Содда талқин
08.10.2025
44
Меҳнат бозоридаги ҳар бир ходим ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши зарур. Шунингдек, ҳар битта шахснинг шахсий (оилавий) ишлари ҳамда дам олиш ҳуқуқи бор. Меҳнат таътили, дам олиш вақтлари ва иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар каби. Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни истаган пайт олиш мумкинми? Қанча муддатга берилади? Бунда иш берувчининг розилиги керак бўладими? Hudud24.uz иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиш тартиби ҳақида тушунтириш беради.
1. Иш ҳақи сақланмайдиган таътил нима?
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади. Ўз номидан кўриниб турибдики, иш ҳақи сақланмайдиган таътилда ходим ишламайди ва шунга яраша ойлик маош ҳам олмайди, аммо ишламаганлиги учун ёки ишга келмаганлиги учун жавобгарлик белгиланмайди.
2. Бундай таътилни хоҳлаган пайт олиш мумкинми?
Ходимнинг ёзма аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин. Лекин бу ходим ўзи хоҳлаган пайтда ва вақтда иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиши мумкинлигини англатмайди. Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Шундай экан, ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилни асослантирган ҳолда кўрсатиши ва иш берувчи билан келишган ҳолдагина олиши мумкин.
3. Таътил қанча муддатга берилиши мумкин?
Иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан бошлаб календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак. Масалан, шу йили ходимнинг иш ҳақи сақланмайдиган таътили муддати тугаган бўлса, у кейинги йили 1 январдан бошлаб яна иш ҳақи сақланмайдиган таътилни иш берувчи билан келишган ҳолда олиши мумкин.
Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра, иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ кўпи билан олти ойгача кўпайтирилиши мумкин.
4. Иш берувчининг розилиги қачон талаб этилмайди?
Ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил қуйидагиларга мажбурий тартибда берилади:
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили 14 календарь кунгача;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — ҳар йили 14 календарь кунгача;
- икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига;
- ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар болани ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онасининг бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга) — ҳар йили 14 календарь кунгача;
- қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ходимларга.
Ушбу ходимлар иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишни хоҳлаган пайтидан таътил олиши мумкин бўлади, яъни бунда иш берувчининг розилиги талаб қилинмайди.
Саламат Туремуратов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Судларга мурожаат қилишда ногиронлиги бўлган шахслар қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эгалар?
Ногиронлиги бўлган шахсларга судларга алоҳида ўзлари мурожаат қилинган ҳолларда мазкур имтиёз қўлланилмайди.
Жисмоний ва юридик шахслар учун адвокат билан шартнома тузишда билиши зарур бўлган муҳим фактлар
Адвокат билан тузиладиган шартнома — ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга соладиган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Айирбошлаш шартномасини тузиш тартиби қандай?
Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади.
Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи
Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.