ва бу 8 календарь кун бўлади, 25 йил ишласа ҳам 8 календарь кун берилади, ундан ошмайди.

3. Ноқонуний ишдан бўшатилган ходим учун таътил қандай ҳисобланади?

Ходим қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилса, бошқа ишга ўтказилса ёки ишдан четлаштирилса ва келгусида аввалги ишига тикланса мажбурий прогул вақти йиллик асосий ва қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Масалан, ходим 2024 йил январда ишдан ноқонуний бўшатилган бўлса ва 2024 йил декабрда ишга қайта тикланса, ўртадаги қарийб 12 ой муддат учун ходимга меҳнат таътили ҳисобланади.

4. Дастлаб ишга кирганда таътил қанча вақтдан кейин берилади?

Биринчи иш йили учун меҳнат таътилини ходим 6 ой ишлаганидан кейин олиши мумкин бўлади. Иш берувчи билан келишган ҳолда 6 ой ўтгунигача ҳам меҳнат таътили берилиши мумкин.

6 ой ўтгунигача ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларга ҳар йилги меҳнат таътили мажбурий берилади:

– аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;

– 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга;

– 18 ёшдан кичик бўлган шахсларга;

– резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга;

– 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга;

– ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга;

– жамоа келишувларида, шунингдек, жамоа шартномасида ёхуд ички ҳужжатларда белгиланган бошқа ҳолларда бошқа ходимларга.

5. Таътил вақти ҳақида ходим қанча вақт олдин хабардор қилиниши керак?

Иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили иш берувчи ва ходим учун мажбурий бўлган таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатига мувофиқ берилади.

Ходим ҳар йилги меҳнат таътили бериладиган вақт тўғрисида таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак.

6. Таътилни кейинги йилга кўчириш мумкинми?

Ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак.

Ишлаб чиқариш сабабларига кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаганида, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин.

7. Таътил муддатини ўзгартириш мумкинми?

Ходимлар қуйидаги ҳолларда ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга:

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;

ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда;

ҳар йилги меҳнат таътили ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;

давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажараётганда;

жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Меҳнат таътилидан фойдаланишга монелик қилувчи сабаблар таътил бошлангунигача келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади.

Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиқса, таътилнинг қолган кунлари узайтирилади ёки таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

Ходим меҳнат таътилидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган, юзага келган сабаблар тўғрисида иш берувчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

8. Таътилни бўлиб олиш тартиби қандай?

Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда таътилнинг бир қисми

14 календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

9. Таътилдан чақириб олиш мумкинми?

Меҳнат таътилидан чақириб олишга таътилнинг исталган вақтида фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки кейинги иш йилида берилиши керак.

18 ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Улашиш: